ru uz
Қағаноқ сувининг кўпайиб кетиши хатарлими?

Миқдори аҳамиятга эга

Ҳомила она қорнида ўсиб улғаяётган муҳит қоғоноқ, дейилади. У худди пуфакка ўхшаш бўлиб, биринчи навбатдаги вазифаси махсус суюқлик ишлаб чиқариш ҳисобланади. Бу суюқлик кичкинтой жойлашган пуфакни тўлдириб туради ва ҳаётий муҳим бир қанча вазифаларни бажаради. Билсангиз, айнан қоғоноқ суви сабаб ҳомила ўзини яхши ҳис этади. Чунки суюқликнинг ҳарорати доим 37 даражани ташкил этади. У тинимсиз ҳар уч соатда янгиланиб туради. Ҳомила ўсгани сари унинг миқдори ҳам ўзгаради. Айтайлик, ҳомила 10 ҳафталигида сув 10 мл.ни ташкил қилган бўлса, 36—37-ҳафтага бориб, меъёрда 1000- 1500 мл. бўлиши лозим.

Таркибини ўрганамиз

Ривожланишнинг турли даврларида нафақат суюқликнинг микдори, балки таркиби ҳам ўзгариб боради. Қоғоноқ сувида оқсиллар, углеводлар, ёғлар, гормонлар, ферментлар, витаминлар, микроэлементлар, карбонат ангидрид, кислород, иммуноглобулин, ҳомиланинг соч толалари, терисидан ажралган қолдиқлар ва онанинг қонидаги моддалар бўлиши мумкин.

 Вазифаси жуда муҳим

Ҳомила юзага келган кундан то ёруғ дунёни кўргунига қадар қоғоноқ суви бир қанча муҳим вазифаларни бажаради.

Моддалар алмашинувини таъминлайди. Кичкинтой организмига зарур моддаларнинг катта қисми айнан қоғоноқ суви орқали етиб боради. Бундан ташқари, ҳомиланинг ҳаётий фаолияти маҳсули ҳам шу суюқлик орқали чиқиб кетади.

Ташқи таъсирлардан асрайди. Қоғоноқ ва ундаги суюқлик кичкинтойни киндиги эзилиб қолишидан ёки ташқаридан келаётган баланд овозлардан ҳимоя қилади. Ҳомила эркин ҳаракатланиши учун муҳит ҳозирлайди.

Стерилликни таъминлайди. Қоғоноқ суви доим стерил ҳолатда бўлади ва ҳомила атрофидаги муҳитнинг тоза сақланишига хизмат қилади. Айниқса, ташқи муҳитдан турли инфекциялар кириб, болага таъсир қилишининг олдини олишда беқиёс аҳамиятга эга. Юқорида айтганимиздек, у боланинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ҳар уч соатда нафақат миқдорини, балки кимёвий таркибини ҳам ўзгартириб туради. Ва бу жараён туғруқдан кейинги орқа сувлар чиқиб кетгунича давом этаверади.

Туғруқни енгиллаштиради. Суюқлик бевосита туғруқ пайтида ҳам муҳим вазифани бажаради. Биринчидан, туғруқ суюқликнинг келиши билан бошланади. У оғирлиги билан бачадон бўйнига босим ўтказиб очилишга мажбур қилади. Тўлғоқ жараёнида ҳам ҳомила учун қулай муҳитни сақлаб қолади. Она организмидан чиқиб кетаётганида эса бола учун йўлини тозалаб боради. Бу туғруқнинг хавфсиз ва осон кечишини таъминлайди.

  Қандай текширилади?

Ушбу суюқлик ҳомиланинг саломатлиги ҳақидаги қимматли маълумотларни аниқлашга кўмаклашади. Лабораторияда унинг миқдори, таркиби, шаффофлиги, ранги ўрганилади. Баъзида кичкинтойнинг жинсини УТТда аниқпашнинг имкони бўлмай қолганида айнан шу суюқлик ёрдамида бу масалага ойдинлик киритиб олиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, ҳомиланинг қон гуруҳини, ирсий хасталикларга мойиллигини, моддалар алмашинуви бузилгани ҳақидаги маълумотларни ҳамда гипоксия бор-йўқлигини ҳам айнан шу қоғоноқ суви айтиб беради. Шунингдек, суюқликнинг таркиби ҳомила туғилишга тайёр ёки йўқлиги ҳақида ҳам маълумот беради. Хусусан, шошилинч туғруқ пайтида кичкинтойнинг нафас тизими ва ўпкаси тайёрлигини ҳам шу сувни ўрганиб билиб олиш мумкин.

Қоғоноқ суви патологиялари

Она қорнидаги ривожланиш ўз вақтида ва бешикаст кечиши учун қоғоноқ сувининг микдори ва таркиби меъёрда бўлиши лозим. Меъёрнинг ўзгариши турли патологияларга олиб келади.

Кўпсувлик.  Қоғоноқ ичидаги суюқлик 1500 мл.дан ортиқ бўлса, ушбу ташхис қўйилади. Сув миқдори нима сабабдан кўпайиб кетади, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Аммо бу ҳолат эгизакларга ҳомиладорликда ва бўлажак она қандли диабет, нефрит, юрак-қон томир хасталиклари, резус зиддият, турли инфекциялардан азият чекканида юз бериши мумкин. Одатда, кўпсувлик иккинчи уч ойликда УТТ ёрдамида аниқланади. Агар кутилмаганда сув микдори ортиб кетса, шошилинч туғруқ амалга оширилади.

Камсувлик. Бу ҳолат нисбатан кам учраса-да, ҳомила ривожланишига таъсир ўтказмай қолмайди. Суюқлик миқдори 500 мл.дан камайиб кетса, камсувлик ташхиси қўйилади. Кўпинча камсувлик муддатдан аввалги туғруқни юзага келтиради. Бунда бўлажак она қориннинг пастки қисмида доимий оғриқларни сезади. Айниқса, бола қимирлаганида оғриқ кучайиб боради. Устига-устак, ҳомиланинг фаоллиги пасаяди.

Сувнинг оқиб кетиши.  Қоғоноқнинг бутунлиги туғруқ пайтигача сақланиб туриши лозим. Қоғоноқ сувнинг оқиб кетиши табиий туғруқ бошланганидан дарак беради. Бироқ баъзида бу жараён муддатдан илгари юз бериши мумкин. Шундай ҳолатларда зудлик билан шифохонага мурожаат қилиш талаб этилади. Қоғоноқнинг юқори қисми йиртилганида эса оз-оздан сув оқа бошлайди. Бу ҳақда ҳам зудлик билан шифокорни огоҳлантириш талаб этилади.

Яшил сув. Қоғоноқ суви худди оддий сувдек шаффоф кўринишда бўлиши даркор. Ҳомиладорликнинг охирги даврларида у бироз хиралашиши мумкин. Бироқ ҳомила кислород етишмовчилигидан азият чекаётган бўлса, суюқлик яшил ёки жигарранг тусга киради.

Юқоридаги патологияларда, албатта, шифокор аралашуви талаб этилади. Уларни аниқлашда УТТ, доплер ва қон тахлилига мурожаат этиш даркор. Шундай экан, соғлом фарзандни дунёга келтиришни кўзлаган ҳар бир аёл режали текширувларнинг бирортасини ҳам ўтказиб юбормаслиги, ўзининг ва туғилажак боласининг саломатлигига жиддий эътибор қаратиши лозим.

 

 Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш