7 Апреля Всемирный день здоровья. осталось: 3 куни!
ru uz
Миокарднинг ўткир инфарктида жисмоний машқларни қўллаш

Миокарднинг ўткир инфаркти миокарднинг қон билан таъминланишининг бузилиши ҳисобига юз берадиган некротик жараёнларнинг пайдо бўлиши билан характерланади. У сурункали юрак ишемик касаллигидан сўнг ривожланади. Миокард инфарктининг характерига ва асоратига қараб (майда ва йирик ўчоғли, трансмурал) қуйидаги қарши кўрсатмалар фарқланади :

          -тана ҳароратининг кўтарилиши;

          -доимий оғриқ синдроми;

          -мерцал аритмия;

          -тез-тез бўладиган экстрасистола.

          Беморларни даволашда тўшак, ярим тўшак (палата) ва эркин ҳаракат тартиботларидан фойдаланилади.

          Қатъий тўшак ҳаракат тартиботида беморлар ҳолатига қараб ўрта ҳисобда 4-7 кун бўладилар.

          ДЖТнинг вазифалари :

          -беморларнинг руҳий-эмоционал ҳолатини яхшилаш;

          -модда алмашинувини яхшилаш, айниқса миокардда;

          -бўлиши мумкин бўлган асоратларнинг олдини олиш;

          -экстракардиал қон айланиши омилларини яхшилаш;

          -диафрагмал нафасга ўргатиш;

          -ўзига-ўзи хизмат қилишнинг оддий усулларига ўргатиш;

          -елка бўғимида оғриқнинг ривожланишини ёки елка-қўл синдромининг ривожланишининг олдини олиш.

          Даволовчи гимнастика муолажаси орқада ётган дастлабки ҳолатда, ўрта ҳисобда 6-9 минут давомида олиб борилади. Муолажа давомида қўл-оёқларнинг майда ва ўрта мушак ва бўғимларига, диафрагмал ва физиологик нафас машқлари ва бошни аста-секин айлантириш машқлари тавсия этилади.

          Кенгайтирилган тўшак ҳаракат тартиботида беморлар ўрта ҳисобда ҳолатига қараб 1 кундан 14 кунгача, баъзи ҳолатларда 4-8 кундан 18-20 кунгача ёки 7-9 кундан 20-23 кунгача давом этиши мумкин.

           ДЖТнинг вазифалари :

          -лозим бўлса асоратларнинг олдини олишни давом эттириш;

          -қон айланишнинг экстракардиал омилларини аста-секин чиниқтириш;

          -системаларнинг ўзаро алоқаларини яхшилаш ва тиклаш;

          -вестибуляр аппаратнинг функционал ҳолатини тиклаш;

          -беморни ўтирган ҳолатга ўтказиш ва ўргатиш;

          -беморни туришга ва юришга тайёрлаш ва ҳ.з.

          Даволовчи гимнастика муолажаси вақтида машқлар орқада, ён бошда ётган, кроватда ва стулда ўтирган дастлабки ҳолатларда бажарилади. Орқада ётганда майда ва ўрта мушак ва бўғим гуруҳларига машқлар берилиб, машқлар комплексига аста-секин беморнинг аҳволини фаоллаштирувчи машқлар қўшиб борилади, яъни ёстиқдан бошни аста-секин кўтариш, қўллар билан қарама-қарши тиззаларга тортилиш, галма-галдан тўғри оёқларни ён томонларга ҳаракат қилдириш. Ён бошда ётган дастлабки ҳолат – юқорида оёқ тизза ва тос-сон бўғимида букилган, бир вақтнинг ўзида оёқни тўғрилаш ва қўлни юқорига кўтариш, бу машқлар диафрагмал ва физиологик нафас машқлари билан бирга олиб борилади. Бемор аста-секин кроватда ўтиришга ўргатилади. Кроватда ўтирган ҳолатда галма-галдан оёқларни тизза ва тос-сон бўғимида букилади, танаси аста-секин ён томонларга ва олдинга букилади, “юриш” машқи бажарилади, йирик мушакларга машқлар берилади. Бемор аста-секин стулга ўтказилади ва бу ҳолатда кескин ҳаракатлар бажарилмайди. Бу ҳолатда “юриш” имитацияси бажарилади, бемор стулга таянган ҳолда танасини кўтаради, тизза, тос-сон, елка ва билак бўғимларида ҳаракат қилади. Муолажа вақтида ҳамма машқлар секин суръатда бўшаштирувчи машқлар билан бирга олиб борилади. Муолажа кроватда ётган ҳолатда тугатилади. Даволовчи гимнастика муолажаси 10-15 минут давомида ўтказилади.

