ru uz
Тутқаноқнинг давоси топилдими?

Маълум муддатга онгнинг йўқотилиши, вегетатив ва сезги талвасасининг юзага келиши - эпилепсия ёки тутқаноқ номи билан юритилади. Хасталик, хуружларнинг сони ёки қай даражада содир бўлиши билангина хавфли эмас, ўз вақтида бажарилмаган муолажа кейинчалик ақли заифликка олиб келиши мумкин. Хўш, жиддий асоратларнинг пайдо бўлмаслиги учун нималарга аҳамият бериш лоэим?

ЭПИЛЕПСИЯ, БУ - КАСАЛЛИК, «ИССИҚ-СОВУҚ» БЕЛГИСИ ЭМАС!

Хасталик ҳақида сўз юритишдан аввал тутқаноқ кўп йиллардан буён шифокорларни ўйлантириб келаётган муаммо эканлигини ва бу айнан тиббиётга доир патология ҳисобланишини айтмоқчимиз. Негаки, айримлар фикрича, нафаси кучли домлага ўқитиш, доривор гиёҳлар билан даволайдиган табибларга мурожаат қилиш кабилар эпилепсияга кор қилиши мумкин. Бироқ бу мутлақо нотўғри фараз!

Миядаги ўзгаришлар натижасида келиб чиқадиган тутқаноқ фақат малакали шифокорлар назоратидагина даволаниши шарт! Яна бир муҳим ҳолатга диққат қилинг: эпилепсия билан оғриган беморларга нисбатан «Турмуш қурса, ўтиб кетади» деган талқинда ёндашиш мантиқсиз иш. Муолажа қилинсагина, оила қуриш, фарзанд кўриш муаммо бўлмайди.

Илк белгилар қандай бўлади?

• Агар эпилепсия туғма кўринишда бўлса, илк аломатлари, яъни би- ринчи хуруж 16-20 ёшлар атрофида содир бўлади. Хуруж бошланаётганда бемор ўзига хос сезги ҳиссини туяди. Шуниси қизиққи, бу жараён ҳар кимда турлича кечади. Масалан, кимдир аллақандай ҳидни сезади, кимдадир ноодатии товушларни эшитиш, эт увишиши, кўз олдида тасвирнинг ўзгариши (галлюцинация) юз бериши мумкин. Бу бош миядаги эпилепсик ўчоқ ишига боғлиқ. Агар эпилепсик ўчоқ кўрув марказида жойлашган бўлса, кўз олдида турли-туман ҳолатлар гавдаланади, эшитув марказида бўлганида товушлар эшитилади. Сезги марказида жойлашган эпилепсик ўчоқ, кўл-оёқ ҳаракатининг ўзгаришини пайдо қилади ва шундан сўнг талваса хуружи бошланади. Тутқаноқ билан оғриган беморлар талваса хуружларининг қай тариқа бошланишини бора-бора фарқлай олишади. Хуружнинг биринчи босқичи (ёки аура) дея таснифланадиган мазкур ҳодиса бир неча сониядан ярим кунгача давом этиши мумкин.

Беморнинг ҳушидан кетиши ва талвасанинг бошланиши хуружнинг иккинчи босқичидир. Талвасалар ҳам икки турга бўлинади: клоник ва тоник. Клоник талвасада кўл-оёқ мушаклари тортишиб-бўшашиб туради. Тоник талвасада эса кўл-оёқ ҳаракати чекланади, яъни мушаклар қотиб қолади. Хуружлар 2-5 дақиқа давом этиши мумкин. Бу пайтда бемор нафас олмайди, мушаклар тортишиб қолгани ҳисобига оғиздан кўпик
келади, терида кўкариш юз беради.  Мушаклар сиқилгани туфайли пешоб ёки ахлат тутолмаслик ҳолати ҳам келиб чиқиш мумкин.

 Хуруждан сўнг бемор ўзига кела бошлайди чуқур-чуқур нафас олади
ва шундан сўнг учинчи босқичга ўтилади. Учинчи босқич беморнинг уйқуга кетиши билан ифодаланади. Уйқу бемор аҳволини ўнгланишига ёрдам беради.

