ru uz
Бачадонни олиб ташлаш семиришга олиб келадими?

Гап-сўзлар ростми?

Гистерэктомиянинг асоратлари ҳақидаги маълумотлар яхшигина бўрттирилган, десак ишонасизми? Аслида ҳам шундай-да. Амалиётни бошдан ўтказган аёллар ўртасида олиб борилган сўровнома натижасига кўра, уларнинг бор-йўғи 4 фоизигина жинсий майлнинг йўқолишини билдиришган. Шуниси қизиқки, мазкур ҳодиса аввал ҳам кузатилган бўлиб, операциядан кейинги ҳолатга боғлиқлиги йўқ. Хўш, унда гап-сузлар қаердан келиб чиқади дейсизми? Етарлича билимга зга эмаслик, мана гап қаерда. Яна бир муҳим ҳолат, операция олди тайёргарлиги. Агар сиз «Бачадонимни олиб ташлашгач, жозибамни йўқотаман, эримнинг кўнгли қолади мендан, ҳеч нимага ярамайман», дея ўзингизни ишонтирсангиз, аниқ шундай бўлади. Негаки, бош мия қабул қилган ахборот керак-керакмас дейилмай, тўғри онг остита жойлашади. Tўғри, операциядан қўрқасиз, аммо гистерэктомия нима мақсадда ўтказилаётганини ўйлаганингиз маъқул. Амалиёт- қон кетиши, яқинлик вақти оғриқ, пешоб тутолмаслик, бачадондаги яллиғланиш ва ўткир турдаги касалликларнинг ривожланишига нуқта қўяди.

Қўрқув қаердан пайдо бўлади?

Бунинг сабаблари турлича, хусусан:

  • Репродуктив ёшдаги аёл, ҳали фарзанд кўришга улгурмай бачадонидан ажралган бўлса, уни кўпроқ оналик бахтини тўймагани қийнайди. Кейин эса насл давом эттириш қобилиятининг йўқолгани ва шунинг асоратида оиласи пароканда бўлиши ўйлантиради;
  • ўзини тўлиқ аёл сифатида ҳис қилолмаслиги, организмидаги ўзгаришларга кўниколмаслик ҳисси;
  • умр йўлдошининг эҳтиёжини қондира олмасликдан чўчиб, психологик факторларга кўра айбдорлик кайфияти.

Депрессияга чалинмайсиз, деб ҳеч ким кафолат бермайди, аммо ундан ҳалос бўлиш мумкин. Қачонки сиз ўзингизни тулақонли аёлдек ҳис қилишда давом этсангиз, яқинларингиз билан муомалангиз ўзгармаса (уларнинг эмас, айнан сизнинг ёндашувингиз муҳим!), жуфтингиз қаршисида сўниб эмас, аксинча кун сайин гўзаллашиб боришгаҳ қилсангизгина синов даврини енга оласиз.

Депрессив кайфият ўтиб кетмаса, психотерапевт кўмагига мурожаат қилинг. Бунинг ҳеч уятли ери йўқ, аксинча ўзингизни англашни ва ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашни ўрганасиз.

Муносабатдар қачон тикланади?

Операциядан бир ой ўтиб, даволовчи шифокор тиббий кўрик ўтказади. Бачадон орка деворидаги жароҳат тўлиқ битгани ва аёл жинсий ҳаёт тарзини юритиши мумкинлиги тасдиқлансагина, муносабатларни бошлаш мумкин. Дастлабки жинсий яқинлик оғриқсиз кечади, деб бўлмайди.

Оз бўлса-да ёкимсиз ҳолатлар кузатилиши мумкин ва бу табиий ҳол. Негаки, бачадонда жарроҳлик аралашуви бажарилган. Жинсий майлнинг юзага келиши ва муносабатлар вақти қай йўсинда ривожланиши ҳам аввалгига нисбатан бироз фарқланади. Аммо бу вақтинчалик ҳолат. Жинсий ҳаёт сифатини яхшилашда эркакнинг ҳам роли муҳим. У ҳар қачонгидан ҳам эътиборли бўлиб, муносабатларнинг изга тушишига кўмаклашса, операциядан икки-уч ой ўтиб, ҳеч қандай
безовталик кузатилмайди. Амалиётдан икки-уч ой ўтиб ҳам яқинлик пайти оғриқ қўзгалаверса, даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Қуриқлашиши синдроми

Гистерэктомиядан сўнг бачадон шиллиғининг кам миқдорда ажралиши кузатилиши мумкин. Бачадон ичининг қуруқлашиши якқинлик вақти оғриқ ва безовталикни пайдо қилади. Муаммо психологик омил ҳисобидан келиб чиқса-да, уни бартараф этиш мумкин. Агар операция вақти бачадон билан бирга тухумдонлар ҳам олиб ташланган бўлса, организм эстроген гормонини ишлаб чиқармай қўйган. Ушбу гормон миқдорини тикловчи препаратлар қабул қилинса, табиий жараённи тиклаш мумкин. Борди-ю, бачадоннинг ўзи олиб ташланган бўлиб, шилимшиқ модда ишлаб чиқилиши сусайгани кузатилса, маҳсус мой ва суртмалардан фойдаланса бўлади.

Климакс масаласи-чи?

Операция вақти фақат бачадон олиб ташланган бўлса-ю, бачадон ортиқлари, тухумдон ва найлари сақлаб қолинган бўлса, климакс юзага келиши вақти кеч ўзгармайди. Мабодо, тухумдонларни олиб ташлашга тўғри келса, климакс муддатдан 2-3 йил эртароқ бошланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ташқи ўзгаришлар ҳам бўладими?       

Гистерэктомиядан сўнг соч тукилиши, терини тук қоплаши ҳамда тана вазнининг ортиши каби муаммолар келиб чиқиши мумкин экан, айримларнинг наздида. Аслини олганда, ундай эмас. Агар тухумдон ҳам олиб ташланган бўлса, гормонал ҳолатни мувозанатда сақлаш учун эстроген гормони мавжуд преператлар буюрилади, ҳолос.

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш