ru uz
Гипотония касаллигида жисмоний машқлар

Гипотония касаллиги артериал қон босимининг пасайиши ва қон айланишининг регулятор механизмларининг бузилиши билан характерланади. Бу ўз навбатида артерияларнинг периферик қаршилигининг камайишига ва максимал қон босимнинг 100 мм.сим.уси. дан, минимал қон босимнинг 60 мм.сим.уст.дан пасайишига сабаб бўлади.

          ДЖТга қарши кўрсатмалар : гипотоник криз; мерцаль аритмия; параксизмал тахикардия; тез-тез бўладиган экстрасистола ва ҳ.з.

          ДЖТнинг вазифалари :

          -бош мия пўстлоғида қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларини нормаллаштириш;

          -янги шартли-рефлектор алоқаларни ҳосил қилиш;

          -томир тонусини нормаллаштириш;

          -миокарднинг қисқарилувчанлигини ошириш;

          -тўқималарда алмашинувни яхшилаш;

          -мушак тонусини ошириш;

          -жисмоний юкламаларга организмнинг мослашувини яхшилаш;

          -ҳаракат координациясини ва мувозанатни яхшилаш ва такомиллаштириш;

          -беморларнинг руҳий-эмоционал ҳолатини яхшилаш;

          -организмни соғломлаштириш ва умумий мустахкамлаш.

          Даволовчи гимнастик муолажада асосан ўтирган ва турган дастлабки ҳолатлардан кенг фойдаланилади. Организмни бериладиган жисмоний машқларга мослаштириш учун секин ва ўрта суръатларда, статик ва динамик нафас машқлари, координацияга ва мушакларни бўшаштирувчи машқлар тавсия қилиш билан олиб борилади. Муолажанинг асосий қисмида махсус машқлар берилади, жумладан снарядлар билан бажариладиган (1-2 кг вазндаги гантелла, медицинбол), қаршиликда бажариладиган машқлар (шериги билан, тренажерларда, резинали эспандер), статик ва изометрик машқлар (мушакларни кучлантириш, тўғри олдинга чўзилган қўллар билан гантеллани ушлаб туриш, ҳаракатларга қаршилик кўрсатиш), кучли, тез бажариладиган машқлар – югуриш, сакраш, координацияга машқлар, вестибуляр аппаратга машқлар (бошини  ҳаракатлантириш, турган жойида ва ҳаракат вақтида мувозанатга машқлар, очиқ ва ёпиқ кўз билан ҳаракат), нафас машқлари ва ҳ.з. Махсус машқлар умумий ривожлантирувчи ва бўшаштирувчи машқлар билан бирга ва алмаштириб олиб борилади. Машқлар асосан турган, ўтирган ва ётган дастлабки ҳолатларда олиб борилади. Даволовчи гимнастика муолажасидан ташқари беморларга эрталабки бадан тарбия, терренкур, меъёрий юриш, яқин туризм, ўйинли машғулотлар тавсия этилади. Воситаларидан спортга оид ўйинлар, тренажерларда машқлар, сувда бажариладиган машқлар, амалий спорт машқлари, оёқларга массаж тавсия этилади.

          Юрак-қон томир системаси касалликларида берилаётган ДЖТнинг самарадорлигини баҳолаш усуллари : пульсни ўлчаш; артериал қон босимини ўлчаш; беморларнинг объектив ва субъектив ҳолатлари; шифокор-педагогик назорат (машғулот зичлиги, физиологик эгри чизиқ ва машқларнинг организмга адекватлиги аниқланади); ЭКГ; эхокардиография; томирлар тонусини аниқлаш; қон анализи; юрак-қон томир системасининг функционал синамалари ва ҳ.з. 

Орқага Чоп этиш