Туғма ва орттирилган турлари

Эпилепсия асосан икки турга бўлинади: бирламчи, яъни туғма ва орттирилган. Туғма эпилепсия наслда наслга ўтувчи хасталик ҳисобланади. Орттирилгани эса бошқа касалликлар асоратида келиб чиқадиган ҳодисадир. Мисол учун, мияга қон қуйилиши, жароҳатлар, ўсма касалликлари, яллиғланиш жараёнларининг ножўя оқибатлари - тутқаноқ талвасасини пайдо қилиши мумкин.

Туғма эпилепсия боланинг кичиклигидаёқ белги бериши мумкин. Тана ҳарорати кўтарилганида содир бўладиган фебрил талваса, пешоб тутолмаслик, тунги алаҳсираш (ўз ўзи билан сўзлашиши), ойпарастлик (лунатизм) кабилар эпилептик аломатлар дейилса- да, 3—5 ёшдан сўнг бош миядаги ўзгаришларнинг меъёрга келиши сабаб ўгиб кетади. Аммо кейинчалик тутқаноқ ташхиси қўйилган беморларнинг барчасида юқорида санаб ўтилган бирламчи эпилептик белгилгининг кузатилгани қайд этилади.

Даво чоралари кўрилмаса...

Эпилепсия билан оғриган бемор ўз вақтида даволанмаса, бир йилда бир-ўн беш мартагача касаллик хуружига дучор бўлиши мумкин. Талваса хуружлари шунчаки содир бўлмайди, балки ҳар сафар миядаги мингга яқин нерв ҳужайраларини нобуд
қилади. Жараён янада тушунарлироқ бўлиши учун апельсин мевасини кўз олдингизга келтиринг. Ҳар бир хуруж вақти мингтадан ҳужайранинг йўқотилишини, апельсин пўстлоғидаги тешикчаларни бўяб бориш тариқасида тасаввур қилсак, олти-етти мартага келиб, мева юзаси сезиларли даражада ўзгаради. Миямизда ҳам худди шундай бўлади, мингтадан ҳужайранинг нобуд бўлиши бора-бора хотира сусайиши, характер ўзгариши (жиззаки, агрессив), ақли заифликкача етаклаши мумкин.

Муолажа шартлари

Эпилепсия асосан икки йўналишда муолажа қилинади. Биринчиси, хуружлар содир
бўлиши хавфини камайтирувчи махсус препаратлар, иккинчиси, бош миядаги нобуд бўлган ҳужайраларни тиклаш ёки эпилепсиядан кейин ривожланадиган энцефалопатиянинг олдини олишга қаратилган дори воситапари ёрдамида даволашдир. Булар сирасига бош мияни озиқлантирувчи, қон айланишини яхшиловчи воситалар киради.

Талваса хуружларига қарши препаратлар мунтазам қабул қилиниши лозим. Бош мия озуқаси учун мўлжалланган, яъни иккинчи йўналишдаги даво
чоралари эса бир йилда бир-икки марта ўтказилса кифоя.

Кўпчиликни дори воситаларининг қанча муддат қабул қилиниши қизиқтиради. Агар эпилепсия туғма шаклда бўлса, муолажа давомий тарзда ва бемор ҳаётининг сўнгги кунларигача тўхтатилмаслиги лозим. Борди-ю, тутқаноқ хуружлари бошқа касалликлар асорати сифатида ташхисланса, асосий хасталик даволаниб, 2—3 йил мобайнида хуружларга қарши препаратлар қабул қилиниши керак. Шу билан бирга, электроэнцефалография текшируви ҳам ўтказиб турилади.

Ташхис қўйиладими?

Биринчи талваса хуружидан сўнг, албатта, мутахассис кўриги талаб этилади. Хуружни келтириб чиқарган омилларни аниқлаш учун бош мия электроэнцефалография текшируви ўтказилади. Мазкур амалиёт невропатолог ва диагностика чораларига ихтисослашган тиббий клиникалар томонидан бажарилади. Ташхис қўйишда эпилепсиянинг ўзига хос белгилари ўрганилади. Бунда бош миядаги эпилептик ҳолат, яъни ўткир, секин тўлқинлар, комплекслар баҳоланади. Тиббий хулоса тайёр бўлгач, тутқаноқ муолажаси бошланади.

