ru uz
Ретиноидлар

Ретиноидлар. Ретиноидларга турлича А-витамин фаоллигига эга бўлган моддалар: ретинол,  ретиналь ва ретиноат кислота киради. Ретинол организмда ретиналга эврилади (бунда тескари синтезланиш ҳам мумкин), ретиналь  ретиноат кислотага қайтмас ўзгаради.

Сўрилиши ва физиологик функциялари. Ретиноидларнинг табиий озуқа шакллари ҳайвон маҳсулотларида – ретинол эфирлари (ацетат ва пальмитат), чучук сувда яшовчи балиқларда – дегидроретинол эфирлари билан намоён бўлади. Эфирлар ўт кислоталари иштирокида  ва улар парчалаганидан сўнг ингичка ичакда самарали сўрилишга қодир бўлади. Эркин ретинол келгусида ташувчи боғловчи оқсил ёрдамида жигарга тушади, бу ерда унинг организмдаги ретинол-пальмитат кўринишидаги асосий захиралари ҳосил бўлади. Тўпланмаган ретинол ўзининг физиологик вазифасига мувофиқ равишда биоташилишга сафарбар қилинади.

Ретинол ҳужайраларнинг табақаланиши, эпителий ва суяк ҳужайраларининг ривожланиши ва ишлашида, шунингдек, кўриш анализаторини таъминлашда жуда муҳим (аммо нокофермент) ўрин тутади. 

11-цис-ретиналга эврилиш билан бирга ретинол кўз тўр пардаси фоторецепциясини таъминловчи кўриш пигменти – радопсин таркибига қўшилади. Радопсиннинг синтезланиши  ёритилганлик паст бўлганда айниқса кучайиб, қоронғиликка мослашишни таъминлайди.

Ретиноат кислота ва унинг изомерлари  генлар экспрессиясининг ўзига хос  гормонал регуляторлари ҳисобланади ва бир қатор метаболик жараёнларга таъсир қилади. Ретиноат кислота изомерларининг ҳужайраларга  етказиб берувчи механизм ва унинг муайян ген транскрипцияси кучайиши ёки чекланиб қолишини таъминловчи хромосомаларнинг ўзига хос хусусиятли рецепторлари билан алоқаси аниқланган. Ушбу жараёнда ретиноат кислота тиреоид гормони ва D (кальциферол) витамини билан бирга ўзаро таъсирга киришиб, ўз функциясини бажаради. А-витамин фаоллиги билан боғлиқ физиологик самараларнинг кўпчилиги айнан кўрсатилган механизм бўйича амалга оширилади. Бу, хусусан, она қорнидаги органогенез, ҳомила ва боланинг ўсиши ва ривожланиши (ўсиш гормони гени экспрессияси ҳисобига), иммун тизими  функционал фаоллигини Т-лимфоцитлар ва иммун тизимининг бошқа регулятор ҳужайраларини фаоллаштириш ҳисобига сақлаб туриш ва устун ҳужайраларни эритроцитларга табақалаштириш натижасида эритроцитларни синтезлаш ва захирада тўпланган темирни гемоглобинни синтезлашга сафарбар қилишга даҳлдордир.

Ретинолнинг муҳим функцияси – антиоксидантлик хусусиятидир.

А витаминининг рух ва темир билан метаболик алоқаси кўрсатилган. Овқатланишда рух танқис бўлганда ретинол-боғловчи оқсилнинг синтезланиши, ретинолни жигарда тўпланган захирадан сафарбар этиш сусаяди ва ретинолнинг ретиналга биотрансформацияси қийинлашади (илло, рух ушбу эврилишни катализловчи фермент таркибига киради). Овқатланишдаги А витамини танқислиги  темир танқислиги анемиясини тезлаштиради ва овқат билан қўшимча темир тушишининг ижобий самарасини ўзгартиради. 

Асосий озуқа манбалари ва организмни таъминлаш имконияти. Овқатланишда ретинолнинг асосий манбаи ҳайвон маҳсулотлари ҳисобланади (2.23-жадвал). Уларда ёғ қанчалик кўп бўлса, улардаги А витамини миқдори ҳам шунчалик кўп бўлади. Гигиена нуқтаи назаридан олганда, бу шуни билдирадики, рациондаги ҳайвон ёғларини кўпайтириш билан бирга унинг овқатланишдаги анъанавий манбалари ҳисобидан ретинолнинг алиментар тушишини хавфсиз ҳолда оширишнинг иложи йўқ.

                            Ретинолнинг асосий озуқа манбалари

 

Маҳсулот

Порция

Маҳсулот порциясидаги ретинол миқдори, мг

Кундалик маҳсулотлар тўплами

Балиқ мойи (треска)

        15

(1 ош қошиқ)

1,35

170 г гўшт маҳсулотлари (ҳафтада 1 марта – жигар) + 25 г сарёғ + 30 г пишлоқ + 500 мл сут (қатиқ, йогурт ва ҳоказо)

Тухум

        50 

(1 та)

0,1

Сарёғ

        25

(1 ош қошиқ)

0,1

Сут, ёғлилиги  3,2% 

250

0,07

Ёғли творог

100

0,1

Сметана, ёғлилиги 30%

50

0,1

Пишлоқ, 1 бўлак

30

0,1

Балиқ

100

     0,01 ... 0,05

Мол жигари

100

  8

Қуён гўшти

100

0,01

 

Шу тариқа, ушбу гуруҳга кирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш  миқдори борасида  мавжуд тавсиялардан келиб чиққан ҳолда ретинолнинг мувозанатлаштирилган рациондаги суткалик энг кўп миқдорда тушиб туришини ҳисоблаш (жадвалда қувват сарфланиши 2800 ккал бўлган инсонга 0,4 мг ретинол тушиб туришини таъминлайдиган  маҳсулотларнинг кундалик тўплами келтирилган).  

Ёғларнинг айниши (ачиши)га, улардаги пероксидли ва кислотали сонлар ошишига имкон берувчи шароитда сақланганда маҳсулотлардаги ретинол миқдори сезиларли камайиши мумкин. Овқат пишириш мобайнида ўта қаттиқ қиздириш (узоқ қайнатиш) ҳам шундай натижага олиб келади.

Маҳсулотларга иссиқлик ишлови берилганда ретинолнинг йўқотилиши 40 % гача етиши мумкин.

Физиологик эҳтиёж меъёрлари ва овқат статуси биомаркерлари. А витамини мажмуасининг ҳаммаси – ретинол эквиваленти – тушиши жинсга оид табақаланишга эга ва эркаклар учун – 1 мг/сут, аёллар учун – 0,8 мг/сут [1 мг ретинол 3 300 ХБ (Халқаро бирлик) га мос келади] бўлади.  Мос равишда α-ретинолга бўлган эҳтиёж эркаклар учун 0,4 мг ва аёллар учун 0,32 мг.ни ташкил этади.

Организм ретинол билан таъминланганлигининг объектив кўрсаткичи  унинг қон плазмасидаги концентрациясидир. Меъёрда ушбу кўрсаткич  0,7 мкмоль/л. ни ташкил этади, зардобдаги ретинолбоғловчи оқсилнинг концентрацияси эса 17 дан 61 мг/л. гача оралиқда бўлади.

Етишмаслиги ва ортиқчалигининг намоён бўлиши. Овқатланишда А витаминининг чуқур танқислиги (қарийб авитаминоз) турли-туман ҳайвон ва ўсимлик озиқ-овқатлари йўқ бўлганида, яъни очлик ҳолатида юз беради. Ушбу вазият ривожланаётган мамлакатлар учун хос бўлиб, уларда умумий оқсил-қувват етишмовчилиги фонида болаларнинг кўп фоизида кўриш аъзоси шикастланишининг барқарор симптоми – ксерофтальмия шаклланиб, кератомальяция натижасида кўрлик ривожланади. Бунда, шунингдек, кўпинча нафас йўллари ва пешоб-таносил тизимлари инфекцияларига ҳамроҳлик қилувчи  иккиламчи иммун танқислиги ривожланади.

Гиповитаминоз ҳолатларида кўпинча ретинол танқислигининг бирламчи белгилари  фолликуляр гиперкератоз ва терининг умумий қуруқлиги, шиллиқ қаватлар қуриши (масалан, конъюнктивлар), кўриш анализаторининг ғира-шира ёритилганлик шароитларида қоронғиликка мослашиш вақти камайиши (5 с.дан кам)дан тортиб гемералопиягача бўлган касаллик белгилари бўлади.

Ретинол танқислигининг биокимёвий мезонлари унинг қон плазмасидаги концентрацияси 0,7 мкмоль/л (0,35 мкмоль/л.дан камайса – чуқур танқисликдир) дан камроқ бўлади.

Баъзи бир денгиз сут эмизувчилари ва оқ айиқ жигари каби озуқа маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида овқат билан бирга ретинол ўта даражада кўп тушиши – замонавий инсон учун камдан-кам учрайдиган ҳодисадир.  Шунингдек, паррандаларни парваришлашда овқат қўшимчаси сифатида бериладиган витаминдан фойдаланиш технологиялари бузилиши туфайли анъанавий озиқ-овқат маҳсулоти – жўжа жигарида ортиқча миқдорда  тўпланган ретинолдан заҳарланиш ҳодисаси тасвирланган.

Дори-дармон воситаларини катта миқдорда (юз минг ва ҳатто миллионлаб ХБ) истеъмол қилиш оқибатида А гипервитаминози юзага келиши кўпроқ учрайди. Физиологик миқдордан ошиқча бўлган ретинолнинг узоқ вақт давомида қайта-қайта тушиб туриши оқибатида  бош оғриғи, диспепсик бузилишлар (кўнгил айниши, қайт қилиш), юз териси ва бошнинг сочли қисми шикастланиши (қичишиш, тери қипиқлашиши, сочлар тўкилиши), суяк ва бўғинлардаги оғриқлар кузатилади.

Ретинолнинг ошиб кетиши, айниқса, ҳомиладорликда хавфлидир – бу ҳомиланинг тўқималари ва аъзолари  ривожланиши бузилишига (тератоген самара) олиб келади. Шу туфайли ҳам ҳомиладорликдаги  хавфсиз ретинол миқдори  учта физиологик меъёрдан ошмайдиган миқдор ҳисобланади.

Бир қатор ҳолатларда ретинол ошиб кетишининг зарарли таъсири қари инсонлардаги суяқ тўқималарининг метаболизланиб, зичлиги камайиши тарзида намоён бўлиши қайд этилган.

 

Манба: Г.Шайхова "Овқатланиш гигиенаси"

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Март 2024
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
26 27 28 29 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31