ru uz
D витамини

Кальциферол ёки  D витамини – ёғда эрийдиган витаминли мажмуа бўлиб, холекальциферол (D3) ва эргокальциферол (D2) дан иборат бўлади. D3 витамини ультрабинафша қуёш нурлари (В спектри) таъсири остида терида холестерин (7-дегидрохолестерин) дан пайдо бўлади ёки ҳайвон маҳсулотлари билан бирга тушади. D2 витамини ўсимликларда синтезланади ва инсон организмига тушгач, D-витаминли фаолликни намойиш этади.

Сўрилиши ва физиологик функциялари. Алиментар, шунингдек, организмда синтезланган D витамини ҳам жигарга тушади, бу ерда 25-гидроксивитамин D (25-гидроксикальциферол) га гидроксидланади, у эса витаминнинг асосий айланувчи шаклидир. Зарурат туғилганда, буйракларда (ёки бошқа тўқималарда) иккиламчи гидроксидланиш юз беради ва 25-гидроксивитамин D энди 1,25-гидроксивитамин D (1,25-дигидрокальциферол ёки кальцитриол)га айланиб, у барча биологик самараларни таъминлайди.  D витаминининг таъсир механизми унинг D-рецептор витамини номи остида маълум бўлган ядроли транскрипция омилини фаоллаштириш ҳисобига 50 дан ортиқ генларнинг транскрипциясини бошқариш қобилиятига асослангандир. Ҳужайралар ядросига кириб бораркан, 1,25-гидроксивитамин D ушбу рецептор билан боғланади ва унинг ретиноат кислотаси рецептори билан боғланишини таъминлайди, ўзига хос хусусиятли генлар транскрипциясини модулловчи молекулаларнинг ўзаро таъсир тизмаларини ишга туширади.

D витаминининг асосий физиологик функцияси  организмдаги кальций ва фосфор мувозанатини ушлаб туришидир. D витамини функциясини фаоллаштириш учун индикатор кўрсаткич – кальцийнинг қондаги миқдоридир. У пасайганида қалқонсимон безларда паратгормон маҳсулоти ошади, бу эса буйракларнинг гидроксилаза тизимини кучайтириб, қуйидагиларни ошириш мақсадида D витаминининг фаол шакли ишлаб чиқилишини  кучайтиради: 1) ичакларда кальцийнинг абсорбцияси ва реабсорбцияси; 2) суяклардаги захирадан кальцийни сафарбар қилиш; 3) кальцийнинг буйраклардаги реабсорбцияси. D витамини ушбу жараёнларнинг фаоллаштирилишини кальций боғловчи оқсилларнинг бутун бошли гуруҳини  синтезлаб, унинг турли аъзоларга мембраналараро ташиб ўтказилишида  иштирок этувчи генлар экспрессияси ҳисобидан амалга оширади. Кальцийнинг худди шунга ўхшаш алиментар тушиши шароитида, шу жумладан, скелетдаги кальций ва фосфорнинг перманен алмаштирилиши механизмларини қўллаб-қувватлаб туриш ҳисобидан D витамини суяк тўқималарининг ривожланиши (ўсаётган организмда) ва қайта шаклланишида (катталарда)  ёрдамлашади.

D витаминининг ҳужайраларга умумий таъсирини уларнинг табақаланиши ошиши ва пролиферацияси пасайиши билан тавсифлаш мумкин.

D витаминининг фаол шакли иммун тизимининг модуляторидир: витамин-D-рецептор  боғланган ҳолда иммун тизими ҳужайраларининг кўпчилигини, шу жумладан, Т-лимфоцитларни, дендрит ҳукжайралар ва макрофагларни ҳам экспрессиялайди. Макрофаглар туғма иммунитетни мустахкамлаш ва аутоиммун жараёнлар ривожланишини ингибирлашга қодир бўлган D витаминини мустақил ҳолда (буйрак ҳужайраларининг иштирокисиз) фаоллаштиради.

Шунингдек, инсулинга боғлиқ диабет ривожланишида инсулин секрецияси маромлашиши ва глюкозага нисбатан толерантлиги ўзгаришида ва унинг артериал босимни ренинангиотензив маромлаштиришдаги иштирокида D витаминининг муҳим ўрин тутиши исботланган.

Асосий озуқа манбалари ва организмни таъминлаш имконияти.  Ҳар ойда ҳафтасига камида уч марта 10 ... 15 дақиқадан тик тушаётган қуёш нурлари остида туриш (юз ва қўллар очиқ бўлиши керак) терида етарлича 25-гидроксивитамин D синтезланишини таъминлайди. Бир қатор сабаблар (иқлимий-жўғрофий, тиббий)га кўра табиий қуёш ванналарини ололмаслик ва сунъий солярий қабул қилиш имкони йўқлигида D витаминининг алиментар захирасидан фойдаланиш биринчи ўринга чиқади.

D витаминининг озуқа манбалари ҳар қандай бошқа ёғда эрийдиган витаминлар сингари липид мажмуалари даражаси юқори бўлиши билан ифодаланади. Уларга ёғли балиқ навлари (сардина, лосось, макрель), улардан олинган балиқ мойлари ва тухум киради, айниқса, паррандаларнинг боқилишида емлар D витамини билан бойитилган бўлса, яна ҳам яхшироқ бўлади (жадвалда физиологик эҳтиёж даражасидаги  D витамини тушиб туришини таъминловчи маҳсулотларнинг кундалик тўплами келтирилган).

                 D витаминининг асосий озуқа манбалари

 

Маҳсулот

100 г маҳсулотдаги  D витамини миқдори, мкг

Кундалик маҳсулотлар тўплами

Треска жигари

 

 

100 гача

Ҳафтасига 2 ... 3 марта (иложи бўлса, бундан ҳам кўпроқ) балиқ ва денгиз маҳсулотлари + ҳафтасига 3 ... 4 марта тухум + ҳар куни 25 г сарёғ. D витаминига бўлган эҳтиёжни  таъминлаш учун бойитилган маҳсулотлардан фойдаланиш лозим.

Донадор осётр икраси, балиқ

 

10 ... 30

Сарёғ, тухум

 

 

1 ... 2,5

Сметана, суюқ қаймоқ

 

0,1 ... 0,2

 

Бунда балиқ мойи, одатдаги озиқ-овқат маҳсулоти бўлибгина қолмай, фақатгина D витаминининг қўшимча озуқа манбаи сифатида қаралиши мумкин. Сут маҳсулотлари (сут, йогуртлар, пишлоқ) ни махсус бойитилмаган бўлса, уларда D витамини юқори миқдорда бўлмайди. Гигиена нуқтаи назаридан D витаминининг асосий озуқа манбаи бўлган  ҳайвон ёғлари миқдорини ошириш йўқлиги туфайли ҳам, энг кўп тарқалган ва паст калорияли озиқ-овқат маҳсулотларини кальциферол  билан бойитиш ўта мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бироқ, D витамини билан бойитилаётган маҳсулотда кальций мавжудлигини ҳисобга олиш шарт: ушбу минерал кам миқдорда бўлган ёки умуман бўлмаган ҳолатларда кальциферол суяклардаги (ичаклардаги эмас!) кальций захираси ҳисобидан  ўз функциясини амалга оширади, шу билан суякларнинг зичлигини камайтириб, остеопороз ривожланишига замин яратади. Бу эса, айниқса, сутли маҳсулотларни кам истеъмол қилувчи шахслар учун жуда аҳамиятлидир.

Баъзи дори-дармон воситалари: стеринлар, холестирамин, минерал ёғлар, колестипол кальцийнинг сўрилишига тўсқинлик қилади. Карбомазепин, фенобарбитал, рифампин  25-гидроксивитамин D нинг метаболизланиши ҳисобига унинг фаоллигини сусайтиради. Замбуруғларга қарши перорал дорилар (кетокенозал) 1,25-гидроксивитамин D синтезланишини ингибирлайди.

Кўкрак сутининг 1 литрида кальциферол миқдори 25 ХБ дан ошмаслигини назарда тутган ҳолда, болалар организмини чақалоқликдан бошлаб D витамини билан таъминлаш фақатгина қўшимча витаминли дориларни бериш ҳисобидан, нисбатан каттароқ ёшда  (бутун мактабгача бўлган давр мобайнида) эса – витаминли дорилар ёки бойитилган озиқ-овқатлар кўламини кенгайтириш ҳисобидан амалга оширилади.  Бу, айниқса, шимолий ҳудудларда яшовчи ёки бошқа сабабларга кўра қуёш нурларидан баҳраманд бўлишдан махрум болалар учун жудаям зарурдир.

Физиологик эҳтиёж меъёрлари ва овқат статуси биомаркерлари. Катта ёшдаги соғлом одамнинг D витаминига бўлган эҳтиёжи 5 мкг (200 ХБ)ни ташкил этади.

Организм D витамини билан таъминланганлигининг биомаркери қон плазмасидаги  25-гидроксикальциферол концентрацияси ҳисобланади. Кальцийнинг ичакларда худди шунга ўхшаш абсорбцияланишидан дарак берувчи меъёрий кўрсаткич камида 50 нмоль/л.ни ташкил этади. Қондаги паратгормон концентрациясининг барқарор бўлиши 25-гидроксикальциферол оптимал даражасининг тасдиғидир.

Етишмаслиги ва ортиқчалигининг намоён бўлиши. D витамини етишмаслигининг сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин:

1) болалар хаётининг биринчи йилида фақат кўкрак сути билан боқилганида, D витамини манбаи бўлган қўшимча овқатлардан фойдаланилмаганлиги;

2) ўрта ва шимолий кенгликларда терининг тўқ (қорамтир) рангли бўлиши очиқ рангли терига нисбатан D витаминининг биосинтези интенсивлигини камайтиради;

3) нуроний ёш кальциферол биосинтези интенсивлиги пасайиши, ижтимоий сабабларга кўра инсоляция вақти умуман пасайиши ва ҳайвон маҳсулотлари истеъмоли камайиши билан бирга кечади;

4) ёғ малабсорбцияси синдроми;

5) ичакларнинг яллиғланиш касалликлари (колитлар, шу жумладан, Крон касаллиги, ичаклар резекциясидан кейинги ҳолат);

6) семизлик, бунда ёғ тўқималарида тўпланган D витамини захиралари биофаоллигини йўқотади.

D витамини танқислиги жиддий асоратларга олиб келади. Ўсаётган организмда кальциферол чуқур етишмаганда, у авитаминоз касаллик ҳолати – рахит (яъни, чиллашир) касаллиги ривожланишига олиб келади. Рахит (чиллашир) – минераллар алмашинувини маромлаштирувчи мураккаб витамин-гормонлар  дисфункцияси оқибатида   қонда кальций ва фосфор концентрациялари камайиши билан боғлиқ тизимли касалликдир. Рахит (чиллашир) намоён бўлишларидан бири – скелетнинг минераллашиш оқибатида нопропорционал ўсиши ва қийшайишидир: енгил кўринишларида – қовурғалардаги тўқималар ўсиши ҳудудлари атрофида остеоид тўқималар қатламлари кўринишида (“тасбеҳ” деб аталувчи тузилмалар пайдо бўлиши), нисбатан оғирроқ кўринишларда – умуртқа ва оёқ (бўкса ва болдир) суяклари қийшайиши  сифатида намоён бўлади. Кальций-фосфорли алмашинувнинг бузилиши, шунингдек, астеник синдром, тишлар шаклланиши бузилиши билан бирга кечади. Бунда қон зардобидаги ноорганик фосфорнинг паст концентрацияси ва ишқорли фосфатазанинг ўта юқори фаоллиги қайд этилади. Болалар хаётининг биринчи йилидан бошлаб то 5 ... 6 ёшгача ва ундан кейинроқ ҳам рахит (чиллашир) билан оғришлари мумкин.

Катта ёшли одамда узоқ муддатли кальциферол танқислиги остеопороз ва остеомаляция тарзида намоён бўлиши мумкин. Бунда кальцийнинг сўрилиши ва реабсорбцияланиши пасайган шароитда қон зардобидаги ушбу минерал концентрациясини қўллаб-қувватлаб туриш учун унинг суяклардаги захирасидан интенсив ажратиб олиниши оқибатида суяк тўқималари зичлиги пасаяди (денсиометрияда баҳоланиши мумкин) ва суякларнинг ўз-ўзидан синиб кетиши хавфи пайдо бўлади. Клиник манзараси мушаклар ва суяклар оғриши, уйқу бузилиши, кўп терлаш сифатида намоён бўлади. Қонда 25-гидроксикальциферол концентрацияси кескин камайиши (25 нмоль/л.дан камроқ), шунингдек, паратгормон даражаси ошиши кузатилади.

D витаминининг ошиқчалиги кўпинча унинг дориларини ҳаддан ташқари кўп (20 000 ХБ дан кўпроқ) қабул қилиниши оқибатида келиб чиқиб, гипервитаминозни пайдо қилиши мумкин. Бу ҳолат гиперкальциемия, суяк тўқималари зичлиги пасайиши, ички аъзолар (шу жумладан, юрак, буйраклар ва томирлар) ва тўқималарда  кальций ўтириб қолиши (кальцийланиш) билан ифодаланади. Параллел равишда ривожланадиган оксидловчи стресс биомембраналарнинг шикастланишига олиб келади.

Кальциферолни қўшимча равишда қабул қилиш оқибатида пайдо бўладиган гипервитаминоз хавфи бирламчи гиперпаратиреоидизм, саркоидоз, сил ва лимфомалар бўлган инсонларда мураккаб тус олади.

 

Манба: Г.Шайхова "Овқатланиш гигиенаси"

 

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Ноябрь 2024
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1