ru uz
Ўсмирликда қандли диабед

Қандли диабет – организмда инсулин етишмовчилиги натижасида қондаги қанд миқдорининг кўтарилиши билан кечадиган моддалар алмашинуви касаллигидир. Қандли диабет икки хил бўлади: инсулингга боғлиқ (1-тур) қандли диабет (ИБКД), инсулинга боғлиқ бўлмаган (2-тур) қандли диабет (ИББКД). Биз асосан ИБКД тўғрисида сўз юритамиз. Беморлар қонида қанд миқдорининг кўтарилишига инсулиннинг суст ишлаб чиқарилиши сабаб бўлади. Инсулин – меъда-ости безида ишлаб чиқариладиган, қонда қанд миқдорини пасайтирадиган гормондир.

Бу эндокрин без меъда ортида жойлашган. Меъда ости бези организмдаги муҳим функцияларни бажарилишини таъминловчи гормонларни ишлаб чиқарувчи эндокрин тизими аъзоси бўлиб ҳисобланади. Меъда ости бези таркибида инсулин ишлаб чиқарувчи бета-ҳужайралар мавжуд. Организмдаги асосий қанд манбаи бўлиб, таркибида углевод тутувчи турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади. Овқат аввал меъда, сўнгра ичакка тушиб, бу ерда глюкозага айланади ва қонга ўтади. Биз учун глюкоза ёқилғи вазифасини бажаради. Бу ёқилғи тана ҳужайраларида ўзлаштирилиб, ҳароратни ушлаб туришга, ҳаракатга, ақлий ва жисмоний ишга, яъни барча ҳаётий зарур жараёнга сарфланади.

Ташхис

Беморда шикоятига қўшимча равишда қандли диабет ташхисини тасдиқлаш учун, иккинчи марта аниқланган қондаги қанд миқдорининг юқорилиги етарлик ё наҳорга ёки тасодифий, яъни куннинг ихтиёрий вақтида аниқланган қанд кўрсаткичига ҳам эътибор қаратилади.

1-турдаги қандли диабет ёшлар диабети деб номланади. Чунки, хасталикнинг бу тури асосан ёшларда ва болаларда ривожланади. Лекин касаллик турли хил ёшда ҳам ривожланиши мумкин. Ҳар хил касалликлар, руҳий зўриқиш (стресс)лар унинг ривожланишига сабаб бўлади. Аммо баъзан диабет тўлиқ барқарорлик фонида ҳам ривожланади. Бу қувватсизлик, тез чарчаш, доимий чанқаш ва оғиз қуриши, тез-тез пешоб ажратиш, тана вазнининг камайиши, кўришнинг бузилиши ва албатта қондаги қанд миқдорининг кўтарилиши билан кечади.

Тавсиялар

Амалиётда ҳатто жуда кичик ёшдаги болаларда ҳам глюкозанинг бир кеча-кундузлик миқдорини ҳафтада бир марта аниқлаш тавсия этилади. Яъни, қондаги қанд миқдори овқатдан аввал ва овқатдан 1,5-2 соат кейин ҳамда бир маҳал тунда соат 2 билан 3 оралиғида ўлчанади. Агарда қондаги қанд миқдори соатнинг маълум бир вақти учун аниқ бўлса, бундан аввалги қилинган инсулин ёки инсулинлар миқдори етарли бўлишига эътибор қаратиш зарур. Қондаги қанд миқдорига қараб (қондаги қанд миқдори меъёрда, гипогликемия, гипергликемия) айнан шу вақтда керак бўладиган инсулин миқдорини танлаш, жисмоний юкламадан олдин инсулин дозасини ёки овқатланишни ўзгартириш, касаллик вақтида инсулин дозасини қай тарзда ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўриш керак.

Инсулин дозалари

Энг муҳими қандли диабетга чалинган бемор учун инсулин дозасини мўлжаллашни ўрганиб олиш, яъни мустақил равишда диабетни бошқариш керак. Бунда Сизга «Диабет мактаби»да олган билимингиз ёрдам беради. Бу ерда сиз амалиётда мунтазам қонда қанд миқдорини аниқлашга, тўғри овқатланишга ва инсулин билан даволашни ўрганиб оласиз. Бу эса Сизга қонда қанд миқдорини меъёрида сақлаш имконини беради.

Ёдда тутинг, инсулин дозаси доимий бир хилда бўлмайди. Уларнинг дозалари, айниқса қисқа ва ўта қисқа инсулинларни қўллашда миқдор доимо ўзгариб туради. Шу билан бирга диабетга оид китобларда келтирилган ўрта статистик маълумотларга ҳар доим ҳам суяниб бўлмайди. Унутманг айни шу дозалар аниқ Сизга ёки сизнинг фарзандингизга тўғри келмаслиги мумкин.

Эрталабки нонуштадан олдинги қанд миқдорини меъёри, тунги гипогликемиянинг йўқлиги, кечки узайтирилган инсулин дозасининг тўғрилигини исботлайди. Албатта, бунда уйқудан олдинги қондаги қанд миқдори ҳам меъёрида бўлиши шарт. Кечки олинган инсулин эрталабгача шу меъёрни таъминлаб туради.

Агарда тушликдан олдин қонда қанд миқдори меъёрда бўлса ва унинг шу кўрсаткичи кечки овқатгача сақланса, демак доза тўғри аниқланган бўлади.

Узоқ муддат таъсир этувчи инсулин дозасини аниқлаб бўлгандан кейин, овқатдан олдин юбориладиган қисқа ёки ўта қисқа муддат таъсир этувчи инсулин дозасини баҳолаш мумкин. Буни амалга ошириш учун қондаги қанд миқдорини овқат тановвул қилгандан сўнг 2 соат ўтгач ёки кейинги овқатланиш олдидан (5-6 соат ичида) аниқлаш керак бўлади. Қондаги қанд миқдорини кечки овқатдан олдин аниқлаш тушликдан олдин қилинган қисқа (ёки ўта қисқа инсулин) дозасини баҳолаш имконини беради. Анъанавий усулда эса эрталабки узоқ муддат таъсир этувчи инсулин баҳоланади.

Хасталик профилактикаси

1-турдаги қандли диабетни олдини олиб бўлмайди. Агар оилада 1-тур қандли диабет билан хасталанган киши бўлса, фарзандингизни чиниқтиришга ҳаракат қилинг. Чунки, шамоллаш касалликлари иммунитети суст болалар ва ўсмирларда соғломларга нисбатан қийинроқ кечади. Лекин чиниққан бола ҳам диабет билан хасталаниши мумкин. Фақат касалланиш хавфи чиниқмаган болага нисбатан камроқ бўлади.

 

 

Манба:  soglom.uz

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Ноябрь 2019
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1