ru uz
Эндометриоз турмуш қургач ўтиб кетадими?

Ушбу касаллик аёлнинг айни фаол даври, 27-45 ёшлар атрофида нисбатан кўп кузатилади. Аёл организмида бачадон ички қаватида — эндометрийга ўхшаш тўқима пайдо бўлади. Энг ёмони, у мутлақо кераксиз жойда ҳосил бўлади. Одатда, у бачадон деворини зарарлайди. Натижада, бачадон мушак девори ўзгариб, унда тугунлар ҳосил бўлади. Эндометриозда ҳайз пайти аёл қорин пастида оғриқ сезади, бу давр одатдагидан узоқ оғриқли ва қон миқдорининг кўпайиши билан фарқланади. Муҳими, касалликни ўз вақтида даволаш лозим: чунки у бачадон найларида тиқилма (спайка) ҳосил қилиб, кейинчалик бепуштликка сабаб бўлиши билан хавфли.

Қачон қўзғайди?

Эндометриоз таъсирида аёлнинг асаб тизими издан чиқади: у йиғлоқи, асабий, салдан-салга жазавага тушадиган, тажовузкор ҳолатга тушади. Боши тез-тез оғрийди, жинсий яқинлик пайтида кескин оғриқ сезгани туфайли ундан бош тортади. Бу дегани жинсий яқинлик касалликни даволамайди, балки қўзғаган даврда аёлга ортиқча азият беради, холос. Кўп ҳолларда эндометриоз жинсий аъзоларда ўтказилган жарроҳлик амалиёти, мисол учун, аборт асорати бўлиши мумкин.

Аёллар диққатига

Баъзи аёллар орасида ҳайз пайтида яқинлик қилиш ҳолатлари учрайди. Аслида, бу гигиенага умуман тўғри келмаслигини ва ортидан нохуш касалликлар, шу жумладан, эндометриоз вужудга келишини билсалар эди! Кўпчилик бу даврни ҳомиладор бўлиб қолмаслик учун танлаши мумкин. Аммо ишонтириб айтаманки, бу билан ҳомиладорликдан сақланолмайсиз, жинсий аъзога инфекция кириш хавфи эса, аксинча, юқори бўлади. Буни ҳам унутмаслик керак.

Тезда шифокор ҳузурига!

Шифокор-гинекологга учраб, УТТ текшируви, қон таҳлиллари ва эндометрий биопсияси, гистероскопия (бачадон ва унинг найлари) ни текшириш каби тиббий кўрик турларидан ўтинг. Одатда, бу касаллик шифокор буюрган гормонал дори воситалари ёрдамида даволанилади, физиодаволаш муолажалари ҳам яхши ёрдам беради.

Ўз-ўзига ердам бероладими?

Албатта. Биринчи галда жисмонан фаол, кўтаринки кайфиятда ҳаёт кечириш керак. Турмушга чиқмаганингизни бу касалликда зарарли ҳолат эмас, балки тўлақонли даволаниб олиш учун имконият деб билинг. Ахир ҳаммага ҳам соғлом, ўзидан насл қолдирувчи турмуш ўртоқ керак. Бу касалликни эса ўз вақтида даволамаса, айтганимиздек, фарзандсизликка олиб келиши ҳеч гап эмас.

Керакли парҳез

Даволаниш билан бирга таомномага ҳам аҳамият бериш керак. Мисол учун, овқатланишда ҳар хил пишириқ, ҳайвон мойлари, аччиқ қора чой ва қаҳва, чақ-чуқларни камайтириб, ёғсиз гўшт, жигар, балиқ, яшил тусли кўкат-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Фитоэстрогенлар — дуккакли ва бошоқлилар (ўстирилган буғдой, сули, зиғир уруғи), мевалардан узум, анор,  петрушка, саримсоқпиёзни канда қилмаслик айни муддао.

Орқага Чоп этиш