ru uz
Артериал қон босимингиз ошдими? Бармоқларингизни уқаланг

Агар билсангиз, ҳар биримизнинг қўл кафтимиз, хусусан, бармоқларда биологик фаол нуқталар бор. Улар организмдаги безовталикларни бартараф этиш ҳамда кайфиятни кўтаришга хизмат қилади.

Бош бармоқ йўтални даволайди

5 дақиқа давомида бош бармоқ «ёстиқча»сини уқалаш нафас йўллари (айниқса, астма хуружи олди) касалликлари, бодомча бези яллиғланиши, изтиробли йўталда тавсия этилади. Куруқ ва ютинганда оғриқ берувчи йўтални енгиллаштиришда бош бармоқни пастдан юқорига қарата силаш лозим. Асабийлик, стресс, кучли чарчоқ таъсирида келиб чиққан бош оғриғининг чораси ҳам айнан бош бармоқни уқалаш ҳисобланади. Бунда бармоқ «ёстиқча»си 2-3 дақиқа мобайнида сиқиб турилади ва аста бўшатилади.

Кўрсаткич бармоқ: умуртқа оғриқлари безовта қилса...

Мушакларда спазм пайдо бўлса, кўрсаткич бармоқни иккинчи қўл кафти билан сиқиб туринг. Муолажа 5 дақиқага мўлжалланган. Умуртқа оғриқлари, белнинг қотиб қолишида кўрсаткич бармоқ «ёстиқча»сини уқалаш керак. Ушбу бармоқ меъда-ичакларга ҳам тўғридан-тўғри сигнал йўллайди. Ҳазм аъзолари фаолиятида бузилиш бўлганида, қабзият, диарея қийнаганида кўрсаткич бармоқни уқалаш безовталикни бартараф этади. Тўсатдан бошланган тиш оғриғида ҳам кўрсаткич бармоқни уқалаш керак.

Ўрта бармоқ: артериал қон босими назоратчиси!

Ўзингизни одатдагидан кўра ҳолсиз, толиққан сезяпсизми? Ўрта бармоқ «ёстиқча»сини бир неча дақиқа уқаланг. Мазкур усул қаттиқ асабийлашишда, хавотирланиш, қўрқув пайдо бўлганида ҳам асқатади. Мунтазам ўрта бармоқни уқалаб туриш артериал қон босими кўтарилиши хавфини камайтиради.

Номсиз бармоқ: толиққан кўзлар учун машқ

Қон томирлари спазми, артериал қон босими кўтарилиши, кўриш қобилияти пасайиши, шунингдек, кўзлар толиқишида номсиз бармоқ уқаланади Ҳиссиётларга жавобгар рефлекслар билан дўст тутинган номсиз бармоқ бир неча дақиқа силаб турилса, кайфият яхшиланади.

Жимжилоқ: эшитиш қобилияти ёмонлашса...

Асабийликка мойил бўлсангиз, кунора 5 дақиқали жимжилоқ бармоқ муолажасини ўтказинг. Бунда жимжилоқ бармоқ «ёстиқча»си енгил уқаланади. Кичик бармоқ ингичка ичакнинг бўшашиш рефлексига таъсир кўрсата олади. Сурункали қабзият қийнаса, жимжилоқни тез-тез уқалаб туринг. Бирдан юрак уриши тезлашиб кетганида, невралгия, эшитиш қобилияти пасайишида ҳам кичик бармоқни уқалаш усулидан фойдаланиш мумкин.

Кафтингизни бирлаштиринг

Иккала қўл кафти ўртасида бутун организмнинг фаоллиги учун масъул биологик нуқта жойлашган. Уни ишга тушириш учун қўл кафтларини бирлаштириб, бир-бирига енгил ишқаланг. Фаоллашган нуқта ўзидан қувват импульсини тарқатади. Унинг бир маромда ёйилиши учун қуйидаги ҳолатларга диққат қилинг:

Қўл кафтини мушт тугиб, очинг. Ўн марта.

Бармоқларни текис тутиб, ён томонга очиб-ёпинг. Худди елпиғич сингари. Саккиз маротаба.

Ҳар бир бармоқни асосидан бошлаб, учигача енгил уқаланг. 1-2 дақиқа. Уқалаш давомида иккинчи қўл бармоғининг бош, кўрсаткич ва ўрта бармоқлари ишлатилади.

Елка «қотиб» қолганида...

Номсиз ва жимжилоқ бармоқ ўртасида елка мушакларига сигнал йўлловчи нуқта жойлашган. Аввалига кўрсаткич бармоқ учи ёрдамида нуқтани топиб олинг. Сўнг уни бошбармоқ учи билан енгил уқалай бошлайсиз. Муолажа ҳар бир қўлда алоҳида ўтказилади.

Шамолладингизми ?

Кафтингизни очинг-да, ўрта ва номсиз бармоқларнинг ўртасидаги «касаллик нуқтасини» топинг. Иккинчи қўлнинг бош бармоғи ёрдамида аниқланган нуқга соат айланаси бўйича 2 дақиқа уқаланади. Мазкур усул шамоллаш асоратида келиб чикқан бош оғриғини енгиллаштиради.

Бурун битишида бармоқлар учини бирлаштириб, бир неча сония ушлаб туриш, сўнг кўйиб юбориш лозим. Икки бармоқ учининг ўзаро таъсирланишидан ҳосил бўлган қувват бурундаги сезги рефлексларини «уйғотади». Машқни беш-олти маротаба такрорлаш лозим.

Қабзиятнинг чораси

Ич қотиши бавосирга сабаб бўлмасин десангиз, қўл кафтидаги ингичка ичак учун масъул нуқтани тез-тез уқалаб туринг. Мазкур нуқта бош бармоқдан жимжилоққа қараб йўналган чизиқда жойлашган. Уқалаш муолажаси иккинчи қўлнинг бош бармоғи ёрдамида, ҳар бирида 1-2 дақиқадан бажарилади.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш