7 Апреля Всемирный день здоровья. осталось: 3 куни!
ru uz
Тонгги ва кечки югуриш—соғлом ҳаёт муқаддимаси

Мактаб пайтида барчамиз жисмоний тарбия дарсида югуриш бўйича юкламаларни топширганмиз. Тан олиш керакки, бу мажбурий талаб бўлгани учун ҳам бизга унча маъқул машғулот эмасди. Баъзан эса яхши баҳо олиш учун ҳам бу топшириқни аъло даражада бажарганмиз. Аслида эса бу спорт тури одам организми учун кони фойда. Шунингдек, фикрлашни ҳам ривожлантиради, хотиржамликни таъминлайди.

Тонгги югуриш—танга бутун кун учун қувват, кечки югуриш—мияга дам бериб, кун интиҳосида енгил чарчоқ беради. Айтганча, плеер бунда сизга муносиб йўлдош бўлиши мумкин.

Албатта, сиз спортдан йироқ бўлсангиз, бунинг фойдасини бирданига сезишингиз қийин. Шунинг учун сизга югуришни бошлашингиз учун баъзи бир тавсиялар бермоқчимиз.

xLzDVzBCTt0-e1459760421265.jpg

 

Машқни дастлаб енгил югуриш билан бошлаш талаб этилади. Белгилаб олган маррани бирданига, тезлик билан босиб ўтишга уринманг, тана зўриқиши мумкин. Шунинг учун кучни тежаб, аста-секин югуринг, бурундан нафас олиб, оғиздан чиқаринг. Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъий назар, югуришга вақт ажратинг. Унутманг, бу биринчи галда сизнинг соғлигингизга фойда.

Югуришга тайёргарлик

Югуришдан аввал, албатта, танани қиздирувчи машқлар талаб этилади. Бунда мушаклар қизийди ва қотиб қолмайди. Бунга эътиборсиз бўлманг. Югуришга киришган дастлабки кунларда танани қиздириш 10-15 дақиқа давом этади. Кейинчалик бу вақт қисқариб бориши мумкин.  Қолаверса, бунда одам ўз танасига “қулоқ тутиши” керак. Чунки одам танаси қизиган-қизимаганини ўзи сезади.

5fd4f04a8cce6777e6a8f9f145fffab4-e1459760628855.jpg

 

Югуриш чоғида нафас олиш қоидаси

Югуриш пайтида тўғри нафас олиш жуда муҳим. Чунки нотўғри нафас олинганда кислород етишмаслиги сабабидан биқинда оғриқ туриши мумкин. Нафасни чуқур ва бир меъёрда олинг. Бурунда нафас олиб, оғиз ва бурундан чиқариш керак. Чуқур нафас олинганда кислород организмга яхши сингади ва ҳаво етишмаслик бўлмайди.

Югуриш пайтидаги оғриқлар

Биқинда оғриқ турганда югуриш темпини пасайтиринг ва чуқур нафас олинг. Оғриқ босилган, бир темпда югуришни давом эттириш мумкин. Юқорида таъкидланганидек, оғриқ организмда кислород етишмаслигидан келиб чиқади.

Югуриш учун кроссовкалар

nogi-e1459760112828.jpg

 

Югуриш пайтида оёқ кийимнинг тўғри танлови муҳим аҳамиятга эга. Спорт оёқ кийимлари савдо дўконига кирганингизда сотувчига югуриш жойини айтинг. Чунки спорт залидаги югуриш йўлакчасидаги югуриш билан асфальтда югуришнинг фарқи бор.

Спорт оёқ кийимидаги энг асосий хусусият — бу амортизация. Оёқ кийим қанчалик эгилувчан бўлса, зарбни шунча яхши қисқартиради, турли жароҳатларнинг олдини олади. Замонавий спорт оёқ кийимларида турли амортизацион материаллардан фойдаланилади. Югурувчининг вазнига кўра, унинг қалинлиги танланади. Одам қанчалик катта вазнда бўлса, оёқ кийимнинг таг қисми ҳам шунча қалин бўлиши керак. Ёки бунинг акси.

Югуриш учун кийимлар

Кийимнинг фарқи йўқ. Энг муҳими, югуришга қулай, эгилувчан ва ҳаракатга ҳалақит бермайдиган бўлсин. Кейин бунда мақсад ҳам аҳамиятга эга. Агар сиз вазн ташламоқчи бўлсангиз, унда махсус кийим кийиш талаб этилади. Масалан, озиш учун шим ёки бриджи. Улар яхши терлатади ва вазн камайиши сабаб бўлади. Шунингдек, сувнинг режимига ҳам эътибор қилинг. Организм чанқоқ сезмасин!

Ҳаммаси жуда оддий. Энг муҳими, эринмаслик ва эрта туриб, югуришни бошлаб олиш. Кейин бу ўзингизга ҳам ёқиб қолади ва одатга айланади. Ўқиш ва иш унумдорлиги ошганини аниқ сезасиз. Ҳар томонлама чиниқиб борасиз. Бунга оилангиз, фарзандларингизни ҳам жалб қилсангиз, нур устига нур.  Хўш, эртадан югуришни бошлаймизми?!

 

Югуришнинг фойдаси:

beg.jpg

 

Орқага Чоп этиш