ru uz
К витамини

Ушбу витамин ёғда эрийдиган витаминларга мансуб бўлиб, табиатда икки кўринишда: ўсимлик филлохинони (К1) ва менахинон (К2) сифатида намоён бўлиб, бактериялар (шу жумладан, ичакдагилар) томонидан синтезланади ва инсон организмида  К1 шаклидан пайдо бўлади.  Менахинонлар К витаминининг фаол шакли ҳисобланади.

Сўрилиши ва физиологик функциялари. Овқат таркибида мавжуд бўладиган К витамини ёғлар ва ўт кислоталари мавжуд бўлганида ингичка ичакда яхши сўрилади: дезоксиҳолат кислота холеинат кислотадан К витаминини ҳосил қилади. Жигарда филлохиноннинг менахинон-4 га биотрансформацияси юз беради.  К витамини К2 шаклида нормал ичак флорасидан 1,5 мг/сут.гача синтезланади, бунинг ҳисобига ичакларда ушбу витаминнинг захираси тўпланади. Организм тўқималарида, аксинча, К витамини қарийб тўпланмайди.

К витамини кофермент сифатида глутаминат кислотадан γ-карбоксиглутаминат кислотага айланишини катализловчи карбьоксилазага қўшилади, у эса ўзига хос хусусиятли оқсиллар  таркибида уларнинг кальций билан ўзаро таъсирга киришишларини (хусусан, қоннинг ивиш жараёнида) таъминлайди. Айнан шу жараёнда К витамини сезиларли ўрин тутади: у коагуляция тизмаларининг турли босқичларида бир нечта омилларнинг ишлашида иштирок этади. К витамини жигарда II омили  (протромбин), VII омили (проконвертин), IX омили (антигемофиль глобулин) ва X омили (Стюарт-Прауэр) биосинтезланиши учун зарурдир.

Инсоннинг суяк тўқималарида К витаминига боғлиқ бўлган учта оқсил: остеокальцин, МGP оқсили ва  S оқсили топилган. 1,25-дигидроксивитамин    D (кальцитриол) иштирокида остеобластлар синтезлайдиган   остеокальцин суяклар метаболизмида бевосита қатнашади; МGR оқсили юмшоқ тўқималар ва тоғай суякларини кальцийланиб қолишдан ҳимоялайди, остеобластлар томонидан синтезланадиган  S оқсили эса суяк тўқималари ва коагуляцион тизимларнинг минераллашув жараёнлари орасида боғловчи ўрин тутиб, кальций оқимларини бошқариб туради. Бу оқсиллар, шунингдек, асаб тизимида, юракда, ўпкаларда, буйракларда, ошқозонда ҳам топилган бўлиб, бу ерда улар ҳужайраларнинг ўсиши ва ривожланишида бошқарувчи муҳим  омил бўлади, деб тахмин қилинади.

Асосий озуқа манбалари ва организмни таъминлаш имкониятлари. Таркибида филлохинлар кўринишидги К витамини мавжуд бўладиган табиий ўсимлик озиқ-овқат манбаларининг рўйхати анчагина кенг бўлиб, уларга яшил сабзавотлар (хлорофилл билан мажмуалашган кўринишда) ва баъзи ўсимлик ёғлари (соя, зайтун, рапс, пахта) ҳам киради. Ёғларнинг гидрогенизланиши К витаминининг биологик жиҳатдан етарли бўлиши ва биологик самарасини пасайтиради.  Сут, тухум, балиқ, гўшт ва яшил маҳсулотларнинг 100 грамм ейиладиган қисмидаги унинг миқдори 7 мкг.дан ошмайди.

К витаминининг озуқа манбалари

Маҳсулот

Порция, г

К витамини миқдори, мкг

Кашнич (ошкўки)

Брокколи карами

Исмалоқ

Карам

Олмалар:

кўк

қизил

Кўк пиёз

Авокадо

Кўк нўҳат

Киви

Соя ёғи

Ҳандонписта

Рапс ёғи

Ловия

Майонез

Зайтун ёғи

30

100

50

100

 

    200 (1 дона)

    200 (1 дона)

          50

   140 (1 дона)

          100

    140 (2 дона)

    15 (1 ош қошиқ)

           30

    15 (1 қошиқ)

          100

    15 (1 қошиқ)

    15 (1 қошиқ)

300

270

200

145

 

120

40

104

56

36

35

29

21

21

19

12

7

 Иссиқлик ишлови берилганда К витаминининг пазандалик йўқотишлари аҳамиятсиз бўлади.

