ru uz
Ажинларми? Чораси – уқалаш!

Ҳap бир аёлни ташвишга соладиган бу муаммога қарши ўзимиз билган қораларни қўллаймиз. Кимдир кремларни самарали деб ҳисобласа, бошқалар лазер нурларини афзал кўришади. 

Аввал анатомия
Тери остида мушаклар жойлашганлигини анатомия фанида ўрганганмиз. Ва тери шу мушакларга ёпишиб туришидан ҳам хабаримиз бор. Ёш ўтгани сари ёки камҳаракатлилик туфайли мушакларнинг ҳажми қисқара бошлайди. Натижада уларга ёпишган тери ҳам бўришиб қолади.
Шу тариқа ажинлар юзага келади. Бу жараённи имкон қадар секинлаштириш учун эса мушаклар кисқаришининг олдини олишга ҳаракат қилиш даркор. Биламизки, танадаги мушаклар жисмоний машқлар туфайли катталашади, ўсади. Юздагиларини эса уқалаш ёрдамида ўз ҳолича сақлаб туриш мумкин. Бундан ташқари, юздаги шишлар ва кўз остидаги қопчалардан халос булишда, шунингдек, тери рангини тиниқлаштириш учун ҳам айнан уқалаш муолажаси тавсия этилади.

Наҳотки, натижа вақтинчалик?
Муолажадан кейин аёллар «Дастлаб фойдаси бўлади-ю, кейинчалик тери аввалги ҳолига қайтиб қолди-да», дея нолишади. Ёки мушаклар «эринчоқ» бўлиб қолишидан ҳадиксирашади. Юқорида уқалаш муолажасини жисмоний машқларга қиёсладик. Маълумки, спорт билан бир кунгина шуғуллансангиз, бир неча кунгача тетик юрасиз, холос. Кейин бари дастлабки ҳолига қайтади. Уқалашда ҳам ҳудди шундай. Бир марталик муолажа билан тўй ва тадбирларингизни ўтказиб олишингиз мумкин, лекин давомий натижага эриша олмайсиз.

Ёш ҳам аҳамиятга эга
Агар мутахассис уқалаш техникасини тўғри танласа, ёшга доир чегаралар йўқ. Шундай бўлса-да, аксарият косметологлар уқалашни биринчи ажинлар пайдо бўладиган давр, 30 ёшдан кейингина бошлашни самарали деб ҳисоблашади.

Қай тури кимга мос?
Бугунги кунда юз, бўйин ва бўйин атрофи соҳасини уқалашнинг кўплаб турлари мавжуд. Шулардан кенг тарқалганлари классик, пластик ва Жаке услубидаги уқалаш ҳисобланади. Классик ва пластик уқалаш маълум ҳаракатлар жамланмасини такрорлаш бўлиб, умумий ҳолатни яхшилашга йўналтирилган. Бундан ташқари, муаммонинг турига қараб, алоҳида уқалаш турларини ҳам танлашингиз мумкин. Масалан, юздаги шиш ва кўз ости қопчаларидан халос бўлиш учун лимфодринаж, ҳуснбузар ва унинг асоратларини даволаш учун Жакега мурожаат этган афзал. Уқалаш турини мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда танлаган маъкул.


Ботоксдан сўнг қўлласа-чи?
Ботулотоксин инъекцияси уқалаш муолажаси учун қарши кўрсатма эмас. Игнали муолажадан бир ой утгач, уқалашни амалга ошириш мумкин. Бироқ бу мижоз учун натижани чиппакка чиқариш билан баравар. Чунки уқалаш қон айланишини яхшилайди ва препаратнинг сингишини тезлаштиради. Шунинг учун аввал уқалаш амалиётини ўтказиб, кейин бошқа муолажаларни қўллаш тавсия этилади.

Қанча давом этади?
Жараённинг неча соат давом этиши танланган техникага боғлиқ. Масалан, Жаке усулида уқалаш 15-30 дақиқа давом этса, 1-1,5 соатлик амалиётлар ҳам мавжуд. Бироқ одатда 20-25 дақиқа етарли ҳисобланади. Уқалашни йилда бир-икки курс (10-15 мартадан) такрорлаб туриш мақсадга мувофиқ саналади.

Эслатма!
Гарчи уқалаш самарали муолажа бўлса-да, жуда чуқур ажинлардан халос этишга қодир эмас. Янаям аниқроғи, ундан муъжиза кутманг! Агар ажинлар чуқур жойлашган бўлса, косметологиянинг бошқа самарали усулларини қўллашингиз мумкин. Нотўғри амалга оширилган уқалаш муолажаси қон- томирлари ва лимфа тизимига зиён етказиши мумкин.

Орқага Чоп этиш