ru uz
Тор шим тос суягини кичрайтирадими?

Тос суяги тор қизлар хипчабел ва нозик кўриниши бор гап. Ва шуниси қам ҳақиқатки, табиатнинг бу «совға»си туғруқ пайти қатор муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Нега деганда, тос суяги туғруқ жараёнида ҳомила боши қийинчиликларсиз чиқишини таъминлайди.
Ўз-ўзидан савол туғилиши табиий: хўш, нега айримларда тос суяги тор бўлади? Ушбу ҳолатда табиий туғруққа рухсат этилмаслиги ростми?

Анатомик тузилиши...

Тос суяги иккита чаноқ, думғаза, дум суяклари ҳамда уларни боғловчи тоғайлардан ташкил топган. Чаноқ суяги ўз навбатида уч қисмдан: қов, ёндош ва қуймич суякларидан иборат. Икки қов суякларидаги тоғай қисмларининг бирикиши ҳисобига симфиз, яъни қов бирикмаси ҳосил бўлади. Ёндош суяги билан қов суяги ўртасидан боғлам тортилган бўлиб, у чов ёки «пупарт» боғлами дейилади. Тос суякларининг икки ёнида ярим ойсимон чуқурча бор. Унга сон суягининг бошчаси кириб туради ва тос-сон бўғимини ҳосил қилади. Тос суяклари жинсга кўра фарқланади. Эркакларда у баланд ва тор, аёлларда эса паст ва кенг бўлади. Тос суягининг торлиги, бу анатомик ҳодисадир.

Сабаби РАХИТми?

Тос суягининг анатомик торлиги организмнинг индивидуал тузилишига боғлиқ. Шунингдек, у туғма ривожланиш нуқсонлари ва касаллик асоратида келиб чиққан ўзгаришлар ҳосиласи бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Тос суягининг торайишини келтириб чиқарувчи омиллар қаторида қуйидагилар таснифланади:

  • церебрал фалажлик; умуртқа суяги қийшиқлиги (сколиоз, кифоз, думғаза суяги жароҳатлари); рахит; суяк сили; полиомиелит; сон суяги жароҳатлари;
  • тос-бўғим суягининг чиқиши;
  • тос аъзосининг туғма ривожланиш нуқсони;
  • болалик ва ўсмирлик даврида оғир меҳнат билан шуғулланиш;
  • организмда витамин ва минерал моддалар етишмаса;
  • суяк ривожланиши давридаги кучли стресс (болалик йилларига тўғри келади);
  • жисмоний машқлар билан сурункали тарзда ва оғир юклама билан шуғулланиш.

Тос суягининг торайиши пубертат давридаги гормонал мувозанат ўзгариши туфайли ҳам келиб чиқиши мумкин. Хусусан, эстроген ва андроген гормонлари тос суягининг ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Акселерация, яъни ўсиш жараёни тезлашишида эстроген гормони тос суягининг кўндаланг ўсиши ҳамда суяк қотишини рағбатлантирса, андроген унинг бўйига узайишини таъминлайди. Эстроген ва андроген гормонлари миқдорида бузилиш бўлиши, гиперэстрогения ёхуд гиперандрогения, тос суягида торайишни келтириб чиқаради.

Мутахассислар аксарият ўсмир қизларга хос одат — тор бичимли шим, легинс, лосина кийишни, тос суягининг торайишига олиб келувчи омил, дея баҳолашади. Суяк ўсаётганида унинг сиқилиб қолиши ва нотўғри ўсиши эҳтимоли юқори бўлади. Тор бичимли шим, қоматга ёпишиб туриши баробарида суякларга зўриқиш беради.

Ўлчами қандай аниқланади?

Нозик, хипчабел аёлларнинг тос суяги ихчам кўринса-да, бу тоснинг тор эканлигини англатмайди, Паст бўйли, озғин аёлларда тос ихчам, аммо меъёрий ўлчамда бўлиши ҳам мумкин. Хўш, қай ҳолларда тос суяги ўлчанади? Асосан, ҳомиладорликда ёхуд гинекологик касалликлар безовта қилганида шифокор кўриги ўтказилса, тос суяги сантиметр лентаси ёки тазомер ёрдамида ўлчанади.

Тос суягининг торлиги тўрт даражада фарқланади.

I даража — асл конъюгат (думғаза суягининг олд қисми ва тос суяги бўшлиғи оралиғи) ўлчами 10 см.дан 9 см.гача;

II даража - 8,9 см.дан 7,5 см.гача;

III даража — 7,4 см.дан 6.5 см.гача;

IV даража — 6 см. ва ундан кичик ўлчам.

Тиббий кўрик вақтида шифокор дастлаб, думғаза — бел суягидаги Михаэлис ромбига диққат қилади. Думғаза ости ҳамда ён томон чуқурчалари ромб бурчаги ҳисобланади. Узунасига бурчак — ўртача 11 см., кўндалангига — 10 см.ни ташкил этади. Кўрик пайтида ромб ўлчамларининг меъёрий кўрсаткичлардан тафовути борлиги сезилса, тос суяги тузилишида ноқислик мавжудлиги тахмин қилинади.

Ташхисни кечиктирманг

Шифокор, бўлажак она билан суҳбатлашиш давомида унинг ҳомиладорликдан аввал қандай касалликлар билан оғригани, тан жароҳатлари бўлган-бўлмаганини суриштиради. Тазомер ёрдамида тос суял ўлчами аниқланади. Ташқи тарафлама ҳомиланинг айни муддатда неча сантиметрга етгани баҳоланади. Гинеколог тиббий текширувлар, шунингдек УТТ, зарур ҳолларда рентгенопельвиометрия ўтказилиши мумкин. Тос суяги торлигида рентгенопельвиометриянинг ўтказилишига доир кўрсатмар бор. Ўттиз ёшдан кейинги биринчи ҳомиладорлик, илгари ҳомила тушиши кузатилган бўлса, ҳомилада туғма ривожланиш нуқсонлари борлиги тахмин қилинганида, аёл организмидаги эндокрин тизим бузилишлари, суяк тизими жароҳатларининг асорат бериши, ҳомила бош суяги ўлчамининг тос суяги ўлчами билан номутаносиблиги кабилар шулар жумласидандир.
Тиббий хулоса тос суягининг меъёрдан торлигини тасдиқлаганида ҳомиладорлик шифокорнинг тўлиқ назоратига олиниб, туғруқ режалаштирилади.

Тос суягининг торлигини ташқи белгиларга кўра ҳам тахмин қилиш мумкин. Бунда аёлнинг бўй ўлчами 160 см.дан паст, қўл-оёқ кафти, бармоқлар нисбатан калтароқ тузилган, қадам ташланганида олдга томон энкайиш, гавдани тик тута олмаслик яққол кўзга ташланади.

Илк бор она бўлаётган аёлда тос суяги кичиклигини қориннинг ўткир учли шакл олаётганига қараб баҳолаш мумкин. Иккинчи ё учинчи ҳомиладорликда, одатда, қорин мушаклари осилиб қолади.

Ҳомиладорликиинг кечиши

Тос суяги торлиги аниқланганида бўлажак она шифокор назоратига олиниши бежиз эмас. Негаки, ҳомиладорликнинг катта муддатларида ҳомила одатдагидан юқорироқда жойлашиб, диафрагмани сезиларли даражада эза бошлайди. Натижада нафас сиқилиши, юрак уриши маромининг бузилиши каби безовталиклар келиб чиқади. Туғруққа яқин ҳомила жойлашуви ўзгаради. Эркин ҳаракатлана олиш имконияти чеклангани боис у туғруқ йўлига кўндаланг ёки бир томонлама келиб қолади. Қоғоноқ сувининг муддатидан эрта оқиши, ҳомила гипоксияси, йўлдош кўчиши хавфи тос суяги торлигида бирмунча юқоридир. Шундай бўлса-да, мутахассислар назоратида соғлом фарзанд дунёга келишига эришилади.

III ва IV даражали тос суягининг торлигида шифокор кесарча кесиш амалиётига қатъий кўрсатма беради. Амалиёт тахминий туғруқ кунидан икки ҳафта олдин, ҳомиладорликнинг 39-ҳафталарида ўтказилади. I ва II даражали тос суяги торайишида туғруқ қандай кечиши индивидуал тарзда ҳал этилади. Табиий туғруқ усули танланса, аёл юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлардан хабардор этилади.
Жумладан, тос суяги торлигида тўлғоқ оғриқли, бачадон бўйни очилиши қийин кечиши мумкин. Ҳомиланинг туғруқ йўлига бир томонлама туриб қолиши тана қисмларидан бирининг ташқарига чиқиб қолишига сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Тўлғоқ пайтида оралиқ йиртилишлари кузатилиши мумкин.

Ҳомила йирик бўлганида тос суягининг I ва II даражаси бўлса ҳам шифокор кесарча кесиш амалиётини таклиф этади.

Тос суяги торлигида аёл бир неча маротаба фарзанд кўриши мумкин. Асосий ва муҳим шарт — шифокор назоратида бўлишдир.

Олдини олиш мумкин!

Тос суяги, агар у туғма патология ҳисобланмаса, ўз-ўзидан тораймайди. Оғир жисмоний меҳнат юкламаси, стрессли вазиятлардан ҳимояланиш, таянч-ҳаракат тизими касалликлари, шикастланишларини ўз вақтида муолажа қилиш, рационал овқатланиш — тос суяги торайишининг профилактикаси ҳисобланади. Қиз тарбиялаётган бўлсангиз, унинг балоғат ёшига етишини кутманг. Болалигидан кун тартиби, одатлари, тана аъзоларининг тузилишига диққатли бўлинг. Ҳайз қачон бошланяпти, қанча давом этяпти, оғриқлар йўқми, албатта, суриштириб боринг. Суяк тузилишида номеъёрий ўзгаришлар кузатилса, бўғимларда оғриқ бўлса, шифокор кўригини кечиктирманг.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш