ru uz
Растушевка -қошни тўкади?!

Киприкларингиз сийраклашса, буни дарров пайқайсиз. Аммо қошлар ҳақида бундай дейиш қийин. Ҳатто, ташқи кўринишига ўта эътиборли аёл ҳам камдан-кам ҳолларда қош тўкилишига эътибор беради. Биласиз, хозирда  қалин бўялган қошлар урфга кирди. Демак, қошлар парваришига ҳар қачонгидан-да аҳамиятли бўлмоқ лозим. Қуйида сизни қош тўкилишининг сабаблари ва уни бартараф этиш чоралари билан таништирамиз.

Биринчи cабаб — татуаж

Микроблейдинг, яъни кўпчиликка яхши таниш бўлган татуаж амалиёти нотўғри бажарилса, қошлар аста-секин тўкила бошлайди. Мутахассиснинг етарли даражада малакали
эмаслиги қошга ранг бериш технологияси тўғри қўлланмаслигининг асосий сабабидир.
Мисол учун:

  • пигмент модда тери остига керагидан кўп микдорда юборилса;
  • ранг берувчи бўёқнинг яроқлилик муддати ўтган бўлса;
  • бўёқни юбориш учун теридаги кесим ўрни нотўғри танланса, орадан кўп ўтмай қош тўкила бошлайди.

Тажрибали мутахассис пигмент модданинг аллергия бериш-бермаслигини кичик синалма билан текшириб кўради. Бунда ранг берувчи бўёқ қўл кафтига суртилиб, натижаси кутилади. Синалма ўтказилмаган ҳолатларда бўёқ қош терисини қичиштириши, тошма тошириши ва қош туклари камайишига сабаб бўлиши мумкин.

Татуаждан сўнг қош тукларининг сийраклашиб бораётганини сезсангиз, гўзаллик амалиёти ўтказилган салонга мурожаат қилинг ва бунинг сабабини аниқланг.

Бўёқ танлашда адашманг!

Қошга ранг бериш учун таклиф қилинаётган хина ва кимёвий ранг берувчи бўёқ таркибига аммиак қўшилган бўлса, қошларингизнинг ҳолига вой! Ахир аммиак кимёвий модда. Шу боис аммиак жуда кам микдорда қўшилган, сифатли бўёқ харид қилганда уни сув билан аралаштирилиш нисбатига аҳамият беринг. Ранги тўқроқ бўлсин, дея бўёқни кўпайтирманг.

Асабларии асранг, негаки...

Айрим турдаги дори воситалари, шунингдек, баъзи тиббий муолажалар қош тукларининг сийраклашиши, рангги ўзгаришига сабаб бўлади. Жумладан: депрессия, артрит, невроз ва гипертонияга қарши қўлланадиган дори воситаларини узоқ вақт давомида қабул қилиш қош туклари илдизини мўртлаштиради.

Бир йилда икки-уч мартадан ортиқ антибиотик истеъмол қилиш организмнинг табиий қувватини «кесади». Биласиз, иммунитет заифлашуви, энг аввало, соч, киприк ва қош тукларига салбий таъсир этади. Шу билан бирга узоқ вақт гормонал контрацепция воситаларини қабул қилиш ҳам қошларни сийраклаштиради.

Тўкилган қошлар ўрнида янгиси ўсиб чиқмаяптими? Дарҳол тери касалликлари шифохонасидаги трихолог мутахассис қабулига боринг. Негаки, ушбу ҳолат организмдаги қандайдир касалликлар белгиси бўлиши мумкин. Қош фоллекуласи етарли даражада озиқланмаса, у тез фурсатда нобуд бўлади ва тўкилган қош ўрни тўлиши қийин кечади. Мутахассисларнинг айтишича, қош тўкилиши сизни қуйидаги ҳодисалар ҳақида огоҳлантиради:

  • сўнгги кунларда қаттиқ асабийлашяпсиз. Кучли стресс, депрессия аломатлари кузатиляпти. Иммунитетингиз заифлашган. Зуддик билан чора кўринг.
  • Аутоиммун касалликлар: қизилча, ревматоидли артрит, Шегрен синдроми, дерматополимиозит, диабет касаллиги.
  • Инфекциялар, тери замбуруғлари.
  • Қалқонсимон без тизими ўзгаришлари.
  • Авитаминоз.

Кун тартибингиз қандай?

Жисмоний ва ақлий меҳнат юкламаси меъёридан ортиқ даражада бўлса, организм қувватсизланади. Моддалар алмашинуви бузилади. Бунинг таъсирида эса соч тўкилиши, қуш туклари сийраклашиши мумкин. Шунингдек уйқуга тўймаслик ҳам камон қошларга путр етказиши мумкин. Кўп қовурилган, аччиқ, шўр, дудланган таом ва егуликлар, консерва маҳсулотларини мунтазам истеъмол витаминлар заҳирасини камайтиради. Газланган ва спиртли ичимликларга ружу қўйиш ҳам гўзаллик кушандасидир.

Шу ўринда қош тўкилишининг ирсията боғлиқлик занжирини ҳам унутмаслик керак.

 Онангиздан суриштириб кўринг, эҳтимол сиздаги ўзгаришлар унда ҳам айнан шу ёшида содир бўлгандир.

Ҳомиладорлик, аёлнинг эмизикли даври. Менапауза ҳамда 50 ёшдан кейинги вош тўкилишини нормал ҳолат деб баҳолаш мумкин.

Парваришлаймиз!

Ҳафтада икки-уч маротаба қошларни қаттиқ тишли тароқчада таранг. Қош терисида қон айланиши яхшиланса, қош фоллекуласига озуқа моддалари етиб келиши осонлашади.

Қошга ранг беришда узоқ муддат сақланувчи бўёқлардан фойдаланманг. Парабен ва консервантлардан иборат қалам, тушь воситаларини камроқ ишлатганингиз маъқул.

Гўшт, жигар, балиқ, яшил баргли сабзавотлар, мевалар, сут маҳсулотлари, ёнғоқ ва тухум овқатланиш рационининг асосини ташкил этсин.

Стрессли вазиятлардан ҳимояланинг. Қош тўкилиши бу вақтинчалик ўзгариш, холос. Кўпам куюнаверманг-да, парвариш чораларига диққат қаратинг. Сиз қанчалик аса- бийлашсангиз, организмнинг тикланиши шунчалик секин амалга ошади.

Ниқоблар ҳам бор!

Қош рангини тиниқлаштириш, тукларини мустаҳкамлаш мақсадида бир қанча ниқоблар тавсия этилади. Қуйида улар билан таништирамиз:

  • ўртача катталикдаги битта пиёзни гўштқиймалагичдан чиқаринг. Шарбатини икки қаватли докадан ўтказиб олинг-да, 15 мл. канакунжут мойи, 1 ош қошиқ асал ва бир дона тухум сариғи билан аралаштиринг. Ниқоб қошларга суртилгач, 15 дақиқадан сўнг ювилади.
  • Битта алоэ барги шарбатига 1 чой қошиқ асални аралаштириб, ниқоб тайёрланг. Қош тукларини мустаҳкамловчи ниқоб 10 дақиқага суртилади.
  • 1 чой қошиқ асални бир дона тухум сариғи, 10 мл. зайтун ёғи ва икки-уч томчи исталган эфир мойи билан аралаштиринг. Қош рангини тиниқлаштирувчи ниқоб 10 дақиқага суртилиб, сўнг илиқ сувда чайиб олинади.
  • Қирғичдан ўтказилган битта сабзи шарбатига бир ампула Е витаминини қўшинг. Яхшилаб аралаштиргач, юпқа қилиб қош устига суртасиз.

Уқалаш усули

  • Ҳар куни уйқуга ётишдан олдин қошларингизни уқалаб туринг. Бунинг учун бармоқ учларини бирлаштириб, қош терисини енгил чимдиб оласиз. 8—10 дақиқали муолажа қош терисини қизартириб юбориши мумкин, аммо бу хавотирли эмас. Қош териси қуруқшаб қолган бўлса, бармоқ учини бодом мойи ёки ўсимлик ёғига ботириб олинг.

 

Орқага Чоп этиш