1 Декабря Всемирный день борьбы со СПИДом. осталось: 2 куни!
ru uz
Пардоз воситалари аллергияга сабабми?

Белгилари қандай?

Агар пардозни якунлагач қичишиш, ачишиш, қизариш, кўз остида кўкимтир доғларни сезсангиз, шиш ва қопчалар пайдо бўлса, кўз ўз-ўзидан ёшланиб, ҳуснбузар ёки тошма тоша бошласа, лабингиз қуруқлашиб кетса билингки, атир-упангиз аллергик реакцияни юзага келтирди. Бундай ҳолларда дарҳол юзни илиқ сув билан ювиб, табиий мойлардан бири билан тозалаш мумкин. Кўзларни эса чой ёки мойчечак дамламасида чайган афзал.

«Душман»ларни таниб оламиз

Пардоз воситалари таркибидаги аллергия чақирувчи «душман»ларимиз асосан учта:

  1. Консервантлар. Ҳар қандай атир-упа таркибида бўлади. Кўпинча миқдори аҳамиятга эга. Уни аниқлаш учун эса воситанинг яроқлилик муддатига эътибор қаратинг. Муддат қанча узоқ бўлса, таркибидаги консервантлар шунча кўп.
  2. Ифорлар. Пардоз воситаси қанчалик ўткир ифор таратса, демак, таркибида ароматизаторлар шунча кўп. Нафас йўллари орқали танага тушган қўзғатувчилар эса бошқаларига қараганда хавфлироқ саналади. Баъзи ҳолларда табиий ифорлар ёки эфир мойлари сунъийларидан кўра кўпроқ хавф туғдириши мумкин. Масалан, бергамот ёки цитрус меваларнинг эфир мойлари аллергияга мойилликни оширади. Шунинг учун харид чоғида воситанинг ифорига учманг.
  3. Бўёқлар. Лаб бўёғи таркибидаги аналин ранг берувчиси, қош ва кўз қаламларидаги хром, кумуш, никель металл тузлар хастапикнинг қўзғатувчилари ҳисобланади. Албатта, бу моддаларни бошқа косметик воситалар таркибида ҳам учратиш мумкин. Бироқ айнан лаб ва кўз орқали организмга тушиш эҳтимоли юқори. Ёдда сақланг, пардоз воситаси қанчалик ёрқин, сақланиш муддати узоқ бўлса, агрессив қўзғатувчилар шунча кўп бўлади.

Қай бири хавфлироқ?

Агар қандай турдаги пардоз воситалари аллергик реакцияни келтириб чиқаришини жадвал қиладиган бўлсак, унинг бошида сувга чидамли тушь туради. Кейинги қаторларни узоқ муддат сақланиб турадиган лаб бўёғи, тана ва юз учун мўлжалланган кремлар, совун ва душ учун гель эгаллайди. Шампунь ҳам жадвалнинг олди поғоналарида туради. Бундан ташқари, шеллак маникюри кўпгина гўзалларни ноқулай аҳволга солиб қўймокда. Хўш, нима қилиш керак? Ахир пардоз-андоздан воз кечинг дейиш, умуман, кўчага чиқманг, дейиш билан баробар- ку? Яхшиси, расталардан «гипоаллерген» ёзувли воситаларни изланг. Тўғри, улар нохушликдан юз фоиз ҳимоялайди, дея олмаймиз. Аммо ҳеч бўлмаганда минглаб кўнгиллиларда синалиб, текширилиб, кейин ишлаб чиқарилганини биласиз.

Бу эса ишонч уйғотади.

Қолаверса, аллергия юзага келгани, доим ҳам воситанинг сифатсиз эканидан дарак беравермайди. Шунчаки, танангиз ундаги қайсидир моддани қабул қилмаяпти. Ўша модда қайсилигини дерматолог-шифокор билан биргаликда аниқлаб, ўзингизга мос косметикани танласангиз муаммонгиз осон ҳал бўлади.

Синалган восита панд берса-чи?

  • Дарҳол яроқлилик муддатига диққат қилинг. Муддати ўтганларидан асло фойдаланманг.
  • Баъзи пардоз воситалари қадоғи очилгандан кейин кислород билан кимёвий реакцияга кириб, таркибидаги моддалар ўзгаради ва ножўя таъсирларни келтириб чиқаради. Фойдаланиб бўлгач, қопқоғини ёпиш ёддан чиқмасин.
  • Балки воситани нотўғри қўллагандирсиз? Мабодо, қўл учун мўлжалланган кремни юзга суртмаганмидингиз?
  • Сақпаш қоидаларига риоя қилинмаганида ҳам аллергия юзага келади. Масалан, ультрабинафша нурлар таъсирида атир-упа, соч учун лак каби воситалар ўз хусусиятларини ўзгартиради.
  •  Касал бўлмабмидингиз? Чунки дорилар организм аввал нормал ҳисоблаган воситага бошқача реакция билдириши мумкин.
     

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш