Ҳар биримизнинг рўзғоримизда топиладиган, арзон ва фойдали сули ёрмаси нафақат ошқозонни сийлайди, балки юз териси учун ҳам айни муддаодир. Диққат қилинг, ҳамёнбоп маҳсулотдан энг сара ниқоблар рецептини ҳавола этамиз.
Чайиниш учун...
Терингиз ўта таъсирчан турга мансуб бўлса, 2 ош қошиқ сули устидан 100 грамм қайноқ сувни қуйинг-да, ёрма шишиб чиққнига қадар қолдиринг. Бўктирилган сулини икки қават докадан ўтказиб, ажралган шираси билан юзингизни артинг. Бу усул ҳуснбузар тошганида қўлланилса, яхши натижа беради.
Скраблар
+ гуруч: тенг миқдорда гуруч ва сули ёрмасини қаҳвамайдалагичдан ўтказинг. Ҳосил бўлган аралашманинг 2 ош қошиғини озроқ қатиқ билан аралаштиринг-да, юзингизга суртинг. Енгил ҳаракатлар билан скрабни тери бўйлаб тарқатиб, сўнг илиқ сувда чайиб олсангиз кифоя. Мазкур усул ёғли юз териси учун мос келади;
+ бодом мағзи: бир сиқим бодом мағзини ҳовончада эзғиланг. 1 ош қошиқ сўли, 1 чой қошиқда асал ва алоэ шарбати билан аралаштирилган бодом мағзи терини оқартириб, доғлардан асар ҳам қолмайди;
+ ош тузи: 1 ош қошиқ сулини бир чимдим туз, 1—2 ош қошиқ ўсимлик ёғи (arap терингиз ёғли бўлса, мой ўрнига қатиқ ишлатиш) билан аралаштириб, скраб тайёрланг;
+ тухум: бир дона тухум оқини яхшилаб кўпиртиринг. 1 ош қошиқ сули ва 1 чой қошиқ асални қўшиб, ҳосил бўлган аралашмани юзингизга суртинг. Тери катаклари тозаланиши учун айланма ҳаракатлардан фойдаланинг.
Манба: "Суғдиёна " газетаси