Хотира бузилиши сабаблари кўп. Улар ўтказилган бош мия жароҳатлари, спиртли ичимликларни суистъемол қилиш, атеросклероз, тез-тез кузатиладиган стресс ҳолатлари ва ҳ.к.
Кўп одамлар қисқа муддатли хотира бузилишидан азият чекади. Масалан, кимдир кеча нима овқат егани, ким билан учрашгани ёки ишхонадан қандай топшириқ олганини эслай олмайди. Баъзилар кимга неча пул бергани, қаерга бориш кераклиги, кимга нима ваъда қилганини унутиб қўяди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ ушбу одамлардан болалик даврида нима ишлар қилгани, қайси устозидан қандай мақтов эшитгани ёки дашном олгани, опаси ёки акаси билан қайси масала устида тортишганини яхши эслашади. Демак, бир неча йиллар олдин бўлиб ўтган воқеалар яхши эслаб қолинса-да, кечаги кундаги воқеалар унутилиши кўп одамда учрайди.
Тушдаги воқеаларни эслаб қола олмаслик ҳам хотира бузилишининг бир тури бўлиб, унинг инсонга зиёни йўқ. Яна шуни эсда тутиш лозимки, инсон мияси аслида зарур бўлмаган ва иш фаолиятида ишлатилмаган маълумотларни ҳам “хотира заҳираси” дан ўчириб ташлайди. Мия шу йўл билан гўёки янги маълумотларга йўл очади.
Хотира бузилишларини даволаш ва олдини олиш учун кўп асабийлашмаслик, зарур бўлмаган маълумотлар билан мияни чарчатмаслик, тўғри овқатланиш, спиртли ичимликлар ичмаслик, ақлий ва жисмоний меҳнат мутаносиблигини сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Агар хотира бузилишлари узоқроқ давом этса невропатологлар ёки нейропсихологга мурожаат қилиб даволаниш тавсия этилади.
Манба: asab.uz