          Ярим тўшак (палата) ҳаракат тартиботи ўрта ҳисобда 14-кундан 18-кунгача, 18-кундан 22-кунгача ёки 23-29 кунларгача олиб борилади.

          ДЖТнинг вазифалари :

          -беморларни вертикал ҳолатга ўтказиш ва мослаштириш;

          -таянч-ҳаракат аппаратини аста-секин чиниқтириш;

          -аста-секин миокарднинг функционал ҳолатини яхшилаш;

          -палата миқёсида ўзига-ўзи хизмат қилишни ўргатиш ва ҳ.з.

          Даволовчи гимнастика муолажасининг давомийлиги 15-20 минут. Муолажада ётган, стулда ўтирган, стулга ёки кроватга таяниб турган дастлабки ҳолатлари тавсия этилади. Нафас машқлари билан бирга майда, ўрта ва йирик мушак гуруҳлари учун машқлари тавсия этилади. Машқлар секин суръатда бажарилиб, аста-секин суръати ошириб борилади. Муолажадан муолажага машқларнинг қайтарилиш сони ошириб борилади. Машқлар комплексига координацияга, мувозанатга машқлар ва меъёрий юриш киритилади. Палатада меъёрий юриш 1-куни 1-2 марта, 2-3 кунлари 3-4 марта бажарилади. Агар меъёрий юришнинг 3-4 кунларида салбий таъсирлар кузатилмаса, беморларга хожатхонага боришга рухсат этилади. Шу билан беморга орқа ва ёқа соҳаларини массаж қилиш тавсия этилади.

          Эркин ҳаракат тартиботи беморларнинг коридорга чиқиши билан бошланади. Ўрта ҳисобда 17-21 кунларгача, 22-25 кунларгача ёки 29-35 кунларгача давом этади.

          ДЖТнинг вазифалари :

          -юрак-қон томир системасини чиниқтириш;

          -таянч-ҳаракат аппаратини чиниқтиришни давом эттириш;

          -зинапояда юриш кўникмасини ўргатиш;

          -майиший кўникмаларга тайёрлаш ва ҳ.з.

          Муолажа ДЖТ залида олиб борилади. Гимнастик машқлар стулда ўтирган ёки турган дастлабки ҳолатларда бажарилади, кўпроқ муолажа вақтида стулда ўтирган дастлабки ҳолат қўлланилади. Ҳамма мушак гуруҳларига, координацияга, мувозанатга машқлар, нафас машқлари, умумий бўшаштирувчи машқлар тавсия этилиб, секин ва ўрта суръатларда бажарилади. Муолажанинг давомийлиги 25-30 минут, машқлар 5-8 мартагача қайтарилади. Даволовчи гимнастик муолажадан ташқари беморларга эрталабки бадан тарбия, меъёрли юриш, зинапоядан кўтарилиш ва бошқалар тавсия этилади. Меъёрли юриш 60 м/мин тезликдан бошланиб, 100 м/мин тезликкача олиб борилади. Зинапоядан кўтарилишда бемор нафас олишни тўғри бажариши керак, яъни нафасни ушлаб туриб машқ бажариш мумкин эмас. Бемор шифохонадан чиққанидан кейин санатор-курортда реабилитация ўтиши тавсия этилади. ДЖТ эркин авайловчи-чиниқтирувчи ҳаракат тартиботида буюрилади. У ерда даволовчи гимнастика муолажасида снарядлар билан умумий ривожлантирувчи машқлар, нафас машқлари билан бирга, тренажерларда машқлар – меъёрий юклама билан велотернажерда, орқа ва ёқа соҳаларига массаж, меъёрли юриш, сайр этиш, терренкур – кичик масофалардан бошлаб, масофани узайтириб бориш  тавсия этилади. Муолажа вақтида ва ундан сўнг машқларнинг самарадорлиги текширилади, яъни беморнинг АБ ва пульсини ўлчаш, объектив ва субъектив текшириш натижаларини баҳолаш, ЭКГ, Эхокардиография, спирометрия, велоэргометрда юклама тестини бажариш, қон анализи натижаларига қараб самарадорлик баҳоланади.

          Ҳаракат тартиботини кенгайтиришга организм томонидан адекват ва ноадекват реакциялар юзага келиши мумкин. Адекват реакцияларда – берилаётган юклама чўққисида пульс минутига 20 марта кўп уришгача ошади, систалик қон босими 10-20 мм.см.уст. гача ошади. Нодеават реакцияларда – аритмия, оғриқлар, кескин тахикардия  пайдо бўлади, систолик қон босими пасаяди, минутига 20-30 марта уришга ошган пульснинг дастлабки кўрсаткичига секин қайтиши кузатилади.

Орқага Чоп этиш