ru uz
Думғаза суягининг чиқиши

Туғруқ пайти тос суяклари жойидан қўзғалади. Асосий юклама думғаза аъзосини ҳам четлаб ўтмагани боис кейинчалик турли асоратлар келиб чиқиши мумкин. Вақти-вақти билан ёҳуд сурункали тарзда қайталанувчи оғрик ҳамда думғаза суягининг жойига тушмай қолиши шулар жумласидан. Хўш, безовталик кузатилганида нима қилиш керак? Наҳот, жарроҳлик амалиётига зарурат бўлса?

Асосий симптомлар

Думғаза соҳасидаги безовталик бел оғриқларидан қуйидаги аломатларга кўра фарқланади, булар:

- ўтириш ва ўриндан туриш вақти белнинг пастки қисмида оғрик қўзғалиши;
- кўрак билан ётилганида думғазада ёқимсиз безовталик;
- ич келиши вақтида белнинг пастки қисмида тортилувчи оғриқ;
- белнинг икки ён томонидан бошланиб, чов соҳасига тарқаладиган оғрик;
- ҳаракатланганда кескин оғриқ қўзғалиши (суяк чиқиши ҳолатлари).

Асабдан эмасми сабаби?

Бўлиши мумкин. Гап шундаки, думғаза суягидан ўтган нерв толалари тўлғоқ, вақти қисилиб қолиши мумкин. Бу эса оғриқни келтириб чиқарувчи ҳолатлардан бири.

Шунингдек:

  • ҳомила катта бўлса, думғаза суяги орқага эгилиб қолади;
  • чов ораси аъзоларининг тушиб қолиши ҳам думғазага зуриқиш бериши мумкин;
  • туғруқ пайти думғаза аъзосига қон қуйилиши содир бўлади. Ички гематома эса оғриқни пайдо қилади;
  • думғазага туташган пайларнинг жароҳатланиши;
  • туғруқ оғир кечган ҳолатда думғаза суягининг чиқиши ёки синиши ҳолатлари.

Думғаза жароҳатлари туғруқдан бир неча кун ёки ой ўтгач аёнлик бера бошлайди. Баъзан кескин, баъзида эса симиллаган — худдики бел оғриғи каби бошланади. Бундай пайтда оғриқ зўрайишини кузатиш лозим, мустақил равишда суртмалардан фойдаланиш эса тавсия қилинмайди.

Оғриқ зўрайяпти...

Туғруқдан кейинги икки ҳафта давомида бел, думғаза ва қовуқда оғриқ кузатилади ва бу меъёрий ҳолатдир. Мабодо думғазада шикастланиш мавжуд бўлса, оғриқ 1—2 ой, онда-сонда қўзғаб туради. Думғаза суягининг жойидан силжиши, чиқиши ёки синиши содир бўлса, оғриқ кескин вa тез қайталанувчи бўлади.
Оғриқсизлантирувчи усулларнинг кор қилмаслиги, муаммо жиддийлигидан далолат бериши мумкин.

Думғаза шикастланишини баҳолашда асосан рентген акс текшируви ўтказилади. Агар суяк жароҳати мавжуд бўлса, думғаза соҳасида шиш, қизариш келиб чиқади. Мутахассислар муаммонинг даражасига кўра, бир неча даволаш усулларини буюришлари мумкин. Хусусан:

  • парафин, магнит, ультра товушли тўлқин, даволаш гимнастикаси ёрдамидаги физио-муолажалар;
  • маҳаллий оғриқсизлантирувчи препаратлар;
  • думғаза соҳасида ўтказиладиган уқалаш.

Жарроҳлик амалиёти камдан-кам ҳолларда тавсия этилади, ҳатто думғаза чиқи­ши ёки синишини ҳам операциясиз даволаш мумкин. Муҳими, безовталикни кел­тириб чиқараётган омилни аниқлаш ва асосий диққатни уни бартараф этишга қаратиш керак. «Жарроҳлик аралашувисиз илож йўқ», дейилганида эса тиббий текширувлар ўтказилиб, сўнг бемор операцияга олинади. Думғаза суягига гипс қўйишнинг имкони йўқ, шу боис бемор узоқ муддатли реабилитацияга йўналтирилади.

Энди ўзингизни эҳтиёт қиласиз!

Думғаза шикастланишининг қай бир даражаси аниқланмасин, муолажа баробарида кундалик бажариладиган айрим қоидаларни ҳам ёдда тутинг. Булар:

  • кескин ҳаракатлардан сақланиш;
  • ўтирганда юмшоқ ёстиқчадан фойдаланиш;
  • умуртқага зўриқиш тушмаслиги учун қорин би­лан ухлаш;
  • муолажа вақти иссиқ ванна қабул қилмаслик.

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейишгани, айнан думғаза касалликларига мос иборадир. Ушбу соҳадаги оғриқ ҳеч вақт шунчаки юз бермайди. Қолаверса, думғаза шикастланиши орқа мия касалликлари билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Думғазадаги орқа миянинг туташган қисми жароҳатланса, бош оғриқлари, умуртқа поғонасининг бўйин қисмига оғирлик тушиши ва ички юмшоқ тўқималарнинг яллиғланиш эҳтимоли келиб чиқади.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш