ru uz
Дисциркулятор энцефалопатия – инсулт олди касаллигими?

Дисциркулятор энцефалопатия – бош мияда қон айланишининг сурункали бузилиши бўлиб, аксарият ҳолларда инсулт ривожланиши билан тугалланади. Дисциркулятор энцефалопатия аосан ёши катталарда учрайдиган касаллик. У 40 ёшдан ошганларда кўп учрайди ва одамнинг ёши улғайган сайин дисциркулятор энцефалопатия билан касалланувчилар сони ошиб боради. 60 ёшдан ошганларда эса бу касаллик инсулт ривожланишида катта рол ўйнайди. Шунинг учун ҳам бу касаллик инсулт олди касаллиги ҳисобланади.
Қуйидаги касалликлар дисциркулятор энцефалопатия ривожланишига олиб келади:

  • Гипертония касаллиги, атеросклероз, қандли диабет;
  • Бўйиндан бош мия томон йўналувчи йирик қон томирлар патологияси;
  • Юрак касалликлари, айниқса юрак ишемик касаллиги ва аритмиялар;
  • Буйрак касалликлари сабабли юзага келган артериал гипертониялар;
  • Артериал гипотензия, яъни қон босимнинг доимо паст юриши (ёши катталарда);
  • Бўйин умуртқалари остеохондрози;
  • Доимий тарзда спиртли ичимликлар истъемол қилиш;
  • Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш.

Касаллик қандай ривожланади?
Дисциркулятор энцефалопатия шаклланишида бош мияни қон билан таъминловчи йирик томирлар ва миядаги майда томирлардаги патологик ўзгаришлар  асосий ролни ўйнайди. Бу бузилишлар оқибатида мия тўқималарида ўндан ортиқ майда ишемик ўчоқлар пайдо бўлади. Кичик ишемик ўчоқлар миянинг пўстлоқ қисмида, пўстлоқ ости тузилмаларида, ҳаётий муҳим марказлар жойлашган мия устунида жойлашади. Бош мияда қон айланишининг сурункали бузилишига, яъни дисциркулятор энцефалопатияга олиб келувчи асосий касалликлар - булар гипертония касаллиги ва атеросклероз ҳисобланади.
Ташхис қандай қўйилади?
Дисциркулятор энцефалопатия – бош миянинг сурункали қон томир касаллигидир. Шунинг учун ҳам тўғри ташхис қўйиш учун авваламбор қон томир системаси касалликларини аниқлаш зарур. Дисциркулятор энцефалопатия ташхиси қон томир системаси касалликлари аниқланган ва зўрайиб борувчи неврологик ва нейропсихологик бузилишлар аниқланган ҳолатларда қўйилади. Қўшимча равишда ўтказилган текширувларда ДЦЭ га олиб келувчи касалликлар аниқланиши шарт, яъни артериал гипертензия, атеросклероз, қандли диабет, юрак касалликлари ва ҳ.к. 
Даволаш қандай олиб борилади? 
Дисциркулятор энцефалопатия сурункали кечувчи касаллик экан, даволаш жараёни ҳам босқичма-босқич узоқ давом этиши керак. Авваломбор касаллик сабаби бартараф этилади. Параллел равишда бош мияда қон айланиши ва моддалар алмашинувини яхшиловчи дорилар, қонни суюлтирувчи воситалар, мия хужайралари орасидаги импульслар ўтказувчанлигини тикловчи дори воситалари тавсия этилади. Бундай беморлар доимо невропатолог назоратида туриши ва бош мия ҳамда юрак фаолиятини текширтириб туришлари лозим.

 

 

Манба:  asab.uz

Орқага Чоп этиш