Тремор “титроқ” деган маънони англатади. Тремор иккала қўл, оёқлар, бош ва танада кузатиладиган титроқлар. Тремор, кўпинча, симметрик тарзда намоён бўлади ва иккала қўлда кўп учрайди. Ҳар ким ўзида тремор бор-йўқлигини аниқлаб олиш учун иккала қўлини олдинга чўзиб туриши керак.
Тремор неврозда, яъни кўп асабийлашадиган ва тез ҳаёжонланадиган одамларда кўп учрайди. Бундай одамларда ортиқча ҳаёжонланиш треморни кучайтириб юборади. Бироқ тремор энг кўп учрайдиган ва йиллаб давом этадиган касаллик борки, унинг номи “Эссенциал тремор” дир. Бу касаллик кўпинча наслдан-наслга ўтади. Бундай беморларда тинч ҳолатда ҳам кичик амплитудали тремор кузатилиб туради, яъни тремор доимийлиги билан ажралиб туради. Неврозларда тремор доимий эмас, яъни бемор тинчланганда, унинг фикрини чалғитганда, психотерапия ўтказилса, физиотерапевтик муолажалар ва тинчлантирувчи дорилар қўллаганда тремор камаяди ёки йўқолади. Бу муолажалар самараси эссенциал треморда жуда паст. Шунингдек, неврозларда турли даражада ифодаланган ҳулқ-атвор бузилишлари аниқланади.
Бўқоқ касаллигида ҳам тремор кузатилади. Уларда юракнинг тез-з уриши, кўп терлаш, оёқ-қўлларнинг музлаб юриши, қўрқув ва фобиялар, қонда Т3 ва Т4 миқдорининг ошиши тиреотоксик тремор учун жуда хос. Тремор, шунингдек, паркинсонизм касаллиги, мияча касалликлари, сурункали алкоголизм, мис, қўрғошин, симоб ва марганец каби металлар билан сурункали заҳарланишларда ҳам кузатилади.
Юз-кўзларда учрайдиган тикларни тремор билан чалкаштирмаслик керак. Тик дегани маълум бир мускулларда кузатилувчи ва такрорланиб турувчи кичик титроқлардир. Тиклар тез частотали бўлади, қисқа муддат давом этади ва шу тарзда такрорланиб тураверади. Қайси мускулларда жойлашганига қараб, тиклар турли–туман кўринишлар, яъни қош қоқиш, кўзни юмиб–очиш, бужмайтириш, бурунни тортиб қўйиш, лаб бурчакларини қимирлатиш, бошнинг силкиниб кетиши каби ихтиёрсиз ҳаракатлар билан намоён бўлади. Агар тиклар тананинг бошқа қисмларига тарқалса, елкани сиқиш, қўлларни қимирлатиш, нафас олиш ҳаракатларини қилиш ва қоринни ичкарига тортиш каби тиклар ҳам кузатилади.
Тил, ҳалқум мускулларида кузатиладиган тиклар вокал ҳаракатлар билан намоён бўлади. Вокал тикларда бемор ўз–ўзидан овоз чиқариб бақириб юборади, унинг овози худди опера театрида куйлаётган қўшиқчилар овозига ўхшаб кетади. Бу ҳолат Туретт синдроми учун жуда хос. Тиклар такрорланиб турувчи йўталлар, овоз қиришлар, хуштак чалиб юборишлар билан ҳам намоён бўлади.
Тиклар кўп ҳолларда ҳулқ–атвор бузилишлари билан намоён бўлади. Тиклар томоғи кўп “шамоллайдиган” болаларда ҳам кузатилиб туради. Бундай болаларнинг диққати тарқоқ бўлади, бир жойда тинч ўтира олмайди, ота-онаси коиса йиғлаб юборади, қўлидан нарсаларни тушириб юборади, овқатни тўкиб ейди, эслаб қолиш қобилияти суст бўлади.
Ташхис қўйиш ва даволаш. Беморни албатта невропатологга кўрсатиб ташхисни аниқлаб олиш зарур. Врачнинг ўзи касаллик сабабини аниқлаб тўғри даволаш муолажаларини белгилайди. Ҳар қандай треморни бартараф этиш авваломбор унинг сабабини аниқлашни талаб этади.
Источник: asab.uz