ru uz
Яқинингизнинг тутқаноғи бўлса... Уни қўллаб қувватланг

Ташхис пухта бўлсин!

Эпилепсия касаллиги охиригача тўлиқ ўрганилмаган ҳасталиклардан бири саналади. Аммо бу давоси йўқ дегани эмас. Авваламбор, ташхис аниқ ва тўлиқ бўлиши лозим. Бир неча кун ёйинки ўн беш кун давомида стационар шароитида кузатиб, ташхис қўйилиб, бир-икки текширувларга асосланиб ҳулоса қилиш билан кифояланиш нотўғри. Ўзингизга маълум, инсон то тирик экан, мия фаолият юритишдан бирзум ҳам тўхтамайди. Ухлаётганимизда ҳам унинг маълум қисмлари уйғоқ бўлади. Шунга кўра, тутқаноқ хуружлари турли пайтда, турли даражада юз бериб, давомийлиги ҳам турлича бўлиши мумкин. Бунинг устига, бош мия одам танасидаги энг мураккаб ва кўп иш бажарувчи орган ҳисобланади. Унинг ўз фаолиятини бажара олмаслиги ёки зўриқиши сабаб танада юзага келадиган титроқлар, ҳушдан кетиш ҳолатларини чуқурроқ ўрганиш вақт ва сабр талаб этади.

Айнан қандай ҳолатда бош мияда ўчоқли ўзгаришлар бўлаётганини тўлиқ аниқлаш учун суткалик холтер-мониторинг ЭЭГга мурожаат қи­лиш шарт. Бунда бошга электродлар уланган маҳсус шлем кийдирилади. Беморга ёки унинг атрофидагиларга ноқулайлик туғдирмаслиги учун устидан бирор бош кийим кийиш мумкин. Бемор шу ҳолатда бир-икки ёки етти кунлаб одатий турмуш тарзини давом эттиради. Дейлик, ўқитувчи бўлса, ишлайверади, кундалик юмушларини бажаради. Турли жараёнларда бош мия фаолиятида қандай ўзгаришлар юз бераётгани кузатилади. Кузатувларга асосланиб, мутахассислар бемордаги эпилепсия иш фаолияти билан боғлиқми ёки асабийлашиш, ҳаяжонланиш оқибатида юзага келаяптими аниқлашади. Тинч ҳолатда бош мияни ўрганиш натижаси эса қониқарли бўлмайди. Яъни тутқаноқни келтириб чиқараётган сабаблар барчада бирдек кўзга ташланавермайди.

Бундан ташқари, баъзида касалликни ташхислашда бошқа тор доирадаги мутахассислар травматолог, стоматолог, офтальмолог, лор, окулист, нейрохирург, жарроҳ кабилар ёрдамига зарурат туғилади.

Аввал касалликнинг турини аниқлаб олинг

  1. Бирламчи (идеопатик) турида хасталик насл суриш оқибатида юзага келади. Дейлик, бош мияда ўчоқли ўзгариш бўлмаса-да, нерв йўлларида реакция кузатилади.
  2. Иккиламчи (симптоматик) эпилепсия бошқа орттирилган хасталиклар таъсирида тутқаноқ бош кўтариши билан таснифланади. Булар: бош мия жароҳатлари, турли хил заҳарланишлар, бош
    миядаги кисталар ва нерв тўқималарида пайдо бўлган ўсмалар, ҳомила ривожланишидаги
    нуқсонлар, бола туғилаётганда олган жароҳатлар.
  3. Криптоген – ҳеч қандай сабабларсиз юзага келадиган тутқаноқ. Бу турда бош мия ЭЭГ қилинса ҳам, сабаб аниқланмайди. Шундай кезларда тор доирадаги мутахассисларга мурожаат қилинади. Чунки бош мияда ўзгариш, касаллик қўзғатувчи сабаб йўқ. Ошқозон-ичак, кўз, қулоқ, тишлар, яъни танадаги
    бошқа органлар фаолиятидаги бузилишлар тутқаноқ билан акс этаётган бўлиши эҳтимоли ҳам
    йўқ эмас.

Индивидуал тарзда, касалликни келтириб чиқарувчи сабабларга кўра олиб борилади. Аввало, бош мия фаолиятини яхшилаш, ортиқча зўриқиш ва хуружларнинг олдини олишга эътибор қаратилади. Муолажанинг икки ҳил усули мавжуд. Дори-дармон воситалари ёрдамида даволаш ва дори-дармонларсиз даволаш. Бу икки усул алоҳида эмас, баробар олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Дори-дармонларсиз даволаш қўшимча усул бўлиб, инсон организми дорилардан заҳарланмаслиги ва ўрганиб қолмаслиги учун муҳим. Улар қуйидагилар:

  • Аввало бемор узини эхтиёт килиши керак. Хуруж белгилари — бош айланиши, кўнгил айниши, қўл-оёқлар ҳаракатининг ўзгариши кабиларни сезиши билан тинч жойга ўтиб, 10-20 дақиқа ухлаб олиши керак. Хотиржамлик, тинчлик зарур. Бироз қўполроқ туюлса-да, бир мисолни келтирамиз: компьютер ортиқча юклама билан ишлаганида уни «перезаг­рузка» қиламиз. Инсон бош мияси ҳам вақти-вақти билан «перезагрузка» қилинишга муҳтож. Тутқаноқ хуруж қила бошлаганда-ку шарт. Агар эпилепсия билан ҳасталанган бемор ёш бола бўлса, катталар унда хуруж аломатларини сезиши билан болани тинчлантириб, ухлатишга ҳаракат қилишлари лозим. Қолаверса, бемор атрофида тиғли, бурчакли нарса-буюмлар бўлмаслигига аҳамият беринг. Талваса бошланган бўлса, уни чап томонга ёнбошлаб ётқизган ҳолатда ушлаб туриш ке­рак. Фақат қўл-оёқларини қаттиқ сиқиб ушламаслик лозим. Тутқаноқни жисмоний куч билан тўхтатишга уриниш нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Беморнинг юрак уриши, нафас олиши ва кўз қорачиқларига эътибор беринг. Хавф сезилса ва талваса давомийлиги 3-4 дақиқадан чўзилса, албатта, «Тез ёрдам»га мурожаат қилинг.
  • Тинчлантирувчи воситалар, масалан, ифорлар. Инсонларнинг ҳар бири ўзига ҳос феъл эгаси бўлгани сабаб уларга ёқувчи ифорлар ҳам фарқланади. Кимгадир райҳон ҳиди ёқса, ким­гадир мевалар ифори хуш келади. Шунга қараб беморнинг ён-атрофидан ёқимли ифорлар таралишига замин яратинг. Агар ҳидга ҳуши йўқ одам бўлса, ўзидан ўткир ҳид тарқатувчи воситаларни узоқлаштиринг.
  • Сокин мусиқалар айни муддао. Илк қўшиқларимиздан алла болаларни уйқуга элитса, катталарга симфоник асарлар, дейлик, Моцарт, Бах, Султонали Рахметов яратган мусиқалар хотиржамлик бахш этади. Шовқинсиз, зарбли чолҳу асбоблари иштирокидан ҳоли ва қўшиқ матнисиз асарлар бош мияга босим ўгказмасдан, асабларни ҳам тинчлантиради.
  • Спорт турини танлаётганда, албатта, оғирларини четлаб ўтиш лозим. Шахмат-шашка умуман тақиқланади. Сабаби бош миянинг зўриқишига олиб келади. Шунингдек, қизиқарли математика, мураккаб алгебра, геометрия каби фанларни ўрганишда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Болалар ақлни чархловчи фанларни аста-секин, иложи борича, индиви­дуал тарзда тўгаракларда ўзлаштирганлари дуруст. Спортга қайтсак, мураббий назорати остида сузиш, йога ва енгил атлетиканинг гилам устида бажариш мумкин бўлган машқлари тавсия этилади. Бу спорт турларида муаммо туғилмаса ва натижалар ижобий бўлса, теннис машғулотларига ҳам қатнашиш мумкин. Фақат босқичма-босқич ҳаракатланишни унутманг: аввал сузиш, енгил атле­тика ёки йога, кейин тен­нис.

Дориларга ўрганиб қолиш ростми?

Кўпчилик, айниқса, ёш боласига эпилепсия ташхиси қўйилган ота-оналар дори воситаларини рад этишади. Тутқаноқнинг оғир турларида қўлланувчи, таркибида нар­котик моддалар мавжуд бўлган препаратлар тез-тез ва кўп миқдорда қабул қилинганида организмнинг уларга талаби ошади. Бу муаммони бартараф этиш учун невропатолог, психиатр ва нарколог ҳамкорлигида муолажа қилиниши шарт. Муолажа давомийлиги 3 ойдан 2 йилгача чўзилиши мумкин.

Тинчлантирувчи, хуружларни камайтирувчи ва бош мия фаолиятини яхшиловчи воситалар эса ўзбошимчалик билан ичилмасдан, белгиланган миқдорда қабул қилинишига эътибор қаратинг.

Операция сўнгги чора?

Эпилепсияда жарроҳлик амалиёти хавф даражаси ошгани сабаб қўлланиладиган охирги даво усули саналмайди. Яъни қайси ҳолатда операция таклиф этилиши мутаҳассислар маслаҳати билан индивидуал тарзда белгиланади. Масалан, беморлардан бирида лазер усулида бош миясида операция ўтказилди. Амалиётдан олдин ҳар ойда етти-саккиз марта тутқаноқ ҳуружи кузатилган бўлса, жарроҳликдан сўнг ойига бир марта содир бўлаяпти. Бош миясида эса чандиқлар кичрайган ва камайган. Бизда кўпчилик операциядан чўчийди. Шу сабаб ҳам бошқа давлатларга қараганда нейро-хирургик амалиётлар камроқ ўтказилади.
Ваҳоланки, амалиёт тиғсиз, лазер нури ёрдамида амалга оширилади.

Тақиқланади

  • асабийлашиш;
  • спиртли ичимликлар ичиш;
  • чекиш;
  • қалампир, мурч каби аччиқ маҳсулотлар истеъмоли;
  • газли ичимликлар, сунъий бўёқлар қўшилган шарбат ва егуликлар;
  • ёлғиз қолиш.

Меҳр беринг!

Даво муолажаси биринчи галда беморнинг ҳаёт тарзини яхшилашга қаратилади.

Шундай экан, яқинлари уларни қўллаб- қувватлаши, тушуниши, эътиборли ва сабрли бўлишлари муҳим. Иложи борича, ёлғиз қолдирманг, тушкун кайфият қамраб олишига йўл қўйманг. Доим кайфиятини кўтариб, ҳаётга муҳаббатини оширинг! Агар ишхонангизда ҳамкасбингиз ёки ўқувчингизда тутқаноқ бор бқлса, унинг чарчаб қолмаслигига, бир-бир ярим соатдан дам олишига, асабийлашмаслигига имкон яра­тинг. МЕҲР-МУҲАББАТЛИ БЎЛИНГ!

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш