1 Марта Всемирный день иммунитета. осталось: 1 кун!
4 Марта Всемирный день борьбы против туберкулеза. осталось: 4 куни!
ru uz
Болангиз қайсарми? муаммо сизда!

Кризис даврининг ўзига ҳосликлари

Ҳар бир инсон умри давомида катта-кичик кризис даврларини бошдан кечиради. Болаликдаги кризислар қуйидагича таснифланади:

3 ёш кризиси. Бола шу пайтгача ўзини ота- онаси билан бир бутун деб ҳис қилган бўлса, энди унда ўз «мен»и шаклланаяпти. Ўзи қадам ташлаб юраяпти, ўзи овқатланаяпти, гапираяпти. Шу сабаб бу паллада инжиққина болакайга айланиб қолишади. «Ширгуруч емайман», «Ухламайман» дея қилаётган тўполонлари эркатойингиз ҳаётида янги палла бошланганидан дарак бўлиши мумкин.

7 ёш кризиси. Кичкинтойнинг онгида ўзгаришлар бўлди, ҳарф танияпти, атроф-муҳит ҳақида маълумотлардан боҳабар, мактабга чиққан, кундалик жадвали ўзгарган. Ўзгаришлар, янгиликлар таъсирида ҳам қайсаргина бўлиб қолган.

Ўсмирлик даври кризиси катта мавзу бўлиб, унга қуйироқда алоҳида тўхталамиз.

Насл сурадими?

Қизиқ савол булди-ку, дейсизми? Ахир қайсарлик ҳасталикмас- ки, авлоддан-авлодга ўтса. Аммо қайноналарнинг «Неварам келинимнинг ўзи, билганидан қолмайди», дея ёзғиришлари, аёллар «Отангга ўхшаб ўжарсан», дея болани койишлари савол туғдиради-да. Ҳеч бир бола қайсар бўлиб туғилмайди. Бу феъл насл ҳам сурмайди, шаклланади, таъбир жоиз бўлса, «тарбияланади». Бироқ қайсар ота- онанинг фарзанди ёки болаларидан бирида бу сифат кўзга ташланиши эҳтимоли юқори. Чунки улар қайсарона муно­сабат таъсирида катта бўлишаяпти. Ўжар ота- оналарнинг болалари олдида икки йўл қолади: Биринчиси, катталарнинг барча айтганлари­га, хоҳишларига кўниб, ўз «мен»ини синдириб, ювошгина бўлиб улғайиш.

Иккинчиси, қайсарлик билан қаршилик кўрсатиш.

Кучли болалар иккинчи йўлни танлашади, кучсизлари эса кўнишади. Кундек равшанки, улар танлаган йўллар ечим эмас.

Сабабсиз оқибат йўқ

Болаларнинг қайсаргина бўлиб қолиши юқорида санаб ўтганимиз - кризис даврлари билан боғлиқ бўлса, вақт ўтгач, ҳаммаси жойига тушиб кетиши мумкин. Аммо ўжарлигининг негизида бошқа омиллар ётса, албатта, ишлаш керак. Айрим сабабларни санаб ўтамиз, эътибор қаратинг:

Оиланинг бутун ёки осойишта эмаслиги. Болалар катталарнинг эътиборини ўзига тортиш, меҳрга қониш учун қайсарлик қилишади. Муаммо қизингизнинг чўмилмайман дейиши-ю ўғлингизнинг эрталабдан кечгача бир мультфильмни қайта-қайта томоша қилиб, вақтида дам олмаслигида эмас. Муаммо ўз ташвишлари билан ўралашиб қолиб, болага вақтида ва етарлича эътибор қарата олмаётган сиз - катталарда.

Жисмоний оғриқлар, касалликлар. Фарзандингиз арзимаган нарса учун ҳам исён қилиб, йиғлаб, уйни бошига кўтарса, унинг саломатлигига диққат қилинг. Балки шу кунгача бирор ҳасталикни бошдан ўтказгандир ёки айни пайтда жони оғриётгандир. У танасидаги оғриқларни тушунмаслиги табиий. Тушунтира олмаслиги-ку инчунин. Шунинг учун дарров болажонингизга бетарбия деган тамғани ёпиштирманг. Шифокорга учрашинг, нега асаблари таранг тортаяпти — аниқланг ва даволатинг.

Сезгирлик. Кичкинтойлар шунчалар сезгир бўлишадики, ота-онаси унинг қайсарлигига қандай муносабат қилаётганини зумда пайқашади. Бир-икки марта мақсадига ўжарлик билан эришгач, буни одат қилиб олишади.

Болалик. Яъни болалар ўзлари нима исташларини ҳар доим ҳам билаверишмайди. Хоҳишларини ҳам тўғри ифодалай олишмайди. Сиз уни тушунмаганингиз сари исёни ошиб бораверади.

Барчаси ўз қўлимизда!

Болада муаммо борми, хоҳ у саломатлик билан боғлиқ бўлсин, хоҳ руҳият билан, бу онада муаммо бор дегани. Чунки бола туғилганида оппоқ қоғоздек гўё. Унга нима ёзсангиз, йиллар давомида ўшани ўқиб бораверасиз. Демак, матннинг маъно-моҳияти қандай бўлиши сизнинг қўлингизда.

Зўрдан зўр чиқиш керакми?

Одатда қайсаргина болаларнинг ота-оналари қандай йўл тутишади?

Марҳамат, жавоблар билан танишинг ва ўзингиз фойдаланадиган усулни белгиланг:

А. «Қулоғим тинчисин дея, тезроқ айтганига кўнаман».

