1 Марта Всемирный день иммунитета. осталось: 1 кун!
4 Марта Всемирный день борьбы против туберкулеза. осталось: 4 куни!
ru uz
Муносабатлар оғриқли кечса...

Шахсий ҳудуддаги ҳаёт эр-хотинга хушкайфият улашиши, муносабатларини мустаҳҳамлаши лозим. Аммо бунинг акси бўлса-чи? Гап айрим аёлларда кузатиладиган ҳолат - нозик муносабат пайтида кечадиган оғриқлар ҳақида боряпти.

Сабаби нима?

Белдаги, қовуқ ва мушаклардаги оғриқ қўзғалиши, нозик жараённинг нормал кечишига халақит бериши мумкин. Нега шундай бўлади?

  • Бачадоннинг ҳаддан ташҳари фаол қисқариши. Мазкур ҳодиса организмнинг ўзига хослиги ёхуд гормонал ҳолат бузилишидан дарак бўлиши мумкин. Бачадон қисқариши ортиб боравергани сари мушаклар қисқаришини назорат қила олмаётган организм унга қарши оғриқ ҳиссини ишга туширади.
  • Жинсий аъзо туғма ривожланиш нуқсонлари, туғруқ вақтидаги жароҳатлар, чандиқ тушиши, оралиҳ йиртилишининг нотўғри битиши.
  • Бачадон шиллиғининг таъсирчанлиги. Айрим ҳолларда эркак спермасининг таркиби бачадон шиллиғида аллергик реакцияни келтириб чиқаради. Кескин ва ачишувчан характердаги оғриқнинг боиси шу.
  • Фиброз турдаги киста ёки эндометриоз касалликлари.
  • Пешоб ажратиш йўли хасталиклари, цистит.
  • Жинсий йўл орқали ўтувчи инфекциялар. Яширин авж олувчи яллиғланиш жараёнларини келтириб чиқаради.
  • Бачадон шиллиғининг етарли миқдорда ишлаб чиқарилмаслиги. Кичик тос ҳамда қин аъзосига қон қуйилиши меъёрида кечмайди.

Ўзимни ёмон ҳис қиламан....

Нозик муносабатлардан сўнг танада оғирлик бўлиши, бош айланиши, кўл-оёқ мушакларининг увишиши, симиллаган оғриқ, кўнгил айниши - гинеколог кўриги учун етарли асосдир. Яқинлик пайтида содир бўлган бир маротабалик оғриқни огоҳлантириш белгиси, деб билинг. Зеро, кейингилари янада кескинроқ ва давомли бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Безовталик тана аъзоларининг қай бир қисмида юзага келяпти, эслаб қолинг. Ўриндан қўзғалгач, оғриқ чекиняптими ёки давомли характерга эгами, буниси ҳам муҳим. Мисол учун, сизда бачадон эндометриози ривожланяпти, аммо бу ҳақида ҳали билмайсиз. Яқинлик пайтида юзага келган оғриқ бир неча соатдан бир неча суткага қадар чўзилиши мумкин. Цистит хуружи бошланаётганида эса безовталик, яқинликнинг эртасига авж олади. Англаганингиздек, ўзгаришларни мутахассисдан сир тутманг. Тўғри маълумот - аниқ ташхис гаровидир.

Стрессга учраганмисиз?

Аёлнинг психоэмоционал ҳолати нозик муносабатларга таъсир кўрсатади! Яқинлик бошланишидан олдинги асабийлашиш, депрессия, стресс, ваҳима ҳисси - енгиллашиш рефлексига тусқинлик қилади. Бу пайтда бош мия ва тана иккига ажралиб, ҳар бири ўз ҳолича «ишлаши» мумкин. Табиийки, бундай тартибсизликда бош миянинг сигналларини тана қабул қилмайди. Аёл муаммоларни унутиши кераклигини билади, аммо бунинг уддасидан чиқолмайди. Танадаги зўриқиш эса мушакларни сиқа бошлайди.

Нозик муносабатлардан қўрқиш, у ҳақидаги нотўғри ахборотнинг мияда ўрнашиб қолиши - бачадонда шартсиз оғриқ рефлексини пайдо қилади. Яқинликка киришилганида, рефлекс ишга тушади, бу худди ҳимоя тизимининг фаоллашишидек гап.

Кимга мурожаат қилиш керак?

Тана енгиллашиши вақтидаги оғриқни яшир- манг. Унинг зўрайиши учун имконият ҳам пайдо қилманг. Сизга гинеколог, сексопатолог, невролог, психотерапевт ёхуд уролог шифокорлар ёрдам беришади. Аввалига гинеколог кўригидан ўтинг. Қон ва пешоб таҳлилига
синалма топширинг. УТТ таҳлили ўтказилсин. Жинсий аъзо хасталиклари, сурункали яллиғланиш ёхуд гормонал ўзгаришлар истисно этилса, невролог ёки психотерапевт ҳузурига йўл оласиз. Индивидуал ёхуд эр-хотиннинг иккиси билан биргаликда ўтказиладиган машғулотлар, муаммони ҳал этишда кўмак беради.

Бачадон шиллиғини кўпайтирувчи, яллиғланишга қарши асалли қўл- бола воситалар, қовуқ соҳасига иссиқ компресс қўйиш — ечим эмас! Оғриқсизлантирувчи препаратларга мурожаат қилишни ҳам маслаҳат бермаймиз. Негаки, бу вақтинчалик ўз-ўзини алдаш, холос.

«Эримга нима дейман?»

Аввало ўзингизни койиманг. Турмуш ўртоғингизнинг кайфиятини билинг-да, сўнг шунга қараб, нима безовта қилаётганини баён этинг. Мутахассис кўриги нақадар зарурлиги ва айни ҳолатда муаммонинг ечимини топиш кераклигини тушунтиринг.
Тарози палласида соғлигингиз турар экан, жуфтингиз вазиятни тўғри баҳолайди. Асосийси, ортиқча ваҳима қилманг. Юзага келган ҳолатда унинг ўзини айбдор ҳам қилиб қўйманг.
Мутахассис муолажани белгилагач, бир муддат яқинликдан сақланиб туриш лозим. «Чилла даври» тугаганидан сўнг руҳиятни соғломлаштиришга эътибор берилади. Нозик муносабатлар пайтидаги нохуш ҳолатларни ўйламанг. Танангизда енгил зўриқиш бордек туюлса, нафас машқлари ёхуд 5-8 дақиқалик диққатни жамлаш машғулотини бажаринг.
Нозик муносабатларда турли хил муаммоларга дуч келадиган аёллар учун сузиш машқлари ҳамда йога дарслари тавсия этилади.

 

Орқага Чоп этиш