6 Июля Ещё тестовое событие). осталось: 2 куни!
ru uz
Сочларим ёғланяпти денг..... Чораси бор!

Иссиқ кунларда сочларимиз, айниқса, ёғланиб қолаётгандек туюлаверади. Қишда бу камчиликни яшириш имкони бўлса, ҳозир ноилож ҳар куни ювишга тўғри келади. Лекин бундан аҳвол яна ҳам ёмонлашаверади. Бош териси тез ёғланишининг олдини олиш учун ним килиш керак? Ўзи соч нима сабабдан ёғланади?

Чораси бор!

Бош териси остида ёғ безлари борлигини ва улар терини ташқи омиллардан ҳимоялаш мақсадида маълум микдорда ёғ ишлаб чиқаришини биласиз. Мана шу безлар фаолияти бузилганида эса сочнинг ёғланиши муаммога айланади. Аслида нохушликнинг сабаблари бисёр, шулардан кенг тарқалганларини санаб ўтамиз:

  • овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар;
  • гормонал ўзгаришлар;
  • носоғлом турмуш тарзи;
  • қаҳва, шоколад ва ёғли таомларни кўп истеъмол қилиш ҳам ёғ безлари фаолиятининг бузилишига олиб келади.

Кўп миқдорда ишлаб чиқарилган ёғ сочнинг ўсиш йўлига тиқилиб қолади. Ўсишга қийналган толалар эса кучсизланиб, тўкила бошлайди.

Ювганда кўп тўкилаяптими?

Кўпгина аёлларимиз бошни ювиш чоғида жуда кўп микдорда соч тўкилишидан шикоят қилишади. Ваҳима қилишга ҳожат йўқ. Аслида толаларнинг катта қисми бир неча кун давомида тўкилган бўлиб, шунчаки ёғга ёпишиб қолади. Шунинг учун бошни ювганингизда тушган толалар кўзингизга кўпдек кўринади. Бунда шампунь ёки бошқа парвариш воситаларининг айби йўқ. Бироқ тўкилган сочларингиз орасида эндигина ривожлана бошлаган ёки калта толаларнинг кўплигини сезсангиз, мутахассисга мурожаат қилиш учун асосингиз етарли ҳисобланади.

Тузли скраб

Биринчи навбатда, парвариш воситаларини тўғри танлаш лозим. Бундан ташқари, ҳафтада бир марта бош терисини скраб ёрдамида тозалаш талаб этилади. Бунинг учун дўконга бориб, махсус восита харид қилишингиз шарт эмас. Ҳар бир хонадонда топиладиган майда туздан 1 ош қошиқ оласиз-да, шунча миқдордаги соч учун ниқоб ёки бальзамга аралаштириб, нам бош терисига суртасиз. Яхшилаб ишқалаганингиздан кейин илиқ сув билан чайиб ташлайсиз. Охирида бошни шампунь билан ювсангиз ҳам бўлади.

Камроқ ювинг

 Бош терисининг тез ёғланишидан азият чекаётган кишиларга сочни имкон қадар камроқ ювиш тавсия этилади. Масалан, ҳафтада икки марта. Шунда организмингиз ёғ ишлаб чиқарилишини меъёрда ушлашга ўрганади. Лекин замонавий аёл учун ёғли соч билан кўчага чиқиш уят ҳисобланади. Ташвишланманг, бунда сизга табиий хина ва басма ёрдам беради. Ёки қуруқ шампунь харид қилсангиз ҳам бўлади. Айтганча, бальзам ва шампунлар таркибидаги силикон моддаси атрофдаги чанг ва ҳаводаги моддаларни ўзига сингдириб олиб, сочнинг тез кирланишига сабаб бўлишини ҳам инобатга олинг. Шунинг учун имкон қадар қадоғида «силиконсиз» деган ёзуви бор воситаларни танланг. Айниқса, дорихоналардан харид қилинадиган воситалардан фойдаланган мақсадга мувофиқ. Фақат ўзбошимчалик билан эмас, мутахассис тавсиясига кўра.

Қазғоқ жонингизга тегдими?

Қазғоқдан халос бўлиш учун фойдаланадиган шампунингизга икки фоизли сульсена суртмасидан қўшсангиз бўлади. Хоҳ ёғли, хоҳ қуруқ терида қазқоқ пайдо бўлиши кўпинча рух моддасининг етишмаётганини билдиради. Шунинг учун денгиз маҳсулотлари ва ёнғоқлардан имкон қадар кўпроқ истеъмол қилинг.

Салондаги муолажаларчи?

Гўзаллик салонларида бошдаги ёғ безлари фаолиятини нормаллаштириш учун витаминли уколлар (мезотерапия), пилинг ва озонотерапия муолажалари таклиф этилади. Мазкур усулларни муаммонинг даражасига қараб беш-саккиз марта амалга ошириш мумкин.

Орқага Чоп этиш