В. «Аввал овозимни кўтараман, кейин бақираман, охири қўл кўтараман».

С. «Ҳеч нарса қилмай, жим эшитаман».

«С» жавобни танлаган бўлсангиз, демак, фарзандингизни тушунишга ҳаракат қиласиз. «А» ва «В» вариантлардан бири сизга тегишли бўлса, мақоламизни янада диққат билан ўқишни тавсия этамиз.

Қайсар деб ўзи кимга айтилади? Минг қўрқитманг, минг уришманг, ўзиникидан қайтмайдиганларга. Хўш, сизнинг жаҳлингиз ошиб боргани сари фарзандингиз ҳам айтганида қаттиқроқ тура бошлайди. Бу вазиятда зўрдан зўр чиқиб, муаммони ечиб бўлмайди. Битта натижага эришиш мумкин: боланинг руҳини синдирасиз. Унинг йўриғига юриш билан ҳам ечим топилмайди.       

Муносабатни ўзгартирамиз!

Болани тарбиялашга шошманг.

Биринчи навбатда, ўз устингизда ишланг.

Жигарбандингизнинг қайсарлигига нисбатан муносабатингизни ўзгартирсангиз, унинг ҳам узгарганига гувоҳ бўласиз. Яъни у икки оёғни бир этикка тиқиб олганида сизда қандай реакция кузатилади?
Жаҳл, асабийлашиш, ўзингизни айблаш – мана шу ҳис-туйғулар билан ишлаш лозим.

Рухшунос ёрдами талаб этиладими? Ха, болага эмас, ота-онага, айниқса, онага.

Сабр қилинг. Ички хотиржамликни йўқотманг! Болангиз қайсарлик билан жаҳл қилаяптими, қўйиб беринг, у агрессиясидан ҳалос бўлсин. Хархашаси оламни тутаётган пайтда гапирганингизнинг фойдаси йўқ, эшитмайди. Яхшиси, босим ўтказмасдан кутинг. Тинчлангач, секин тушунтирасиз.

Тушунтиришни билинг. Демак, келишиб олдик, болага қаттиққўллик билан золимона муносабатда бўлмаймиз. Урмаймиз, қарғамаймиз, уришмаймиз. Ҳаракат қилсак, уддалаймиз. Яхши гапга тушунмайди дейсизми? Ҳамма болалар гапга тушунади, фақат айрим ота-оналар уларга гап тушунтира олмайди. Масалан, нега болалар чўмилиши, вақтида ухлаши керак? Бу унинг саломатлиги учун муҳимлигини қўғирчоқ театри ташкил қилиш билан англатиш мумкин.

Рағбатни унутманг. Бола бола-да. Ижобий ҳаракати учун мақтаб қўйиш, рағбатлантириш ҳисобига ҳам уни катталарга қулоқ соладиган болага айлантира оласиз.

Энг муҳими, сабабни аниқланг. Масалан, «Боғчага бормайман» дейиши замирида ўжарлик эмас, қўрқув ётган бўлиши мумкин. Нима учун фарзандингиз қайсидир ҳаракатни амалга оширишни истамаяпти? Нега исён қилаяпти? Бу саволларга жавоб топишингиз шарт.

 

Қайсарлик=қатъият?!

Қайсарлик ўз фикрида собит туришми? Хўш, болалар ўз фикрига эгами? Ахир ўсмир ёшдагиларнинг ҳам ҳали ўз фикри шаклланиб улгурмаган бўлади-ку! Болаларда фақат хоҳиш бор. Улар воқеа-ҳодисалар, нарса-буюмларга хоҳлайман ёки хоҳламайман, ёқади-ёқмайди тарзида муносабат билдиришади. Аммо истакларига қулоқ тутмай, ўзингизникини ўтказишга ҳаракат қилаверсангиз, келажакда ҳеч қачон ўз фикрига эга бўла олмайди. Туғри, истаганига қўйиб бериш ҳам ярамайди. Мувозанатни топиш муҳим. Бунинг учун, бот-бот такрорлаганимиз - қайсарликнинг сабабларини аниқлаш даркор.

Яна бир гап, ўжарлик билан мақсадига эришадиганлар муваффақият завқини ҳис қилишмайди. Улар ўз истакларини асабийлашиш, куч-қувватини нотўғри сарфлаш эвазига амалга оширишади. Натижада, руҳий муаммоларга бир қанча касалликлар ҳам шерик бўлиши ҳеч гап эмас.

Ўжар ўсмирлар

Ўсмирлик даври инсон ҳаётидаги энг катта ўтиш даврларидан бири саналиб, бу вақтда болаларнинг ота-оналарга қаршилиги кучаяди. Чунки улар мустақилликка интилишади. Ўсмирлар оила даврасидан эмас, кўчадан авторитет излай бошлайди. Сиз ҳам тарбиянинг янги босқичига ўтинг. Ялиниб ўртоқ бўлиб олинг, демаймиз.
Бир ханча оддий хоидаларга амал хилинг:

  • Сизни эшитишини истайсизми - аввал, сиз уни эшитинг,
  • Ҳурмат қилишини хоҳлайсизми - сиз ҳам уни ҳурмат қилинг.

«Сочингнинг аҳволини қара, тўғирлаб ол», «Бу нима жиннича юриш, кийимингни ўзгартир», деб беписандлик ёки мазах қилиш оҳангида гапирманг. Қайсарликларига сабр билан муносабат билдиринг. Организмдаги ўзгаришлар натижаси бўлиши ҳам мумкин унинг қилиқлари. Вақти-соати етиб ўтиб кетадиган ўзгаришларни ваҳима билан муаммога айлантириб юборманг.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш