ru uz
Оғир металлар ва мишьякдан заҳарланиш

Санитария токсикологияси нуқтаи назаридан олганда, оғир металлар орасида юқори заҳарлиликка эга бўлиб,  озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга узоқ вақт тушганида организмда тўпланишга қодир ва узоқ вақтдан кейин чиқадиган – мутаген ва канцероген асоратлар қолдирувчи (мишьяк ва қўрғошинда) қўрғошин, симоб ва кадмий, шунингдек мишьяк (анъанавий равишда мажмуада кўриб чиқилувчи) жуда катта аҳамиятга эгадир.

Озиқ-овқатларнинг баъзи бир турларида ҳам бошқа оғир металлар: тунука ва хромланган идишларга консерваланган маҳсулотлардаги  қалай ва хром, гидрогенизланган ёғли маҳсулотлар (маргаринлар, ошпазлик ва қандолатчилик ёғлари) ва ксилитдаги ва бошқа шакар-спиртлардаги  никель,  сақлаб қўйилувчи  ёғли маҳсулотлардаги темир ва мис, пектиндаги рух  меъёрланади.  Агар маҳсулотдаги токсик элементлар миқдори белгиланган даражага етгунича деконтаминацион ишлов бериш имконияти бўлмаса, оғир металлар ва мишьяк даражасининг ЧЙК ошиб кетган озиқ-овқат маҳсулотлари овқатланиш мақсадларида фойдаланиш учун яроқсиз деб топилади.

Оғир металлар миқдори бўйича қуйидаги жойларда етиштирилган озиқ-овқат хом-ашёсига алоҳида эътибор қаратиш лозим: табиий муҳит объектларидаги геокимёвий аномалиялар даражаси ошган ҳудудларда; металлургия, машинасозлик, тоғ-кон саноати, кимё саноати корхоналари жойлашган ҳудудларда; йирик автомагистраллар ва шаҳарлар яқинида; минерал ўғитлар ва бошқа агрокимёвий моддалардан интенсив фойдаланилганда.

Токсикантларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида тўпланиш даражасига қуйидагилар таъсир кўрсатади: тупроқнинг ва бошқа табиий муҳит объектларининг ифлосланганлик даражаси; ўсимликларнинг биологик ўзига хосликлари (масалан, баргли сабзавотлар, лавлаги ва сабзи тупроқдан кадмийни тўплаб олишга қодир бўлади); минерал ўғитлар, пестицидлардан норационал фойдаланиш; тупрокнинг геологик ва агрокимёвий хусусиятилари. Айтайлик, симоб ўсимликларга ўзининг тупроқдаги концентрациясига пропорционал тарзда кира олади. Бундан фақат нордон тупроқ мустасно бўлиб,  улардаги симоб ёмон сўрилувчи (бошқа оғир металлар ва мишьякдан фарқли ўлароқ) шаклда бўлади. Симобнинг тупроқдаги концентрацияси 2,1 мг-кг.гача  бўлганида, ўсимликларда ушбу элементнинг инсон учун хавфли миқдори тўпланмайди.

Оғир метал бирикмалари ва мишьякнинг танлаб заҳарловчи асосий доиралари буйраклар, жигар ва ичакларнинг специфик эпителийси, эритроцитлар ва асаб ҳужайралари бўлиб, бу ерда ушбу моддаларнинг концентрацияси ошганлиги кузатилади, шу сабабли ҳам заҳарланишнинг клиник манзарасида кўпинча нефропатия, жигарнинг токсик дистрофияси, кучли ифодаланган неврологик симптоматика ва гемолиз   етакчилик қилади.

Қўрғошин. Ушбу элемент билан заҳарланиш одамларга ҳали антик даврдаёқ сатурнизм ёки плюмбизм сифатида маълум бўлиб, алоҳида касаллик белгилари эрамиздан олдинги 370 йилларда Гиппократ томонидан тасвирланган. Ҳозирги вақтда қўрғошин атроф-муҳитнинг кучли ифлословчиси сифатида қизиқиш уйғотиб, унинг ҳар йили  саноат ва транспорт томонидан чиқарилиши 400 000 тоннани ташкил этадики, бу одамларнинг, айниқса, болаларнинг саломатлигига хавф солади.

Организмга қўрғошин тушишининг асосий йўли овқат ҳазм қилиш йўллари ҳисобланади. Қўрғошиннинг сўрилиши  ўт кислоталари ёрдамида кучайтирилади ва  тўлиқ ёки қисман оч қолишда кучаяди. Кальций, темир, магний, овқат толалари, бириктирувчи тўқимали оқсиллар (коллагенлар) қўрғошиннинг сўрилишини камайтиради. Аксинча, ёғли овқат қўрғошиннинг инкорпорацион  кучайишига ёрдам беради.

Қўрғошин организмдан нажас билан (90%), пешоб билан (калавали фильтрлаш ва каналли экскрецияси), шунингдек, тер ва кўкрак сути билан чиқиб кетади. Организмда ушбу элементнинг учта асосий метаболик муддати мавжуд. Қўрғошиннинг энг қисқа  ярим чиқарилиш даври қонда аниқланган. Юмшоқ тўқималар, шу жумладан, скелет мушакларида қўрғошиннинг ўртача ярим чиқарилиш даврига эга бўлиб, бу одатда бир неча ҳафтани ташкил этади, скелет эса – ярим чиқарилиш даврининг ойлар ва йилларга чўзилувчи энг узоқ муддатига эгадир. Қонда мавжуд бўладиган қўрғошиннинг 90 % дан ортиқроғи  эритроцитлар билан боғлиқдир. Қон плазмасидаги қўрғошин  кўпроқ трансферрин билан мажмуалашади (айниқса, темир танқислиги ҳолатларида). Қондаги қўрғошин миқдори  унинг организмга туширадиган юкламасини акс эттиради. Қўрғошиннинг янги инсон қонидаги  концентрацияси меъёрда 1,45 ... 1,93 мкмоль/л оралиғида бўлади. 2,9 ... 3,86 мкмоль/л концентрацияси ушбу элементнинг биокимёвий силжишларини пайдо қилишга қодир, аммо қўрғошиндан заҳарланишнинг клиник касаллик белгиларини намойиш этмайдиган юкламасини акс эттиради. Болалар учун ушбу чегара анчагина пастроқдир.

Қўрғошиндан заҳарланишда, биринчи навбатда, қон яралиши аъзолари (анемия – микроцитар, нормохром, морфологик жиҳатдан темир танқислиги анемиясидан фарқлаб бўлмайдиган), асаб тизими (энцефалопатия ва нейропатия) ва буйраклар (нефропатия) шикастланади. Қўрғошиннинг заҳарловчи таъсири механизми ҳам худди бошқа оғир металлардаги каби  оқсилларнинг SH-гуруҳининг функционал чекланиб қолишидан иборатдир.  Қўрғошиннинг энг кучли таъсирига темир ва протопорфиринни боғловчи,  протобилиноген шаклланиши ва гемситетаза жараёнларини катализловчи гидратаза дельта-аминолевулин кислотаси (▲-АЛК) кўпроқ дучор бўлади. Ушбу ферментлар фаоллигининг пасайиши – сатурнизмнинг энг дастлабки белгиларидан биридир.

Қўрғошин билан сурункали тарзда заҳарланиш (озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик суви билан бирга кам миқдорда тушганида) нисбатан секинроқ ривожланади. Унинг илк босқичларида фақатгина организмнинг мослаштирувчи ва токсик, инфекцион ва бошқа патологик агентларнинг таъсирига чидамлилик қобилияти пасайиши, шунингдек, ўзига хос хусусиятли биокимёвий силжишлар кузатилади: қондаги порфобилиногенсинтаза фаоллиги пасайганида бир вақтнинг ўзида қондаги қўрғошин концентрацияси ошади  (бевосита боғлиқлик);   пешобда ▲-АЛК ва копропорфиринлар концентрацияси кўпаяди. Катта ёшли одамнинг пешобида қуйидаги даражада ▲-АЛК бўлиши мумкин, мкмоль/л:

Организмнинг нормал ҳолати X   < 45 

Юклама:

Компенсацияланган X   45 ... 800

Компенсацияланмаган X   91 ... 300

Заҳарланиш X    > 300

Кейинчалик умумий мадорсизлик, бош оғриғи, бош айланиши, оғиздаги нохуш таъм, оёқ-қўллар тремори, иштаҳа йўқолиши, тана массасининг камайиши, қабзият, абдоминал оғриқлар (эпигастрал соҳада), анемия белгилари пайдо бўлади. Миокарднинг диффузли дегенерацияси, болаларнпинг руҳий ривожланиши бузилиши, сурункали нефропатия пайдо бўлиши мумкин. Қўрғошин билан заҳарланишнинг табақаловчи (дифференциалли) ташҳисланиши  ошқозон-ичак касалликлари, буйрак хасталиклари, темир танқислиги ҳолатлари билан бирга олиб борилиши керак.

Қўрғошиннинг овқат рациони билан бирга тушишини максимал даражада камайтириш бўйича профилактика тадбирларини режалаштирганда маҳсулотларнинг у билан ифлосланишининг барча йўлларини: экологик шартланганларини ҳам, шунингдек,  қалайлаб оқартирилган, сирланган сопол ва сирли идишлар, консерва идишлари, бўёвчи моддалар, қадоқлаш материаллари (поливинилхлорид)ни ҳам ҳисобга олиш керак. Кўплаб қўрғошин билан оғир заҳарланиш ҳолатлари суюқ ҳолатдаги нордон маҳсулотлар (қатиқ, уйда тайёрланган мусаллас, пиво, олма шарбати ва бошқалар) сопол идишда сақланганида кузатилгани аниқланган. Ушбу маҳсулотлардаги қўрғошин концентрацияси  200 ... 1500 мг/л. ни ташкил этади. Анъанавий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида  қўрғошинни энг кўп тўплаб олувчилар, бу –  балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотлари, айниқса, икки табақали моллюскалардир.

Саратонни ўрганиш ҳалқаро агентлиги (СЎҲА)нинг синфлаштириши бўйича, қўрғошин ва унинг ноорганик бирикмалари 2Б гуруҳи (инсон учун эҳтимолий канцерогенлар)га киритилган. Агар 0,3 мг/сут миқдорида тушса, унда инсон организмидаги қўрғошин миқдори тез кўпая бошлайди. Қўрғошиннинг йўл қўйилувчи тушиши  катта ёшли одам учун – 3 мг/ҳафта, болалар (1 дан 5 ёшгача) учун – 0,1 мг/сут.дан камроқ бўлиши керак. Озиқ-овқат маҳсулотларидаги қўрғошин миқдорига асосан 0,1 ... 0,5 мг/кг даражасида чеклов қўйилган.

Мишьяк. Мишьяк озиқ-овқат маҳсулотларининг энг кўпроқ заҳарли контаминантларидан биридир. Инсон учун энг кўп хавф солувчи – мишьякнинг уч валентли бирикмаларидир. Биосферани ушбу элемент билан ифлослантирувчи қудратли манбалар электростанцияларнинг  ташланмалари, металлургия саноатининг ишлаб чиқариш оқавалари,  таркибида  мишьяк бўлган пестицидлар ва агрокимёвий моддалардир. Чорвадорликда бўй стимуляторлари сифатида мишьякли дорилар қўлланилади.

Инсон организмидаги инкорпорациялаш оқибатида мишьяк қонга тушади, кейин асосан жигарда, мушак тўқималарида, буйракларда, қораталоқ ва тери қопламаларида тўпланади. У плацента тўсиғи орқали ҳам  ўтишга қодир. Организмда ноорганик мишьяк моно- ва диметилланган бирикмаларга айланишга қодир бўлиб, улар организмдан асосан пешоб орқали чиқариб юборилади. Мишьякнинг ярим чиқарилиш даври 10 соатдан бир неча кунгача чўзилади. Уч валентли мишьяк  кўпгина, шу жумладан, таркибида сульфидгидрилланган гуруҳлар мавжуд ферментларнинг фаоллигини босади.