Физиологик эҳтиёж меъёри ва овқат статусининг биомаркерлари. К витаминига бўлган эҳтиёж 200 ... 300 мкг/ сут.га тенг бўлади.

 Соғлом одамда организмнинг К витамини билан таъминланганлиги кўрсаткичи қон ивиш тизимининг хусусиятлари, хусусан, потромбин индекси (меъёрда 80 % дан кам эмас) бўлади. К витаминининг  биомаркерлари эса қон плазмасидаги филлохиноннинг концентрацияси ва қон плазмасидаги карбоксилланмаган остеокальцин фоизи бўлади.

Етишмаслиги ва ортиқчалигининг намоён бўлиши. Одатда катта ёшдаги соғлом одамларда К витамини танқислиги учрамайди. Бу бир нечта сабаблар билан боғлиқ: биринчидан, унинг кўпгина маҳсулотларда етарлича миқдорда мавжудлиги, иккинчидан, организмнинг метаболик жараёнларда айнан битта К витаминидан фойдаланиб, узоқ вақтгача унинг ўрнини тўлдиришга эҳтиёж сезмаслиги имконияти, ва учинчидан, йўғон ичаклар микрофлораси томонидан К2 юқори даражада синтезланишидир (тўғри, бактериал менахинонларнинг абсорбцияланиш ва йўқотилиш механизми охиригача аниқланмаган).

К витамини тақислигининг асосий сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин: унинг сўрилиши бузилиши, йўғон ичакларда бактериявий синтезланиш интенсивлиги пасайиши ва унинг алмашинув жараёнларидаги иштироки чекланиб қолиши. К витамини сўрилишининг бузилиши кўпинча сурункали ичак касалликлари (энтеритлар, колитлар) ёки гепабилиар тизим шикастланиши (гепатит, ўт-тош касаллиги)дан азият чекувчиларда учрайди. Филлохинонлар сўрилишини  катта миқдордаги А витамини ҳам камайтиради: энтероцитлардаги фаол трансмембраналар ташилишида К витамини  ва ретинолнинг рақобатлашиши исботланган. К витаминининг абсорбциясини ёғлар сўрилишини чекловчи дори-дармонлар (статинлар, холестераминлар) ҳам салмоқди пасайтиради.

К витаминининг ичакларда бактериал синтезланиши узоқ вақт давомида антибиотиклар билан даволаш ва ичаклар дисбактериозига олиб келувчи бошқа омиллар ривожланиши оқибатида ингибирланади.

Бевосита таъсир қилмайдиган антикоагулянтлар гуруҳига кирувчи дори-дармонлар (дикумарин, варфарин) эса К антивитаминлари бўлиб, унинг қон ивиш тизимидаги иштирокини чеклаб қўяди. Α-токоферолнинг катта миқдори ҳам К витаминига боғлиқ бўлган карбоксилазани ингибирлаб қўйиши ва унинг танқислиги белгиларини келтириб чиқариши мумкитн.

К витаминининг мутлақ ва нисбий танқислигининг касаллик кўринишлари  бурундан, ошқозондан ва ичакдан қон кетиши, гематурия, тери гематомалари тарзида намоён бўлиши мумкин. Қон плазмасида филлохинон концентрацияси кескин камаяди ва карбоксилланмаган остеокальцин фоизи ошади.

К1 ва К2 витаминлари заҳарли эмас. К витаминининг синтетик аналоглари, хусусан, метадион қайта тикланган глутатион – антиоксидант ҳимоянинг асосий ҳужайравий субстратининг функционал фаоллигини пасайтириши ва биомембраналарнинг шикастланишига олиб келиши мумкин. Бу эритроцитларнинг гемолизи кучайиши кўринишида намоён бўлиши мумкин. 

 

Манба: Г.Шайхова "Овқатланиш гигиенаси"

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Февраль 2020
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 1