ru uz
Кайфиятим яхши-ю, қовоғимдан қор ёғади

Шарқ халқларида азал-азалдан бодомқовоқ аёллар жозибадор саналган. Бироқ вақт ўтиши ва ернинг тортишиш кучи ҳисобига қовоқ териси ўзгаришга юз тутади. Натижада, нигоҳ чарчаган, чеҳра эса ғамгин тус ола бошлайди. Шу сабабдан аксарият аёлларни салқиган қовоқлар муаммоси ўйлантиради. Муаммога ечим топиш мақсадида энг содда усулдан жарроҳликкача бўлган чораларни кўриб чи- қишни тавсия этамиз.

Пластиналарни синаб кўринг

Ижтимоий тармоқларда кўзингиз тушган бўлса керак, бугунги кунда шакли ярим ойни эслатувчи, шаффоф, икки томонига елим суртилган махсус пластиналар ишлаб чиқарилмокда. Япон ва корейс аёллари орасида улар жуда машҳур. Улардан фойдаланишни кўзлаган бўлсангиз, пинцет ёрдамида юқори қовокдаги суяк орасига ортиқча терини киритиб, ёпишқоқ пластер ёрдамида мустаҳкамлаб қўясиз. Устидан бемалол пардоз воситаларингизни суртсангиз бўлади. Фақат бу амалиёт бироз машаққатли бўлиб, қўлингиз келишиши учун узоқ машқ қилишингизга туғри келади. Кореяда ишлаб чиқарилган косметик воситалар сотиладиган дўконлардан суриштирсангиз ёки интернет дўконларига буюртма берсангиз ҳам бўлади.

Блефаропластика

Мутахассислар муаммонинг охирги чораси сифатида блефаропластика жарроҳлик амалиётини тавсия этишмокда. Бу амалиёт ёрдамида қовокдаги ортиқча ёғ, мушак тўқималари ва тери олиб ташланади. Ушбу жаррохдик амалиёти давомида нафақат устки қовоқларингизни кичрайтиришингиз, балки бир йўла кўз остидаги қопчалардан ҳам халос бўлишингиз мумкин. Қолаверса, операияга алоҳида тайёргарлик кўриш шарт эмас. Қон ва бир қанча зарурий таҳлилларни топширсангиз кифоя. Аммо қон босимининг юқорилиги, кўзнинг ҳаддан ортиқ қуруқлиги, сурункали ёки ўткир конъюнктивит, инфекцияли хасталиклар, қон ивиши билан боғлиқ муаммоларда блефаропластика амалиётини ўтказиш тавсия этилмайди. Жарроҳлик давомида умумий ёки маҳаллий оғриқсизлантирувчи усуллар ёрдамига мурожаат қилинади. У ўртача 40 дақиқадан 2 соатгача давом этиши мумкин.

Бемор 1-2 соат шифокорлар назорати остида бўлгач, бемалол уйига кетса бўлади.

 Балки мезоипларни синаб кўрарсиз?

Агар жарроҳ тиғидан қўрқсангиз, оғриқ қолдирувчи дори воситаларига аллергиянгиз бўлса, айнан шу усул сизга мос келиши мумкин. Улар натижани 1-2 йилга сақлаб туриш имкониятини беради. Бироқ терининг яллиғланиши, ўткир инфекцион хасталиклар, онкологик касалликлар, терининг чандиқларга мойиллиги, гемофилия (қон касалликлари), аутоиммун касалликлар, ҳомиладорлик ва эмизикли давр, невроз ва психоз хасталикларида амалиётни ўтказиш тақиқланади. Муаммонинг турига қараб, мутахассис 10 тадан 20 тагача иплардан фойдаланиши мумкин.

Жаррохликдан сўнг...

Терининг бутунлигига зиён етгач, турли шишлар кузатилиши табиий ҳол ҳисобланади. Одатда, улар бир неча кундан икки ҳафтагача давом этади. Шишларни камайтириш учун эса совуқ компресслар ва махсус суртмалар тавсия этилади.

Кўпинча, биринчи  ҳафтада иплар ечилади. Амалиётни бошдан кечирган беморларга бир неча ой давомида эгилиш, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, оғир кўтариш ва телевизор ёки компьютерга тикилиб, кўзни зўриқтириш мумкин эмас. Баъзилар блефаропластика кўзнинг кўриш қобилиятига таъсир кўрсатишидан хавотирга тушишади. Кўнглингизни хотиржам қилаверинг, жарроҳликнинг кўриш қобилиятига ҳеч қандай таъсири йўқ. Замонавий эстетик жарроҳлик блефаропластика натижасини янада яхшилаш мақсадида лазер ёрдамига ҳам мурожаат этмоқда. Урта ҳисобда натижа 8-10 йилгача сақланиб қолади.

 

Манба:  "Сўғдиёна"  газетаси

 

Орқага Чоп этиш