Мишьяк билан заҳарланишнинг клиник манзараси  кўпгина шароитларга боғлиқ ва шу сабабли ҳам полиморфдир, шунингдек, заҳарланиш белгилари ривожланишининг мунтазамлиги усутнлик қилади. Мишьякнинг ноорганик бирикмалари органикларига нисбатан кўпроқ заҳарлироқдир. Охиргилари организмда аҳамиятли ўзгаришларга дуч келмайди ва асосан ўзгармаган кўринишда пешоб билан бирга чиқиб кетади.

 Заҳарланишнинг илк даврида  кўпинча иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, диспептик ҳолатлар кузатилади. Кейинчалик буларга қўл ва оёқ кафтларидаги симметрик сўгалли кератоз, терининг депигментацияланиши аралаш меланоз, тирноқларнинг атрофияланиши ва мўрт бўлиб қолиши (тирноқлардаги “Мее чизиғи” – кўндаланг оқ чизиқлар ташҳис аҳамиятига эга),  сочларнинг тўкилиши қўшилади. Неврологик симптомлар:  ақлий-мнестик ва нутқ бузилишлари, депрессиялар, мушаклар атрофик ўзгарадиган парезлар билан туговчи  полиневритлар (кўпинча симметрик, айниқса кичик болдир суяги ва билакдаги асаб томирлари), шунингдек, ретробульбар неврит, таъм ва ҳид билиш қобилияти  бузилиши катта амалий аҳамиятга эга. Кўпинча анамнез маълумотлари етарли бўлмаганда ушбу бузилишларнинг табиати ўз вақтида аниқланмайди. Мишьякнинг пешобдаги концентрацияси – 2 ... 4 мг/л ва сочларда – 4 мкг/г. дан кўпроқ бўлиши заҳарланишдан дарак беради.

Мишьякнинг йўл қўйилувчи кундалик тушиш миқдори 3 мг атрофида бўлади. Бунда  ушбу элементнинг ичимлик суви ва рацион билан бирга, шунингдек,  дори-дармонлар билан бирга тушишининг йиғинди миқдорини ҳисобга олиш керак. Озиқ-овқат маҳсулотларидаги мишьяк миқдори асосан 0,1 ... 0,3 мг/кг даражасида белгиланган. Балиқ ва денгиз маҳсулотларида унинг миқдори  5 мг/кг. дан ошмаслиги керак. Ноорганик мишьяк расмий равишда тасдиқланган канцерогендир ва СЎҲА синфлаштирилиши бўйича 1 гуруҳ (инсон учун канцероген бўлган агентлар)га киради. Мишьякнинг умр бўйи алиментар йўл билан тана массасига 0,2 мг/кг  концентрацияда тушиб туришининг таъсири оқибатида тери саратони ривожланиши хавфи 5 % га етиши ҳисоблаб топилган.

Кадмий. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида  инсон ва ҳайвонлар организмида йиғилувчи табиий радиоактив парчаланиш маҳсулотларидан бири, заҳарли элемент ва бир қатор кимёвий элементларнинг метаболити сифатида кадмийнинг аҳамияти ошди. 1960-чи йилларнинг охирларида  атрофи-муҳитнинг ифлосланиши Япониядаги итаи-итаи эндемик касаллигининг сабабчиси эканлиги исботланди.

Атроф-муҳитнинг кадмий билан глобал ифлосланишида антропогенлик  улуши табиий манбаларникидан уч баробар ошиб кетади. Атмосфера ва тупроққа кадмий нисбатан кўпроқ пўлат қуювчи заводларнинг фаолияти ва   турли чиқиндиларнинг саноат, шунингдек, маиший усулда ёқиб юборилиши орқали тушади.

Кадмийнинг суткалик алиментар тушиши, одатда, 10 ... 35 мкг. ни ташкил этади, илло ушбу элементнинг овқат билан тушиши 90 % дан ошмайди. Кадмийнинг суткалик йўл қўйилувчи дозаси – 70 мкг.дир. Экспертларнинг фикрича, организмга ушбу дозанинг кундалик тушиши буйракларда кадмий миқдори ножўя кўпайишига олиб келмайди. Кадмий ошқозон-ичак йўлларида етарлича яхши сўрилади. Сўрилишга истеъмол қилинаётган кадмийнинг кимёвий шакли, ёш ва кальций, темир, рух, оқсиллар танқислиги  таъсир қилади.

