7 Апреля Всемирный день здоровья. осталось: 5 кунлари!
ru uz
Нафас тизими касалликларида жисмоний машқларни қўллаш.

Зотилжам (пневмония – ўпканинг яллиғланиши) ўчоқли (очаговый) ва зардоб йиғилган (крупозный) ҳолатда кечади.

          Ўчоғли зотилжам – бу ўпка тўқимасининг катта бўлмаган жойларининг ва бу жараёнга альвеоллалар ва бронхлар қўшилиб яллиғланишидир.

          Зардобли йиғилган зотилжам – бу ўткир инфекцион касаллик бўлиб, бунда яллиғланиш жараёни ўпканинг битта бўлагини эгаллайди.

          Ўчоқли ва зардоб йиғилган зотилжамда альвеоллаларнинг ичида экссудат пайдо бўлиб, у бутунлай сўрилиб кетиши ёки йирингли жараёнга ўтиши мумкин.    

          Зотилжамда ДЖТнинг қўлланилишига қарши кўрсатмалар :

-тана ҳароратининг юқори кўтарилиши;

-беморларда кузатиладиган яққол интоксикация (заҳарланиши);

-нафас олиш етишмаслиги;

-тахикардия ва ҳ.з.

          Тўшак ҳаракат тартиботида ДЖТни қўллаш.

          Вазифалари :

          1.Нафас олиш механикасини (ҳаракатларини) нормаллаштириш.

          2.Нафас олишнинг етишмаслигини камайтириш.       

          3.Ўпкадаги патологик ўчоғнинг сўрилишини кучайтириш.

          4.Ташқи нафас олиш функциясининг, юрак-қон томир, асаб, ошқозон-ичак ва бошқа системалар фаолиятини яхшилаш.

          5.Ателектаз ва тромб ҳосил бўлишининг олдини олиш.

          Беморларнинг 3 – 5 кун шифохонада бўлишларида тана ҳароратининг тушиши, юрак уруши тезлигининг камайиши ва лейкоцитоз кўрсаткичининг тушиши билан беморга даволовчи жисмоний тарбия буюрилади.

          Даволовчи гимгастика муолажаси якка тартибда ўтказилади. Муолажа статик нафас олиш машқларини бажариш билан бошланади. Методист ёрдамида бемор максимал чуқур нафас олишга ва лабларини найча қилиб узоқ вақт нафас чиқаришга ҳаракат қилдирилади. Шу билан бирга беморга диафрагмал нафас олиш машқи тавсия этилади. Ўтказилган нафас машқлари ўпканинг вентиляциясини яхшилашга, нафас олиш чуқурлигининг кўпайишига ва унинг тезлигини камайишига, диафрагманинг кўзғалишини кучайтиришга имкон беради. Касал томондаги ўпка вентияляциясини яхшилаш мақсадида бемор соғ ён бошда ётган дастлабки ҳолатга ўтказилади. Шу ҳолатда пайдо бўлиши мумкин бўлган асоратларнинг олдини олиш мақсадида орқа томон массаж қилинади. Муолажа давомида қўл-оёқ ва тана мушакларига машқлар берилади.

          Ярим тўшак ҳаракат тартиботида ДЖТни қўллаш (5 - 9 кун).

          Вазифалари :

          1.Нафас олиш механикасини янада такомиллаштириш.

          2.Нафас олишнинг етишмаслиги йўқотиш.

          3.Марказий нерв системасининг тонусини ошириш.

          4.Экссудатнинг сўрилиши ва чандиқ жараёнининг пайдо бўлишини олидини олиш.

          5.Ателектазлар бўлмаслигини олидини олиш.

          6.Ўпканинг дренаж функциясини яхшилаш.

          7.Юрак-қон томир ва бошқа системаларнинг функционал ҳолатларини тиклаш.

          Бу даврда статик нафас олиш машқларини орқада ва ён бошда ётган, ярим ўтирган ва ўтирган дастлабки ҳолатларида бажаришга тавсия берилади. Қўл ва оёқ учун машқлар нафас олиш машқлари билан биргаликда бажарилади (3 : 1 нисбатда) 3 – 4 кундан кейин даволовчи гимнастика муолажасига динамик ва махсус нафас олиш машқлари киритилади, улар ёрдамида балғамнинг яхши ва тез ажралишига, диафрагма қўзғалувчанлигининг ва нафас олишда иштирок этаётган мушаклар кучининг ошишига, периферик қон айланишининг фаоллашишига, ташқи нафас олиш функциясининг яхшиланишига эришилади.

          Эркин ҳаракат тартиботида ДЖТни қўллаш (10 – 12 кун).

          Вазифалари :

          1.Ташқи нафас олиш аппаратининг функциясини тиклаш.

          2.Нафас олиш органларини морфо-функционал тузилишини тўлиқ тиклаш ва зотилжамнинг қайтарилишини олдини олиш.

          3.Юрак-қон томир, ошқозон-ичак, нерв ва бошқа системаларнинг функционал ҳолатини тиклаш.

          4.Ўсиб борувчи жисмоний юкламаларга организмни мослаштириш.

          5.Беморни маиший ва касбий фаолиятга тайёрлаш.

          Эркин тартибот ўпка тўқималарида қолдиқ кўринишлари даври билан тўғри келади.

          Бу даврда динамик ва махсус нафас олиш машқлари ўтирган ва турган дастлабки холатларда бажариш маслахат берилади, шунингдек қўл оёқ, елка камари ва тана учун машқлар снарядлар (гимнастика нарвони, медицинбол, гантеллар ва бошқалар) билан биргаликда қўлланади.

          Беморлар касалхонадан чиққакларидан сўнг даволовчи гимнастика билан поликлиникаларда ва уй шароитида шуғулланишлари керак.

          Кучайтирадиган машқлар (гантеллар,булавалар,гимнастика скамейкаси ва нарвони) ва нафас олиш машқлари (динамик ва статик) машқларини бажарадилар.

          Орқа ва елка камари мушаклари учун қўл массажёрни, эспандерларни ва эластик бинтларни ишлатиш маслахат берилади, булар кўкрак қафаси, елка камари, қўл ва оёқларнинг мушакларининг кучини ўстиришга имкон беради ва умуртқа поғонасининг қўзғалиш ҳаракатини яхшилайди. Тренажёрларда машқлар бажариш (эшкак эсиш,”соғломлаштириш” ва югурувчи йўлка тренажёрлари, велоэргометр ва бошқалар) ва организмни чиниқтириш ва мустахкамлаш усулларини қўллаш (қуёш, сув, хаво) тавсия этилади.

          Бронхит (бронхларнинг яллиғланиши) касалликларида ДЖТ қўлланиш.

          ДЖТ қўллашга қарши кўрсатмалар:       

         -тана ҳароратининг юқори кўтарилиши;

         -нафас олишнинг етишмаслиги;

         -астма (нафас бўғилиши) ҳолати.

          ДЖТ вазифалари:

          1.Қон ва лимфа айланишларини кучайтириш.   

          2.Бронхларда яллиғланишдан пайдо бўлган ўзгаришларни камайтириш ёки йўқ қилиш.

          3.Бронхларнинг дренаж функциясини тиклаш.

          4.Бронхлар дарахтини маҳаллий ва умумий қаршилигини (резистентлигини) ошириш.

          5.Асоратларнинг олдини олиш.

          6.Организмнинг шамолаш касалликларига қаршилик кўрсатувчанлигини ошириш.

          ДЖТ ўткир жараёнинг пасайиши билан буюрилади. Касалликнинг биринчи  7-10 кунларида беморларга олдин статик нафас машқлари, кейинчалик динамик ва махсус нафас машқлари қўллаш тавсия этилади. Шундан сўнг ҳамма мушак гуруҳларига гимнастик снарядлардан фойдаланган ҳолда умумий ривожлантирувчи машқлар муолажа комплексига қўшилади.

          Беморлар шифохонадан чиққанларидан кейин, организмни чиниқтириш, чанғида ва конькида юриш, югуриш ва бошқа амалий спорт машқларини бажариш тавсия этилади.

          Бронхиал астма касаллигида ДЖТни қўллаш.

          Бронхиал астма касаллиги экспиратор нафас сиқилиши (бўғилиши) ҳуружлари билан характерланиб, бронхлар ва кичик бронхларнинг ички торайиши ва уларда экссудатнинг пайдо бўлишидан келиб чиқади.

          ДЖТни қўллашга қарши кўрсатмалар :

          -нафас етишмаслиги;

          -юрак фаолиятининг етишмаслиги;

          -тана ҳароратининг юқори кўтарилиши ва ҳ.з.

          Вазифалари :

          1.Бронх ва бронхиоллаларнинг торайишини (спазмини) камайтириш ва йўқотиш.

          2.Ўпка вентиляциясини яхшилаш.

          3.Ўпка ва бронхлар дренажини яхшилаш.

          4.Нафас олишда иштирок этувчи мушакларни мустахкамлаш.

          5.Кўкрак қафаси қўзғалувчанлигини ошириш.

          6.Тўқималарда қон ва лимфа айланишини яхшилаш.

          7.Марказий нерв системасида тормозланиш ва қўзғалиш жараёнларининг мувозанатини тиклаш.

          8.Ўсиб борувчи жисмоний юкламага организмни мослаштириш.

          9.Асоратларнинг олдини олиш.

          Даволовчи гимнастика муолажаси якка тартибда, кичик гуруҳ ва гуруҳ тартибида ўтказилади. Даволовчи гимнастика муолажаси беморнинг ёшига, ҳолатининг оғирлигига, нафас сиқилишининг тезлигига, кардиореспиратор системаларининг функционал ҳолатига қараб якка тартиби аниқланади. Муолажа вақтида кўкрак қафасини яхши экскурсия бўлишига ёрдам берувчи ва нафас чиқаришни енгиллаштирувчи қуйидаги дастлабки ҳолатлардан фойдаланиш мумкин : бош қисми кўтарилган кроватда орқа билан ётган, стулнинг суянчиғига таяниб ўтирган. Муолажа комплексида асосан нафас машқлари (кўкрак, диафрагмал, товушли), умумий ривожлантирувчи машқлар қўлланилади, шу билан бирга орқа массаж қилинади.

          Кичик гуруҳли ва гуруҳли тартибда асосан қуйидаги дастлабки ҳолатлар қўлланилади : ўтирган, стулга таяниб турган ва турган.

          Беморга шифохонада қўлланиладиган эрталабки бадан тарбия, даволовчи гимнастик муолажаси, беморларга бериладиган индивидуал топшириқлар ва меъёрли юриш шакллари тавсия этилади. Муолажа комплексига қуйидаги махсус машқлар киритилади : нафас чиқаришни узайтирган ҳолда нафас машқи, товушли гимнастик нафас машқлари, статик нафас машқи (диафрагмал), қўл мушакларини бўшаштирувчи машқлар, қорин олди мушакларни мустаклаш учун машқлар ва ҳ.з. Шу билан бир қаторда оддий ва енгил машқлар комплексга киритилади : қўл ва оёқларни букиш, ёзиш, келтириш, айлантириш, танани олдинга, орқага ва ён томонларга энгаштириш ва ҳ.з. Аста-секин снарядлар билан (медицинбол, гантелла, гимнастик таёқча) ва снарядларда (гимнастик скамейка, соғломлаштирувчи нарвон) бажариладиган машқлар тавсия этилади. Кўкрак қафаси, қовурғалараро, билак ва орқа мушакларини массаж қилиш буюрилади. Шифохонадан чиқиб, бемор даволовчи гимнастика муолажасини шифокор назоратида поликлиника ёки шифокор жисмоний тарбия диспансерида давом эттиради. Шу босқичда амалий спорт машқлари (эшкак эшиш, чанғида ва конькида юриш, югуриш, сузиш), спортга оид ўйинлар (волейбол, баскетбол) ва шифохонадан ташқарида қўлланиладиган терренкур шакли қўлланилиши тавсия этилади. 

  Ўпка эмфиземаси касаллигида ДЖТни қўллаш.

          Ўпка эмфиземаси – сурункали касаллик бўлиб, ўпка альвеоллаларининг кенгайиши, альаеолла деворларининг атрофияси ва ўпка тўқимасининг эластиклик хусусиятининг пасайишидир.

          Бу касалликда кўкрак қафаси кенгаяди, унинг экскурсияси камаяди, нафас чиқариш қийинлашади, нафас олишда иштирок этувчи мушакларнинг зўр бериб ишлаши, уларнинг толиқишини чақиради, юзаки нафас олиш ўсиб боради ва ўпканинг ҳаётий ҳажми камаяди, нафас олишнинг минутлик ҳажми фақат нафас олиш тезлиги ҳисобига таъминланади. Ўпка эмфиземаси бронхит, бронхиал астма, пневмосклероз касалликларидан кейин пайдо бўлади. Патологик жараённинг ривожланишида 3 та босқич фарқланади :

1.       Компенсация (ўрнини тўлдириш)

2.       Нафас олиш етишмаслигининг пайдо бўлиши

3.       Юрак ва нафас олиш функцияларининг етишмаслиги

Биринчи босқичда ДЖТнинг вазифалари :

-кўкрак қафаси қўзғалувчанлигини ошириш;

-нафас олиш мушакларини мустаҳкамлаш;

-диафрагмал нафас олишга ўргатиш;

-юрак мушакларини мустаҳкамлаш;

-организмни жисмоний ҳаракатларга (юкламаларга) мослаштириш;

-организмни чиниқтириш ва соғломлаштириш.

          Даволовчи жисмоний тарбиянинг даволовчи гимнастика муолажаси шаклидан кенг фойдаланилади, шу билан бирга меъёрли эшкак эшиш, сузиш, чанғида юриш тавсия этилади.

          Касалликнинг 2-босқичида ўпка эмфиземасининг яққол куринишлари ва нафас олиш етишмаслиги намаён бўлади. Даволовчи жисмоний тарбиянинг воситалари нафас олиш аппаратининг ва қон айланишнинг бузилиш даражаларига қараб қўлланилади.

          ДЖТнинг вазифалари:

          -нафас олиш етишмаслигига қарши курашиш;

          -нафас олишда иштирок этувчи мушакларни мустаҳкамлаш;

          -қон айланишини яхшилаш;

          -миокардни мустаҳкамлаш;

          -беморларни ўртача турмуш ва паст жисмоний ҳаракатларга функционал мослашишини ошириш.

          Бу вазифаларни бажариш учун ДЖТнинг даволовчи гимнастика муолажаси, меъёрли юриш ва сайр қилиш шаклларидан кенг фойдаланилади.

          Касалликнинг 3-босқичи нафас олиш ва юрак функцияларининг етишмаслиги билан характерланади.

          ДЖТнинг вазифалари :

          -хиссиёт тонусини ошириш;

          -нафас олиш аппаратининг фаолиятини яхшилаш;

          -нафас олиш етишмаслиги билан курашиш;

          -веноз қон димланишини йўқотиш;

          -миокардни қон билан таъминланишини яхшилаш;

          -организмни ўрта жисмоний ҳаракатларга (юкламаларга) мослаштиришни кучайтириш.

          Беморларга даволовчи гимнастика муолажаси, меъёрли сайр этиш тавсия этилади. Агар бемор сайр қилаётган вақтди нафас сиқилиши пайдо бўлса, у тўхташи лозим ва нафас олишни ва қон айланишини тартибга солиш учун нафас олиш машқларини бажариши керак.

          Даволовчи гимнастика муолажасида гимнастик машқларни махсус нафас машқлари билан алмаштирилиб турилиши, дам олиш паузалари билан бажарилиши тавсия этилади. Бемор организмининг жисмоний юкламаларга функционал мослашиши пасайганини эътиборга олиб, тавсия этилган машқлар катта дозаларда ва тез суръатда бажарилмайди. Даволовчи гимнастика муолажасида майда ва ўрта мушак гуруҳлари учун машқлар 4-6 марта, йирик мушаклар учун 2-4 марта ва махсус нафас машқлари учун 3-4 марта қайтарилиши тавсия этилади. Шу билан бирга кўкрак фақақси массаж қилинади.

Орқага Чоп этиш