ru uz
Фолликула етилмаяптими? Карам еманг!

Тиббий нуқтаи назардан фолликула етилмаслиги бу овуляция, яъни тухумдонларнинг етилиш жараёнига таъсир қилиб, аёлнинг ҳомиладор бўлишига тўсқинлик қилувчи ҳолатдир. Бундай пайтда эр-хотин иккаласи бараварига тиббий кўрикдан ўтиб, даволаниши шарт. Муолажа самарали кечиши учун жуфтлик овқатланиш тарзига ҳам эътибор бериши ҳамда фолликула етилишига ёрдам берувчи баъзи гиёх, ва маҳсулотлардан фойдаланиши мумкин. Уларнинг таркибидаги табиий гормонлар аёл организмига ижобий таъсир кўрсатиб, йиллар давомида шифокорлар қилолмаган ишларни амалга ошириши, яъни овуляция жараёнини меъёрига келтиради.

Аввал парҳезни бошланг

Халқона даво ёрдам берсин десангиз, биринчи галда овқатланиш тарзига эътибор беринг. Бу дегани даволанишнинг илк кунидан бошлаб, аксарият тўйимли, оқсил ва витаминга бой, аммо шу билан бирга парҳезбоп таомларга ўтиш керак. Тезроқ ҳомиладор бўлиш учун дуккаклилар (мош, нўхат, ловия, маржумак), шунингдек, ковоқ, зиғир, кунжут уруғи, хандон писта ёки бодом, олма, бодринг, анор, шотут, лавлаги кабиларни кўпроқ енг. Шу билан бирга, аёллик гормонлари - эстрогенларнинг ишлаб чиқилишига тўсқинлик қилувчи маҳсулотларни ҳам билиб олишингиз керак: карам, олий навли ундан пиширилган таом ва пишириқлар, музқаймох, ананас, цитрус мевалар, қовун, нок ва анжир ейишни камайтириш тавсия қилинади.

Ширин шарбатлар, газли ичимликларни ичмасликка ҳаракат қилинг.

Халқ табобати тавсия қилади

МАВРАК. Фолликула ёрилмаслигида бу ўсимликнинг нафи тегиши мумкин. Қолаверса, у фолликуланинг етилишига ҳам хизмат қилади. Таркибида аёл­лик гормони эстроген ниҳоятда кўп бўлгани учун организмни қувватлайди. Бунинг учун 30 грамм ўсимликни чой сингари дамлаб ярим соат тиндиринг- да, овқатдан 30 дақиқа олдин ярим пиёладан бир ой давомида ичинг. Кейин даволанишни яна давом эттирасиз.

Гиёҳлар билан даволанишнинг самарасини дарров эмас, 3 ой- дан кейин сезасиз. Чунки бу давргача организм тозаланишга улгуриб, эстрогенлар ёрдамида қувватланиб боради.

Маврак ути билан даволаниш ҳайз даврининг 5-кунидан бош­лаб қўлланиши керак.

ОТҚУЛОҚ. Агар фолликула етишмаслиги тухумдонлар фаолияти билан боғлиқ бўлса, отқулоқ (баргизуб) уруғидан 30 грамм олиб, устига 2 пиёла қайноқ сув қуйиб дамланади. 5 дақиқа тиндиргач, кунига уч маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин ичиш лозим. Отқулоқ дамламасини ҳам ҳайзнинг илк кунларидан бошлаб қабул қилиш мумкин.

АТИРГУЛ. 2 дона пушти ёки қизил атиргул баргини (қуритмай) янгилигича ювиб, устига 400 мл. қайноқ сув қуйилади, 10 дақиқа қайнатиб, бир кеча тиндирилади. Тайёр дамламани ётишдан олдин 1 ош қошиқдан ичиш керак.

АЛОЭ. 5 йиллик ўсимликнинг 5 дона баргини музлаткичда бир ҳафта сақланг. Сўнг яхшилаб ювиб, гўшт қиймалагичдан ўтказинг. Тоза тоғ асали ва думба ёғи (ёки зайтун мойи)ни тенг миқдорда солиб, аралаштиринг. Аралашмани кунига икки маҳал, 1 ош қошиқдан истеъмол қилиш лозим.

ЭФИР МОЙЛАРИ ХАМ БОР. Фолликула етилишини тезлаштириш учун ҳайз циклидан 5 кун олдин арпабодиён, маврак, ла­ванда, райҳон, ёронгул (герань) ўсимликларининг эфир мойлари ёрдамида иссиқ ванна қабул қилиш фойдали. Бу асаб тизимини тинчлантириб, шамоллашга қарши ижобий таъсир кўрсатади. Ҳайз даврининг 4-14-кунлари эфир мойлар ёрдамида қорин пастини соат мили бўйича 10 дақиқа давомида уқалаш ҳам яхши ёрдам беради.

Витамин йиғиндиларидан А ва Е ҳамда В гуруҳ витаминлари фолликула етишмаслигининг олдини олишга ёрдам беришини ҳам унутмаслик керак.

Гиёҳлардан наф йўқ, қачонки...

  • гормонал бузилишлар;
  • тухумдонлар поликистози;
  • бачадон найларининг ўтмаслиги;
  • организмда турли хил ўсмалар мавжуд бўлса.

Тавсиямиз шифокор билан маслаҳатлашиб, муаммонинг асл сабабини аниқланг. Ва албатта, фолликулалар етилмаслигини гиёҳлар ёрдамида даволашингиз ҳақида шифокорингиз хабардор бўлиши керак. Негаки, баъзи бир гормонал дорилар ва табиий воситалар бир-бирига зид таъсир қилиши ёки умуман фойда келтирмаслиги мумкин.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш