6 Июля Ещё тестовое событие). осталось: 2 куни!
ru uz
50 + Юз териси эластиклигини тиклаймиз
50 + Юз териси эластиклигини тиклаймиз

Биз, аёллар неча ёшга кирсак ҳам, ҳамиша гўзал ва латофатли бўлишни истаймиз. Шундай экан ёшга доир ўзгаришларни фош этувчи асосий белги - юз терисининг осилиб қолишидан ҳафа бўлишимиз табиий. Косметологлар айтмоқми, юз териси тонусининг сезиларли даражада пасайиши 50 ёшдан сўнг айниқса, яққол кўзга ташланади. Ва бу пайтда алоҳида парвариш, косметологик муолажалар зарурдир.

Наҳот, мен қарияпман?
Ёш улғайгани сайин организмда коллаген моддаси кам миқдорда ишлаб чиқарила бошлайди. Натижада, терининг эластиклик хусусияти йўқола бориб, юз сўлғин тортади. Ияк атрофидан ташқари кўз, оғиз ҳамда бўйин соҳасида тери осилиши кузатилади.
Анчайин сезиларли даражада осилиб қолган юз терисини уй шароитида парваришлаш фойдасиз. Яхшиси, малакали мутахассисга мурожаат қилиш керак. Борди-ю юз териси тонуси эндигина камая бошлаган бўлса ва сиз бундан хабар топсангиз, дарҳол ҳаракатга киришинг. Ўз вақтида қилинган муолажа ижобий натижа беради.

Огоҳлантирувчи сигналлар
-  Тери тешикчалари кенгайиши;
-  ажинларнинг янада чуқурлашиши;
-  бурун ва лаб ўртасидаги учбурчак соҳада, шунингдек, кўз қовоқлари атрофида чизиқлар ҳосил бўлиши;
-  терининг рангсизланиши ва қуриши;
-  қош шакли ўзгариши.
Санаб ўтилган белгилар тери тонуси камаяётганидан дарак беради.

Косметологик муолажалар
Юз териси муаммоларини ҳал этишда қуйидаги усуллар ёрдам беради:
Криотерапия — совуқ босим таъсири остидаги муолажа. Мазкур гўзаллик муолажаси терида моддалар алмашинувини тезлаштирибгина қолмай, керакли моддалар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.
Мезотерапия — ияк соҳасидаги тери осилиб қолишини бартараф этишнинг энг машҳур ва самарали усулидир. Мезотерапияда юз тузилишини керакли даражада коррекцияловчи махсус гель ва зардоблар тери остига юборилади. Бурун ва лаб учбурчаги атрофига эса гиалурон қоришмаси киритилиб, тери силлиқланади.
Фотоёшартириш — махсус ускуна ёрдамида терининг эпидермис қатламига нурли импульслар юборилади. Терига чуқур синга оладиган нур импульси коллаген фаолиятини жадаллаштиради.
Ёдда тутинг! Косметологик муолажалар қон касалликлари, тери ва нафас тизими аъзолари, эпилепсия, саратон хасталиклари, ҳомиладорлик ҳамда эмизиш даврида тавсия этилмайди.

Ниқоблар энг хавфсиз усул
-  20 гр. қуруқ хамиртурушга 2-3 ош қошиқ илиқ сутни қўшинг-да, яхшилаб аралаштиринг. Аралашма тозаланган юз терисига суртилиб, 15-20 дақиқага қолдирилади. Ниқобни илиқ сувда чайиб олгач, намлантирувчи крем суртилади. Хамиртурушли ниқоб терини аъло даражада таранглаштиради.
-  100 гр. алоэ баргини 1—1,5 литр сувга солиб, 2 соат ивитиб қўйинг. Сўнгра алоэ барги солинган сув оловга қўйиб, қайнатилади. Икки қават докани қайнатмада ҳўллаб, терига компресс қиласиз. Муолажа ҳафтасига икки-уч маротаба, 10-15 дақиқадан бажарилса, тери тонуси ортади.

Юз гимнастикаси
1.  Бурундан чуқур нафас оласиз. Ана энди оғиз билан нафас олинг ва иякларни шиширинг. Шу ҳолатда 1 дақиқа турилади. Сўнг аста-секин меъёрий ҳолатга қайтилади.
2.  Оғиз билан нафас олинг-да, иягингизни шиширинг. Тасаввур қилинг, шу ҳолатда оғизда кичик шарча бор ва сиз уни бир лунжингиздан иккинчисига оширяпсиз. Машк беш-олти маротаба такрорлангач, оғиздаги ҳаво пастки лаб соҳасига туширилади. Ҳаволи шарча юқори ва пастки лаб ўртасида беш марта юргизилгач, машқни якунлаш мумкин.
3.  Чуқур нафас олиб иякларни шиширинг-да, дарров ҳавони чиқариб юборинг. Машқни беш-етти маротаба такрорлаш кифоя.

Таомномада гап кўп!
Барра сабзавот ва мевалар, кўкатлар, сут-қатиқ маҳсулотлари, балиқ, товуқ гўшти, ёнғоқ ҳамда ёрмалар овқатланиш рационининг асосини ташкил этиши лозим. Ҳар тановул вақтида, албатта, кўкатли салат истеъмол қилинг. Хоҳ бу кашнич бўлсин, хоҳ шивит, уларнинг бари организмни озиқлантирииб, ёшартиради.

Орқага Чоп этиш