Фарзанд кўриш мумкинми?

Эпилепсия билан оғриган аёл фарзанд кўришни режалаштираяпти дейлик, хўш, қабул қилаётган дори воситаларининг ножўя таъсири бўлмайдими? Хуружларнинг олдини олишга қаратилган дори воситалари таркибидаги теротеген таъсир (ҳомилада туғма ривожланиш нуқсонларини пайдо қилувчи омиллар) 0.01 фоизни ташкил қилади. Бу дегани ўнг мингта эпилепсия билан оғриган аёлнинг фақат биттасидагина ҳомила ривожланиши билан боғлиқ ножўя ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Агар фарзанд кутаётган аёл буюрилган препаратларни қабул қилмаса, хуруж юз берган вақт 4-5 дақиқалик нафас тўхташи содир бўлади, кислород етишмовчилиги эса ҳомила ривожланишига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, талваса пайтида мушаклар бўшашиши ёки қисқариши рўй бериб, ҳомила тушиши хавфи ҳам келиб чиқади. Англаганингиздек, бўлажак она даволовчи шифокори билан маслаҳатлашган ҳолда керакли миқдордаги эпилептик дори воситаларини тўхтатмаслиги лозим.

Меҳнат фаолиятини олиб бороладими?

Эпилепсия билан оғриган беморлар учун меҳнат фаолияти турлари бир қанча гуруҳларга ажратилган. Хусусан, қуйидаги касб-корлар мутахассислар томонидан тавсия этилмайди:

■транспорт воситаларини бошқариш;

■баландликда, сув, олов, очиқ электр токи, техника қурилмалар билан боғлиқ соҳалар;

■тунги навбатчиликда қоладиган меҳнат турлари.

Бемор белгиланган препаратларни ўз вақтида ичиб бораётган тақдирида ҳам ташқи таъсирлардан ҳимояланмаган. Стресс, сурункали чарчоқ, қабул қилинган воситанинг организмга сўрилмаслиги, шамоллаш, иситма кўгарилиши, спиртли ичимликлар истеъмоли, липиллайдиган ёруғлик нурига қараш, уйқусизлик хуружларни қўзғатиши мумкин. Талваса хуружларига чап беришнинг асосий шарти шифокор назоратида бўлиш ва ўз вақтида дори препаратларини қабул қилишдир, шундагина соғлом инсонлар қатори ҳаёт кечира оладилар.

Насл суриш  эҳтимоли

Эпилепсиянинг туғма шаклини наслий хасталик, дедик. Агар ота эпилепсия билан оғриган бўлса, касаллик бир неча авлодни ўтказиб юбориб, кейингиларида учраши мумкин. Борди-ю, аёл эпилепсияга чалинган бўлса, хасталикнинг фарзандларида юзага келиш эҳтимоли йўқ эмас. Бундай пайтларда ҳомиладорликни режалаштириш, генетик мутахассис кўригидан ўтиш ва керакли таҳлилларни топшириш тавсия этилади.

Хуруж содир бўлганда...

Талваса содир бўлганида беморни ёнбошлаб ётқизиш керак. Бош пастроққа жойлаштирилса, оғиздан келадиган кўпик атрофга сачрамайди, қолаверса, бу ҳолатда тил орқага ҳам кетиб қолмайди. Беморнинг қўл- оёқларини ушлаб туриш ҳам ман этилади. Негаки, мушакларнинг қисқариб- ёзилиши беихтиёрий ҳаракатларни пайдо қилиб, пай чўзилишлари келиб чиқиши мумкин. Бемор жароҳат олма лиги учун унинг бошини ушлаб туриш керак. Агар талваса хуружи 2-4 дақиқадан кейин ҳам давом этаверса, бу беморда эпилептик статус бошланганидан дарак беради. Бундай пайтда зудлик билан «Тез ёрдам» хизматига мурожаат этиш лозим.

 

Манба: "Суғдиёна" газетаси

Орқага Чоп этиш