ru uz
Ҳомиладор аёллар овқатланиши

Ҳомиладор аёллар овқатланиши

pit-moloko-pri-beremennosti-pravila.jpg

Ҳомилани ўсиб ривожланиши, бачадон ўлчамларининг катталашиши,  аёл  организмидаги  гормонал  ўзгаришлар  сабабли ҳомиладорлик  даврида  аёл  организми  аъзо  ва тизимларининг (юрак қон - томир,  сийдик  ажратиш ва нафас олиш аъзолари) ортиқча юклама билан ишлаши хос. Айникса, моддалар алмашинуви жараёнларида яққол ўзгаришлар кузатилади. Шу  сабабли ҳомиладор  аёлни рационал овқатланиши алоҳида  эътибор касб этади. 

  Ҳомиладор аёлларни рационал овкатланиши деганда – кун давомида овқат рационини тўғри тақсимланиши  ва  ҳомиладорликнинг муддатларига  мутаносиб ҳолда турли хил овқат маҳсулoтлари истеъмол қилиш  тушунилади. Семиришни олдини олиш мақсадида ортиқча тана вазнига эга бўлган ҳомиладорлар овқат рациони калориясини углеводлар ва ёғлар ҳисобига камайтириш керак. Кам вазнли ҳомиладорларга овқатни асосий таркибини нисбатан сақлаган ҳолда рацион калориясини ошириш керак.  Ҳомиладорликнинг  иккинчи  ярмида аёлнинг  вазни  хафтада  250 - 300 г дан  ошмаслиги  ва жараён меъёрида кечганда жами бўлиб тана  вазни 10 - 12 кгга кўпайиши керак, бунда ҳомила  вазни - 3,5 кг,  бачадон  ва  коғоноқ сувлари 650 - 900 г, кўкрак безларининг  катталашиши  400 г, айланаётган  умумий қон ва ҳужайралараро  суюқликлар ҳажми 1,2 - 1,8 ва 3,0 - 3,5  кг ёғ ва аёл организмидаги бошқа  захиралар ҳисобига ортади.

Ҳомиладор аёлга агар кўнгли тусаса, нордон нарсалар истеъмол қилишга рухсат этилади. Одатда, ҳомиладорлар учун бир – кеча кундузга 3200 калория керак бўлади.

Барча инсонлар айникса, ҳомиладор аёллар тўғри овқатланиши, у истеъмол қиладиган таомлар витаминларга ва минерал моддаларга бой бўлиши керак. Ҳомиладорлик даврида аёл кишини тўғри овқатланиши ушбу даврни меъёрида кечиши, ҳомилани тўғри ўсиши ва ривожланиши учун жуда муҳим. Қуйида ҳомиладор аёллар тўғри овқатланишида ёрдам берадиган амалий маслаҳатлар келтирилган:

  •  Ҳомиладорлик даврида спиртли ичимликлар, тамаки, аччиқ таомлар ва таркибида қаҳва сақловчи маҳсулoтлардан воз кечиш;
  •  Ҳомиладорлик даврида "иккита одам учун" еманг. Ҳозир бағрингизда болангиз борлиги сизни кўпроқ овқат ейишга ундайди, лекин овқатнинг ҳажми эмас, балки маҳсулoтнинг турлича бўлгани ва организм томонидан осон қабул қилиниши муҳим;
  •  Таомларингиз хилма - хил бўлишига аҳамият беринг. Гўшт, балиқ, мева ва сабзавотлар, дуккакли, макарон, нон ва сут маҳсулoтларидан имконият борича ҳар куни оз - оздан  истеъмол қилиш керак;
  •  Овқатни тез - тез ва оз - оздан ейишни ўрганинг. Бир ўтиришда тўйиб еб олгандан кўра ҳар 2 - 3 соатда оз - оздан овқатланиш фойдали;

      Кўнглингиз  тусаётган маҳсулотни ейишга ҳаракат қилинг. Агар айрим нарсаларни тўсатдан егингиз келса, буни яқинларингизга эркалик деб эмас, балки организм талаби деб тушунтиринг ва улар қумсаётган маҳсулотингиз билан таъминлаб туришсин;

 

  •  Меъёрида суюқлик ичинг. Ҳомиладорлик даврида аёл ўзини яхши ҳис этишига, ҳомила нормал ривожланиши ва ўсишига кунда 3 - 4 стакандан ортиқ сув ичиш ижобий таъсир кўрсатади;
  •  Таомларингизнинг  ташқи кўринишига ҳам алоҳида эътибор беринг,  чунки у кайфиятингиз ва иштахангизни аъло даражада бўлишини таъминлайди;
  •  Тузни камрок истеъмол қилинг. Тузланган сабзавотлар, дудланган балиқ ёки ҳар - хил соуслар ҳомиладор аёл буйракларига салбий таъсир кўрсатади. Ҳар кунги овқатингизга илгаригидан камроқ туз солиб ейишга ҳаракат қилинг;
  •  Уйкуга кетишдан олдин кўп таом еманг. Тўлиқ ошқозон билан ухлаш ҳомиладор аёлга қийинчиликлар туғдиради ва бачадон катталашган сари жигар оғриши, жиғилдон қайнаши, уйқусизлик каби ҳолатлар кузатилиши мумкин;
  •  Аллергия чақирувчи маҳсулoтлардан узоқроқ бўлинг. Аччиқ таомлар, қизил ва қора икра, қизил балиқ гўшти каби маҳсулoтларни меъёрида еганингиз маъқул;

 

  •  Ичагингизни вактида бўшашини таъминланг. Бунинг учун ҳазм қилиш тизими фаолиятини кучайтирувчи мева ва сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилинг. Агар қабзиятга мойиллик бўлса, қуритилган олхўри яхши самара беради.

 

Ҳомиладорлик даврида аёл киши кўп овқат истеъмол қилиши керак эмас балки тўғри овқатланиши лозим. Она организмига табиий равишда кираётган витаминлар ҳомила саломатлиги ва ҳомиладорликни яхши кечиши учун муҳим рол ўйнайди.  

Ҳар бир ҳомиладор аёл қуйидаги олти хил маҳсулотлардан ейиши мақсадга мувофиқ:

  •  Буғдой маҳсулoтлари. Хақиқий буғдойдан тайёрланган нонлар (қора нон) ва бўтқалар оқ нон ва гуручдан кўра фойдалироқ. Улар ҳомиладорлик даврида жуда зарур бўлган фолат кислотаси ва темирга бой. Ундан ташқари ун маҳсулoтлари ва гуручдан кўра калорияси пастроқ. Буғдойдан тайёрланган маҳсулoтлар истеъмоли эрталабки нонуштадан бошланса айни муддао;
  •  Ловия. У нафақат кучли протеинга балки темир, фолат кислотаси, кальций ва цинк каби моддаларга бой. Ловиянинг хили жуда кўп бўлиб салат, шўрва ва макарондан таомлар тайёрлашда ишлатса бўлади;

 

  •  Сёмга ёки осётр балиғи. Сёмга инсонларни ОМЕГА-3 билан таъминловчи асосий балиқдир. Унинг ёғларидан омега-3 витамин воситаси ҳам тайёрланади. Омега-3 ривожланаётган ҳомиланинг мия ва кўзлари учун жуда фойдали. Сёмга ёки осётр балиғини салатларда, қовуриб ёки димлаб ейиш лозим. Республикамизда ушбу балиқ танқислиги сабабли унинг музлаганидан ҳам фойдаланса бўлади;
  •  Тухум. У ҳомиладор аёл организмини ҳомила учун зарур бўлган аминокислоталар билан таъминлайди. Тухумда кўплаб витамин ва минераллар мавжуд бўлиб, ҳомиланинг мияси риволанишида муҳим ҳисобланади;
  •  Резавор мевалар (қулупнай, қорағат [смородина], малина ва бошқалар). Ушбу мевалар ёқимли мазага эга бўлишидан ташқари C витамини, калий ва фолат кислотасига бой. Улар ҳомиладор аёлнинг иммунитетини ошишига ҳам ёрдам беради;
  •  Қатиқ. Қатиқ сутдан кўра кўпроқ кальцийга бой протеин ҳисобланади. Ҳомиладор аёл кунда камида 1 стакан қатиқ ичиши шарт. Унга шакар ўрнига қуруқ ёки резавор мевалардан солиб истеъмол қилинса, янада фойдалироқ бўлади. Ундан ташқари қатиқ ошқозон - ичак фаолиятини ҳам яхшилайди.

Ҳомиланинг меъёрида ривожланиши ва онанинг саломат бўлиши учун витаминларнинг фойдаси кўп. Айникса, А, В, C, Д, В гуруҳ витаминлари ҳомиладорларга жуда зарур. Ҳомиладор  аёл организмида В витамини етишмаса унда тез чарчаш кузатилади. В ва В1 витамини танқислиги кузатилса аёлда полиневрит касаллиги пайдо бўлади. Ушбу витаминлар организмда етарлича бўлганда, ҳомиладорликнинг биринчи ярмида учрайдиган токсикоз касаллиги юзага келмайди. В витамини ачитқи, нон, жигар, буйрак, ловия, тухум ва сут маҳсулoтларида кўп миқдорда бўлади.  Организмда А витамини етишмаганда ҳомила яхши ривожланмайди ва ҳомиладор аёл шапкўр бўлиб қолиши мумкин. Бу витамин жигар, буйрак, сут, тухум, сариёғ, балиқ мойи, сабзи таркибида етарлича мавжуд.

 Ҳомила ривожланишида C витаминининг ҳам ўрни жуда муҳим. У олма, помидор,  лимон, апелсин, укроп, исмалоқда,  кўк пиёз таркибида кўп.

Д витамини ҳомиладор аёл организмида кальций ва фосфор алмашинувини бошқаради, шунингдек,  ҳомиланинг яхши етилиши ва вақтида туғилишига ёрдам беради. Ушбу витамин асосан балиқ мойи ва сариёғда кўп бўлади. Ҳомиладор аёл 1 ош қошиқдан кунда 2 марта балиқ мойи ичиб туриши керак.

 Р витамини ҳам ҳомиланинг меъёрида ривожланиши учун муҳим. Бу витамин етишмаса жинсий безлар фаолияти бузилади. У кўпроқ исмалоқ,  пахта мойи, бошоқли ўсимликлар дони, буғдой ва жигарда бўлади ва унинг танқислиги пеллагра касаллигига олиб келади. РР витамини ачитқи, сут, жигар, буғдой нонида бўлади. Ҳомиладор аёл ва ривожланаётган ҳомила учун қайд этилган витаминлардан ташқари кальций тузи ҳам жуда зарур.

Юқоридагилардан ташқари ҳомиладор аёл учун қуёш нури, айниқса ультрабинафша нурларининг аҳамияти катта. Улар организмда Д витамини ҳосил бўлиш жараёнини тезлаштиради.

Инсон организмида моддалар алмашинувида иштирок этувчи асосий таркибий қисмлар ҳисобланган оқсил, ёғ ва углеводлар, шунингдек витамин ва минераллар мувозанатини бир меъёрда сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ҳомиладорлик даврида таомномада улар мувозанатини сақлаш ҳомилани ўсиш муддатларига кўра турлича бўлади ва қуйида келтирилган: Ҳомиладорликнинг дастлабки 1 - 2 ҳафталари ҳомиладорликни режалаштириш – фавқулотда жавобгарликни талаб қиладиган давр бўлиб, соғлом фарзанд дунёга келиши ва ҳомиладор аёл организмида турли хил асоратларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Демак, нафақат ҳомиладорлик балки унгача бўлган даврда ҳам тўғри ва сифатли овқатланиш иккиқатлик даврини асоратсиз кечишини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Бу босқичда ҳомиланинг соғлом ва нуқсонсиз туғилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган фолат кислотаси миқдорини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Кўпинча, шифокорлар фолат кислотасини капсула шаклида ичишни тавсия қилишади. Аммо барча зарур витамин ва минералларни рационал овқатланиш орқали ўзлаштирилишини таъминлаш муҳим. Фолат кислотаси кўкатлар, салат барглари ва бурчоқдошлар оиласига мансуб маҳсулoтлар таркибида кўплаб мавжуд. Сариқ мевалар ва сабзавотларни истеъмол қилиш ҳам фойдадан холи эмас. Овқатланиш рационида ёғли овқатлар ва ширинликларни чеклаш керак, ўз навбатида бу семизликни олдини олади, шунингдек эрта токсикозлар ривожланиш хавфини камайтиради. Тахминан ҳайз циклининг 10 - 14 кунларига келиб уруғланиш содир бўлади ва ҳомила тухумининг бачадон томонга қараб ҳаракатланиши бошланади. Шу вақтдан бошлаб ҳомила ўсиши бошланди  дейиш мумкин.

 3 – ҳафта. Ҳомиладорликнинг барча даврларида овқатланиш муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам унинг учинчи ҳафтасига алоҳида эътибор бериш керак. Чунки ушбу даврда ҳомилада янги аъзо ва тизимлар ривожлангани сайин витаминлар, минерал ва бошқа озуқа моддаларга бўлган эхтиёж ошиб боради. Ушбу даврда зигота имплантацияси, йўлдош ҳамда ҳомила пардасининг шаклланиши бошланади. Ушбу жараёнларни тўлақонли кечиши учун сут ва сут маҳсулoтлари,  карам, яшил сабзавот ва мевалар шарбати, курка гўшти, бодом, тухум, узум, банан ва сабзи истеъмолини доимий равишда таъминлаш керак. 

4 – ҳафта. Ҳомиладорликнинг 4 – хафтасида овқатланиш рациони 3 - ҳафтадалигидан фарқ қилмаса ҳам, лекин бу даврда кахва ичишни чеклаш лозим. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳомиладорликнинг биринчи ойида тўғри овқатланиш тизимини ташкил этиш қийинчиликлар туғдирмайди.

5 – ҳафта. Бу даврга келиб ҳомиладорлик токсикози бошланиши мумкин. Бу ҳолатни енгиллаштириш мақсадида кундалик овқатланиш таомномасини бироз ўзгартириш мақсадга мувофик. Ушбу мақсадда, гўшт, тухум ва ҳайвон оқсилларини - ёнғоқ, соя ва бошқа дуккакли маҳсулoтлар билан алмаштириш ҳамда сут ўрнига йoгурт ва пишлоқ истеъмол қилиш керак. Овқатланиш рационига сабзи, манго ва ўрик қўшиш фойдадан холи бўлмайди.

6 – ҳафта. Бу даврга келиб баъзан токсикоз авжида. Шу сабабли кунлик овқатланиш таомномасини эрталабдан енгил ҳазм бўлувчи маҳсулoтлардан бошлаш фойдали. Уларни уйғониб ювингандан сўнг дарҳол истеъмол қилиш керак. Бу босқичда кўпроқ суюқлик ичиш (кунда камида 8 стакан) лозим.

 7 – ҳафта. Бу даврга келиб айрим ҳолларда ичакларга боғлиқ муаммолар вужудга келади. Шу сабабли, уларда газ ҳосил қилувчи маҳсулoтлар, айниқса карамдан воз кечиш керак. Шу ўринда ичакларда қабзият чақирувчи маҳсулoтларни чеклаш лозим. Зарур маҳсулoтлар қаторида овқат рационига қора олхури ва ёғсиз қатиқ қўшиш ҳомиладор аёл организми учун фойдали.

 8 – ҳафта. Токсикоз билан курашишда чой айни муддао, ёнғоқлар ҳақида ҳам унутмаслик лозим.

 9 – 10 ҳафта. Бу даврда донли маҳсулoтлардан, буғдойдан тайёрланган бўтқаларга эътибор қаратиш керак. Шунингдек, ушбу босқичда ҳомиладор аёл организми таркибида кўплаб толаларга тўйинган маҳсулотларга мухтож бўлади.

11 - 12 ҳафта. Бу вақтда ҳомиладорликнинг биринчи триместри  тугалланади ва овқатланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу энг мураккаб давр ҳисобланиб, ҳомиладор аёл ўз организмига “қулоқ  солиши”  лозим. У кўнгли тусаётган маҳсулот ёки таомни истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ.  Чунки айнан ушбу маҳсулот  таркибидаги моддаларни бўлғуси фарзанд талаб қилади.

13 - 16 ҳафта. Ҳомиладорликнинг иккинчи триместрида овқат рациони  оқсилларга бой бўлиши лозим. Бундан ташқари, овқатнинг бир кунлик  умумий энергетик қувватини ошириш зарур. Агар биринчи триместрда у 2400 - 2700 ккал ни ташкил қилса, иккинчи триместрда бу кўрсаткич 2700 - 2900 ккал га етиши керак.

16 - 24 ҳафта. Ҳомиладорликнинг 6 ойида овқатланиш рациони  таркибидаги озуқавий моддалар ҳомиланинг кўриш ва эшитиш аъзолари ривожланиши учун мутаносиб, яъни А витамини ва бетакаротинга бой бўлиши лозим. Бу даврда ушбу моддаларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида карам, сариқ булғори ва сабзи истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. А витамини ёғда эрувчи бўлганлиги сабабли ёғ билан  ўзлаштирилишини эътиборга олиш зарур.

24 - 28 ҳафта. Айнан  шу  даврга  келиб  овқатланиш тартибига алоҳида  эътибор қаратиш лозим. Овқат маҳсулoти майда бўлаклардан иборат бўлгани мақсадга мувофиқ. Чунки, бу даврда бачадон жадал катталашади, қорин бўшлиғида катта жойни эгаллайди ва ошқозонни пастдан куч билан итаради. Натижада, унинг ҳажми кичраяди ва озгина ортиқча озуқани ҳам ҳазм қилиши қийинлашади. Айрим ҳолларда камгина таом ҳам жиғилдон қайнаши каби нохуш ҳолатларни юзага келтиради. Ушбу даврда газли ичимликлар ва каҳва ичиш мумкин эмас. Чунки улар жиғилдон қайнашини кучайтиради. Овқатланиш рационининг хилма - хил бўлишини таъминлаш керак.  

29 - 34 ҳафта. Ҳомиладорликнинг 8 ойига келиб, ҳомиланинг суяклари ўсиши жадаллашади, шунинг учун таркибида кўп миқдорда кальций сақловчи маҳсулoтларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Миянинг ривожланишида эса ёғ кислоталарининг овқат рационида бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, кальцийнинг ўзлаштирилишида ҳам бу моддаларнинг ўрни беқиёс. Овқат рационида темир моддасининг етишмаслиги онада ва ҳомилада  камқонлик ривожланишига олиб келиши мумкин. Бу даврда  ёғли балиқ, ёнғоқ, гўшт, яшил сабзавотлар ва писта истеъмол қилиш организм учун фойдали ҳисобланади.

 35 – 40 ҳафта. Ҳомиладорликнинг охирги ҳафталари, 9 ойида овқатланиш тартиби ҳомиладор аёл организмига умумий қувват берувчи маҳсулoтлардан иборат бўлишини таъминлаш зарур. Уни мураккаб ва куч талаб қиладиган туғруққа тайёрлаш керак. Организм учун энергиянинг  асосий манбаи углеводлар ҳисобланганлиги учун туғруқдан олдинги даврда овқат рационида уларга кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Бу даврда ҳомиладор аёлга турли хил бўтқалар, гўштли таомлар ва сабзавотлар истеъмол қилишни тавсия  киламиз.

food_pic.jpg

 Қуйида ҳомиладорларга кунлик рационни тузишлари учун амалий тавсиялар келтирилган.

  •  Биринчи овқат: қора нон ва сариёғнинг кичик бўлаги, тухум, бир cтакан қатиқ;
  •  Иккинчи овқат: бир стакан чой, кўкатли салат;
  •  Учинчи овқат: товук гўшти, картошка бўтқаси, битта нок, бир стакан қатиқ ёки кўнгли тусаган мевадан қилинган йoгурт;
  •  Тўртинчи овқат: джем ёки сариёғли нон бўлаги, бир стакан шарбат;
  •  Бешинчи овкат: гуруч, қайнатиб пиширилган балиқ, сабзавотлардан тайёрланган салат, бир стакан ширин чой;
  •  Олтинчи овқат: бир стакан қатиқ ёки кам миқдорда кўнгли тусаётган  мева.

Ҳомиладорлар учун фойдали маслахатлар. Ҳомиладор аёллар учун фойдали дамлама: олхури ва туршакдан 4-5 донадан ҳамда 30 дона наъматакни термосда 1,5 литр қайнаган сувга дамлаб қўйиб кун мобайнида ичиб юриш фойдали ҳисобланади. Бу дамлама қабзиятни олдини олади.

 Ҳомиладор аёллар учун фойдали салат: қайнатилган (ёки консерваланган) қизил ловияга (ёки бошқа ловия тури) қуритилган буғдой нон ва кўкатлар соламиз. Таъбга қараб саримсоқ пиёз, туз ва мурч қўшиб сметана билан аралаштирамиз. Ҳам тўйимли, ҳам фойдали. Аёл организмини оқсилга бўлган эҳтиёжини қондиради. 

 

 

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Февраль 2020
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 1