1 Марта Всемирный день иммунитета. осталось: 2 куни!
4 Марта Всемирный день борьбы против туберкулеза. осталось: 5 кунлари!
ru uz
Антипресперант харид қиламизми ёки дезодарант? Қай бирини танлаймиз?

Терлашга қарши воситаларнинг қадоғида «дезодорант» ва «антиперспирант» деган ёзувга кўзингиз тушади. Хўш, уларнинг фарқи нимада? Биринчи навбатда, уларнинг таркиби ва қўллаш усуллари бошқа-бошқа эканлигини таъкидлашни истардик.

Демак, дезодорант ўткир ҳидли восита бўлиб, айнан ўша ҳид ҳисобига тананинг бадбўйлигини яширади. У терлашга қарши курашмайди. Таркибида спирт сақлагани учун терини қуритиши мумкин. Аллергияга мойил кишиларга ўткир ифорли воситалар тавсия этилмайди. Расталарда таркибида «спирт 0 га тенг» деган ёзувли воситалар ҳам бор. Улардаги спирт ўрнини триклозан моддаси алмаштиради. Бу моддани хавфсизлар қаторига қўшиш мумкин.

«Антиперспирант». Унинг таркибидаги алюминий тузлари (алюминийхлорид) тер ажралувчи катакчаларни худди қопқоққа ўхшаб ёпиб қўяди. Шу ўринда бу хавфли эмасми, деган савол туғилиши табиий. Танамизда 3000 тадан 7000 тагача тер безлари мавжуд бўлиб, баъзиларининг фаолияти механик тарзда чекланганда, бошқалари жадалроқ ишлай бошлайди, натижада тер, барибир, организмдан чиқиб кетади.

Даволовчи турлари ҳам бор

Антиперспирантларнинг махсус даволовчи турлари ҳам борки, уларни фақат дорихоналардан харид қилишингиз мумкин. Оддийларида алюминий тузлари миқдори 1-2 фоизни ташкил этса, даволовчиларида 15-20 фоизга етади. Одатда дерматолог-шифокор тавсиясига кўра кучли терлашни бартараф этиш учун кўлланилади. Уларнинг худди дори воситаси сингари қўллаш йўриқномаси ҳам бўлади. Даволовчи воситани тоза ва қуруқ терига, иложи бўлса кечқурун уйқудан аввал, баданни феннинг илиқ ҳавосида қуритиб, кейин суртилади. Шунда кимёвий моддалар ўз таъсирини кўрсата бошлайди. Нам терига қўлланилган антиперспирант бутунлай бесамар ҳисобланади. Шунингдек, даволовчи воситаларни кўп терлайдиган аъзолар: қўл, оёқ, лабнинг устки қисмига ҳам қўллаш мумкин.

Болаларга керакмас

Ўсмир ёшга етмаган болаларнинг организмида апокрин тер безлари ишламаганлиги боис тер ҳиди ўткир бўлмайди. Болаларга ўсмир ёшга қадар дезодорант ва антиперспирантлардан фойдаланиш тавсия этилмайди.

Кийимда из қолдирмайдиганидан танланг

Бугунги кунда шарчали, спрейли, гелли ва совунли антиперспирантлар мавжуд бўлиб, улардан шарчали ва геллиси либосда деярли из қолдирмаслиги аниқланган. Спрей ва совунли тури эса озми-кўпми из қолдириши мумкин. Восита хариди чоғида шу маълумотни инобатга олиб кўйсангиз, янглишмайсиз. Яна таркибига диққат билан назар ташланг, агар «тальк» сўзи бўлса, либосда оқ доғлар қолдириши мумкинлигини эътибордан четда қолдирманг.

Саратон чақириши ростми?

Оксфорд университети олимлари томонидан эълон қилинган мақолада антиперспирантлар саратон чақириши ҳақидаги фараз тасдиқланмаганлиги маълум қилинган. Бироқ бу воситаларни эндигина мўйлардан тозаланган терига қўллаш мумкин эмаслигини унутманг. Иккинчи муҳим қоида эса оддий антиперспирант ва дезодорантлардан фойдаланганингиздан кейин уйқуга кетишдан аввал, албатта, душ қабул қилинг. Шунда тери катаклари нафас ола бошлайди. Спорт билан шуғулланишни режалаштирган бўлсангиз, воситалардан фойдаланмаганингиз маъқул.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш