Мигрен – энг кучли хуружсимон бош оғриқлар билан намоён бўлувчи касаллик. Бу касаллик аёлларда кўп учрайди ва наслдан-наслга ўтиш хусусиятига эга. Оғриқ хуружлари, асосан, кўз–пешона–чакка соҳаларида кузатилади ва кўнгил айниши, қусиш, ёруғлик ва товушларга ўта сезгирлик билан намоён бўлади. Оғриқ хуружидан сўнг беморда уйқучанлик ва ҳолсизлик кузатилади. Оғриқ хуружлари шу қадар кучли бўлади-ки, бемор унга чидай олмай инграб бошлайди, қоронғи ва шовқинсиз уйга кириб ётиб олади.
Мигрен хуружи қандай тўхтатилади? Мигрен хуружи даврида беморни даволашдаасосан оғриқ қолдирувчи дорилар қўлланилади. Енгилроқ ҳолатларда хуруж бошланган заҳоти аспирин ёки парацетамол ичишга буюрилади. Шунингдек, индометацин, ксефокам, седалгин, пенталгин, баралгин каби кучлироқ дорилар ичишга тавсия этилади. Бемор аналгетикларни қанча эрта қабул қила бошласа, самараси шунча юқори бўлади. Хуруж бошланганидан 2 соат ўтгандан сўнг қабул қилинган дорилар таъсири ўта паст ёки бефойда.
Мигрен хуружи бошлаган заҳоти кофетамин, кофергот, суматриптан, зомиг, анкофен каби дорилар ичишга буюрилади. Ушбу дорилардан бири хуруж бошланган заҳоти ичилади.
Беморни хуружлараро даврда қандай даволаш керак. Агарда хуружлар сони ойига 3–5 мартадан ошса, беморнинг ҳаёт тарзига жиддий таъсир кўрсатади. Бундай пайтларда бемор шифохонага ётқизилади ва режали даволаш муолажалари олиб борилади. Режали даволаш муолажаларини ўтказишдан мақсад – хуружлар сонини камайтириш ва кучини пасайтиришга эришиш, беморнинг умумий қувватини ошириш, хуружларнинг олдини олиш ва хуруж пайтида нималарга эътибор қаратишга ўргатишдир. Чунки бугунги кунда беморни мигрен касаллигидан бутунлай холос қилишнинг иложи йўқ.
Мигрен хуружларини камайтиришнинг иложи борми? Ҳа, бор. Бунинг учун дам олишни тўғри ташкил қилиш, тунги ишлардан воз кечиш ва ўз вақтида ухлаш қонун-қоидаларига амал қилиш, ортиқча ҳиссий зўриқишлардан сақланиш мигрен хуружлари сони ва кучини камайтиришга жуда катта ёрдам беради. Айтиб ўтганимиздек, мигрен хуружи, кўпинча, ташқи салбий таъсирлардан сўнг бошланади. Овқатланиш рационига амал қилиш ҳам ўта муҳим. Таркибида тирамин сақловчи озиқ-овқатларни (помидор, селдер, какао, шоколад, пишлоқ, сут, ёнғоқ, тухум) истеъмол қилишни чеклаш лозим. Шунингдек, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш қатъиян ман қилинади. Улар бош оғриқ хуружини кучайтириб юборади. Спиртли ичимликлар нафақат мигренда, балки бош оғриққа мойил кишиларда ҳам оғриқни қўзғаб юборади. Бош оғриққа мойил одамларда ҳатто пиво ҳам бош оғриғини қўзғайди ёки кучайтиради.
Стресс ҳолатларини юзага келтирувчи ҳар қандай вазият, яъни оила ва ишдаги келишмовчиликлар ҳам мигрен хуружини нафақат қўзғайди, балки касалликнинг оғир кечишига сабабчи бўлади. Шунинг учун рационал психотерапия, аутотренинг, жисмоний машқлар ва спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш стресс ҳолатларининг олдини олади ёки уларни бартараф этади. Эрта саҳарда туриб пиёда юриш ва тушликдан сўнг кўчада сайр қилиш мигрен профилактикаси учун ўта муҳим. Шунингдек, игна билан даволаш, массаж, сувости уқалашлари каби муолажалар ҳам мигрен хуружлари олдини олиш учун жуда зарур. Меҳнат таътилларига ўз вақтида чиқиш, режали тарзда сиҳатгоҳларда дам олиб туриш ҳам ўта муҳимдир.
Беморларга бериладиган тавсиялар. Бемор доимо умумий амалиёт шифокори назоратида туриши керак. Унинг вазифаси беморни соғлом турмуш тарзига ўргатиши ва беморни ҳуружлараро даврда даволашдан иборат бўлиоғи керак. Ҳар бир бемор мигрен хуружини қўзғовчи ва камайтирувчи омиллардан воқиф бўлишлари лозим.
Мигрен хуружини қўзғовчи омилларни эсда тутинг:
Мигрен хуружини камайтирувчи омиллар:
Эсда тутинг. Мигрен инсон ҳаётига хавф солмайди. Аммо, ёшлик даврида бошланган бу касаллик узоқ йиллар давом этади. Даволашни тўғри ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ўта муҳимдир. Бундай беморларда мигрен хуружлари енгил кечади, уларнинг сони ва кучи камаяди. “Мигрен 40 ёшдан кейин тўхтайди” деган гап ҳам ўринлидир. Чунки ёш ўтган сайин мигрен хуружлари сони камая боради ва бутунлай йўқолади.
Источник: asab.uz