Кадмий кучли заҳарли моддалар сирасига киради. Инсон учун ўлимга олиб борувчи дозаси – тана массасининг 150 мг/кг. га тенгдир. Кадмий алмашинуви қуйидаги ўзига хосликларга эга:

1) гомеостатик назоратнинг самарали механизми йўқлиги;

2) инсоннинг ўртача 25 ёшдалигидаги ўта узоқ даврга эга ярим чиқарилишнинг организмда узоқ ушланиб қолиши (сочлар кадмий организмда ушланиб қолишининг биологик индикатори сифатида  хизмат қилиши мумкин);

3) нисбатан кўпроқ жигар ва буйракларда тўпланиши (металлотионеин таркибида 80 % гача);

4) сўрилиш жараёнида, шунингдек тўқималар даражасида бошқа икки валентли металлар (рух, кальций, темир, селен, кобальт) билан интенсив ўзаро таъсирга киришиши;

5)  плацента тўсиғи орқали кира олиш қобилияти.

Кадмийнинг кучли ифодаланган  тератогенлик таъсири (тератогенлик дозаси –  тана массасининг 11,1 мкмоль/кг) туфайли ҳомилага эссенциал элементлар, хусусан, рухнинг тушиши бузилиши билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам, айниқса, муҳимдир. Сўнгги йилларда кадмийнинг канцерогенлик потенциали ва унинг иммунодепрессив таъсири масаласи муҳокама қилинмоқда.

Ўткир заҳарланиш кўнгил айниши, қайт қилиш, диарея, қорин санчиқлари, оғир ҳолатларда – шок  сифатида намоён бўлади. Кадмий билан сурункали заҳарланишда суяклардаги рентгенографик ўзгаришлар (остеопороз), проксимали буйрак каналларининг шикастланишлари, систолик гипертензиянинг авжланувчи ривожланиши, анемия белгилари  кузатилади. Аниқ ажралиб турадиган белгилари: кадмийли ринит, кадмийли нефропатияга хос бўлган протеинурия билан, кадмийли остеомаляция (итаи-итаи касаллиги), нейротоксик синдром (бош оғриғи хуружлари, бош айланиши, тизза рефлексининг кучайиши, тремор, дермографизм, сенсор ва мотор хронаксияси бузилиши).

Озиқ-овқат маҳсулотларидаги кадмий миқдори 0,5 ... 0,2 мг/кг миқдорида чекланади.

Симоб. Симоб ва унинг бирикмалари, айниқса, органик бирикмалари инсон организмида тўпланиш хусусиятига эга бўлган ва биосферада узоқ вақт айланиб юрадиган ўта хавфли кучли токсик моддалар сирасига киради. Симобдан заҳарланиш антик даврлардан бошлаб то ҳозирги даврга қадар  жиддий касбий ва заҳарли касаллик ҳисобланади. Ҳозирги пайтда атроф-муҳит инсоннинг ишлаб чиқариш фаолияти (ёнилғи ёқиш, электротехника ва целлюлоза саноати)га боғлиқ равишда глобал кўламда ифлосланиши оқибатида у бошқача, нисбатан хавфлироқ шаклга кирган. Симоб билан сурункали заҳарланишнинг антропоген юкламага боғлиқ энг аниқ ифодаланиши Минамата касаллиги (денгиз маҳсулотлари орқали алкильсимоб билан заҳарланиш)дир. Бу касаллик 1950-йилларда Японияда қайд қилинган бўлиб, бунда балиқдаги симоб миқдори 10 мг/кг. га етган.

Симобнинг салмоқли қисми туб ётқизиқларга ўрнашади, бу ерда у ўнлаб йилларгача сақланиши мумкин. Бу ерда микроорганизмлар таъсири остида симоб бирикмалари аста-секин сувни иккиламчи ифлослантирувчи ва озуқа занжирларига осонгина қўшилиб оладиган яхши эрувчан органик  бирикма (метилсимоб)ларга айланади. Гидробионтлар метилсимобни унинг сувдаги  ва қуйи бўғиндаги  трофик занжирдаги миқдоридан салмоқли даражада  ошиб кетадиган концентрацияларда тўплашга қодир бўлади (концентрациялаш коэффициенти 3000 гача етади).

Симобнинг йўл қўйилувчи суткалик миқдори 0,05 мг.ни ташкил этади. Метилсимоб билан заҳарланиш белгилари унга ўта сезгир бўлган одамларда  қондаги симоб концентрацияси 150 мкг/л бўлганида намоён бўлади. Симобнинг қондаги фонли миқдори – 100 мкг/л. дан камроқ, сочларда 10 … 20 мкг/л бўлади. Симобнинг пешобдаги концентрацияси  0,05 … 0,25 мкмоль/л.дан ошиқроқ бўлиб, микромеркуриализмни ташҳислашда клиник аҳамиятга эга бўлади.

Симоб билан сурункали заҳарланиш (микромеркуриализм) марказий ва вегетатив асаб тизими, жигар ва ажратувчи аъзолар: буйрак, ичакларнинг шикастланиши билан ифодаланади. Бунда бош оғриғи, тез чарчаб қолиш, ҳотиранинг сусайиши, безовталик  ҳисси, апатия, иштаҳа ёмонлашиши, тана массасининг пасайиши қайд этилади. Қонни текширишда  лимфоцитоз, моноцитоз, эозинофилия, эритроцитоз ва ретикулоцитоз аниқланади. Кейинчалик заиф ифодаланган қўл бармоқларининг тремори  ва лаборатория усуллари билан ташҳисланувчи  жигар ва буйраклар бузилишлари  пайдо бўлади. Нисбатан оғирроқ заҳарланишда оёқ-қўллардаги сезгирликнинг пасайиши, лаблар атрофидаги парастезия, кўриш майдонининг торайиши, атаксик юриш, ҳиссиёт доирасининг бузилиши кузатилади. Симоб гонадо- ва эмбриотоксик, тератоген ва мутаген таъсирлар ҳам кўрсатади.

Озиқ-овқат маҳсулотларида  симоб асосан  0,03 мг/кг даражасида чекланади.

Бошқа озиқ-овқатлар қаторида меъёрланувчи оғир металлар асосий токсик элементлар сингари  тиббий аҳамиятга эга эмас ва, одатда, сурункали овқат заҳарланишларининг сабабчиси бўлмайди. Худди бошқа оғир металлар билан бўлганидаги каби кўнгил айниши, қайт қилиш, абдоминал оғриқлар, оғиздаги нохуш таъм билан характерланувчи мис ва рух билан ўткир заҳарланишлар фақатгина мис ва рухланган идишлардан фойдаланиш қоидалари қўпол равишда бузилганида ёки металларнинг консерва идишларидан маҳсулотга кўп миқдорда ўтиши учун шароит яратилганида (буниси нисбатан камроқ учрайди) ривожланиши мумкин.

Мис билан заҳарланишларнинг профилактикаси асосан рўзғорда оқланмаган (қалай билан) мис идишлардан фойдаланилмасликка асосланган. Ишлаб чиқаришда оқланмаган мис идишлардан фойдаланиш уни ишлатишда санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш: тайёр маҳсулотнинг идишда узоқ вақт сақланишига йўл қўймаслик, оксидланган қатламни идиш сатҳидан ҳар сменада  йўқотиб туриш (ярақлагунча артиш)  билан бирга кечиши керак. Миснинг баъзи маҳсулотларда табиий равишда мавжуд бўлиши  120 мг/кг (помидор пастаси)дан то 10 … 15 мг/кг. гача бўлган миқдорни (балиқ консервалари, карамеллар, жем, повидло, мармеладда) ташкил этади.

Рухланган идиш овқат сақланиши ёки тайёрланиши учун ишлатилмаслиги лозим. Озиқ-овқат объектида  рухланган идишда фақат қисқа муддатга сувни сақлашга руҳсат берилади.

Қалайнинг озиқ-овқат маҳсулотларидагни миқдори (тунука идишлардаги консервалар) 100 дан то 200 мг-кг.гача ташкил этади.

 

Манба: Г.Шайхова "Овқатланиш гигиенаси"

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Март 2024
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
26 27 28 29 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31