ru uz
Ёшим 25 да ҳали ҳам ой кўрмадим...

Қиз боланинг балоғат даврига қадам қўйиши бир қанча аломатлар билан намоён бўла бошлайди. Дастлаб, сезиларли равишда бўйи чўзилади, кўкрак безлари катталашади, қиндан оқишсимон ажралма кела бошлайди, танада туклар пайдо бўлади, бўкса соҳаси кенгаяди. Иккиламчи жинсий ўзгаришлардан сўнг ҳайз келиши юз беради.
Меъёрида қизларнинг ой кўриши 12-15 ёш оралиқларида рўй беради. Организмнинг индивидуал тузилишига кўра, мазкур жараён кимдадир эртароқ (11 ёшда), кимлардадир эса кечроқ (16-17 ёш) содир бўлиши ҳам мумкин. Ҳайзнинг кечикиши эса шифокор кўриги учун етарли асосдир. Негаки, бу ҳолат жинсий аъзо ривожланишининг ортда қолиши ёхуд бошқа бир қатор ўзгаришларга ишора қилади. Хўш, аслида ҳам нега шундай бўлади? 

Ҳаммасига гормонлар айбдор
Жинсий етилиш даврида гормонларнинг иштироки ўта муҳим аҳамиятга эга. Бироқ ички касалликлар, ташқи омиллар, стресс, руҳий зўриқиш, нотўғри овқатланиш (парҳезлар), жисмоний юкламанинг кўплиги гормонлар ишини издан чиқаради. Англаганингиздек, ҳайз кечикишининг асосий сабабларидан бири бу гормонал ҳолатнинг бузилишидир. Жинсий аъзо ривожланишининг ортда қолиши ҳамда эндокрин тизим фаолиятидаги ўзгаришлар эса рҳйҳатнинг кейинги қаторини давом эттиради. Ўсмир қизлар орасида кўп кузатиладиган булимия (иштаҳани назорат қилолмаслик, стресс ёки бошқа омиллар таъсирида ҳаддан ортиқ таомланиш) ва анорексия (организмни очликка маҳкум этиш, турли йўллар орқали истеъмол қилинган егуликни ташқарига чиқариш) ҳолатлари ҳам ой кунларининг ортга сурилишига олиб келади. Анорексияда мушак массаси йўқотилади, булимияда эса метаболизм жараёни кескин равишда бузилади. Хар иккиси ҳам тухумдонларнинг етилишига таъсир курсатиши мумкин. Негаки, ҳайз циклини ҳосил қилувчи тизим бош миядан бошланиб, барча ички секреция безлари фаолияти иштирокида рўй беради. Ҳатто, битта тизим ишидаги носозлик ҳам ҳайз циклининг бузилишига олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Муаммо аниқ, хўш, энди-чи?
Авваламбор, болалар гинекологи ва эндокринолог кўриги тавсия этилади. Мутахассислар бачадоннинг нотўғри ривожланиши, гипофиз, қалқонсимон без фаолиятидаги бузилишлар, тухумдонларнинг етилмаслиги, асаб касапликлари кабилар бор-йўқлигини билиш учун бир қанча тиббий таҳлилларни ўтказишади. Кичиклигида кўп бора инфекцион ҳасталикларга чалинган қизалоқлар организмнинг заҳарланиши ҳисобига тухумдон ва эндометрий қавати функциясининг ўзгаришига дучор бўлишади. Бу ҳам ҳайз кечикишига олиб келади. Ой кўришнинг юзага келишига тусқинлик қилувчи омиллар аниқлангач, шифокор керакли муолажаларни буюради. Дори воситаларидан ташқари кун тартибини қайта кўриб чиқиш, жисмоний машқлар билан шуғулланиш ва тўғри овқатланиш талаб этилади. Агар гормонал препаратлар тавсия этилса, ўз вақтида қабул қилиш, меъёри ва миқдорини назорат қилиш лозим.
Ҳайз кўриш юз берганидан сўнг унинг давомийлигини назорат қилиш керак. Агар цикл ўзгариши, узайиши, камайиши ёҳуд узилиб колиши кузатилса, пайсалга солмай шифокор кўригига ошиқиш керак.

Асоратлари қандай?
Ҳайз кўрмаслик нафақат жинсий етилишнинг ортда қолиши, балки бутун организмнинг келажакда фарзанд кўришга тайёр эмаслигини англатади. Айримлар наздида «Турмушга чиқса, изига тушиб кетади», деган янглиш фикр мавжуд. Аслида эса, хеч бир чораси кўрилмаган хасталик оила қурилганидан сўнг ўз-ўзидан ечимини топмайди. Шундай экан, ўсмир ёшидаги қизингиз саломатлигига эътиборли бўлинг. Иккиламчи жинсий белгилар содир бўлаяптими, кузатинг. Ҳайз кўриш ҳақида суҳбатлашинг. Жараённинг қай тариқа бошланиши, қандай кечиши, нималарга аҳамият бериш кераклигини айтинг. Фарзандингиз ўзи учун керакли маълумотни сиздан олеин, ой кунлари ҳақида қандай саволлари бўлса, иккингиз орангизда ҳал этилишига эришинг.

Орқага Чоп этиш