ru uz
Бачадон тушиши ёки букилиши асоратлари

Меъёрда бачадон тос соҳасида жойлашган бўлади. Уни бир қатор мушаклар, пай ва тўқималар ушлаб туради. Ҳомиладорлик даври, тўлғоқ, туғруқнинг қийин кечиши натижасида бачадон мушаклари бўшашади. Бундан ташқари, ёшга доир ўзгаришлар организмда эстроген гормонининг пасайишини келтириб чиқаради ва бу ҳам ўз навбатида бачадон атрофидаги мушакларни заифлаштиради. Патология у қадар ваҳимали эмас, ҳатто узоқ даволанишни ҳам талаб этмайди. Асосий шарти, ўз вақтида ва тўғри муолажа олишдир. Бачадон билан боғлиқ яна бир ҳолат — унинг қайрилиб қолиши. Тасаввур қилиш бироз эриш туюлса-да, репродуктив ёшдаги аёллар ўртасида кўплаб кузатилади.

Тўрт даражаси мавжуд:

1-даража: бачадон бўйнининг қинга тушиши;

2-даража: бачадон бўйни деярли қин очилишига бориб қолади;

3-даража: бачадон бўйни қиндан ташқарига чиқиб қолади;

4-даража: бачадон аъзоси қиндан ташқарида.

Патология мавжуд бўлса, қориннинг пастки соҳасида пастга тортувчи оғриқ, ёқимсиз безовталик кузатилади. Пешоб ажратиш қийинлашади, баъзан сийдик тутолмаслик юзага келиши мумкин. Қиндан ажралма келишида ҳам ўзгариш бўлади.

Бачадон тушиши 30 ёшгача бўлган аёллар ўртасида 10 фоизни, 30- 40 ёшлиларда 40 фоиз, 50 ёшдан сўнг эса 15 фоизни ташкил этади.

Бачадон тўқималари, пай ва мушакларининг бўшашиши патологияни келтириб чиқарувчи асосий омил деган бўлсак-да, касалликка ҳамроҳ бошқа безовталиклар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, сийдик қопининг қин деворига бўртиб чиқиши — цистоцеле. Бунда тез-тез пешоб ажратиш ҳиссининг юзага келиши, сийдик тутолмаслик кузатилади. Баъзан ичакнинг бир қисми қинга бўртиб чиқиши мумкин. Бу тиббиётда энтероцеле, деб аталади. Турган ҳолатда кучаниш сезгисининг пайдо бўлиши, ўқтин-ўқтин кузатилувчи бел оғриқлари безовталикнинг белгисидир. Тўғри ичакнинг қинга бўртиб чиқиши — ректоцеле ич келишида қийинчилик ва ноқулайлик туғдиради. Негаки, ҳар бир кучаниш қин томонга зарба беради.

Санаб ўтилган ҳамроҳ патологиялар баъзан бир вақтнинг ўзида биргаликда номоён бўлиши ҳам мумкин. Бошқа жинсий аъзо касалликларидан фарқли равишда бачадон тушишида оғриқ эмас, балки сезги рефлексига диққат қилиш лозим. Негаки, безовталиклар ҳақида айнан ҳиссиётлар дарак беради.
Бунда тос соҳасида оғирлик сезилади, айрим беморлар буни кичик тўп устида ўтиргандек ҳолат дея тасвирлашади. Белнинг пастки қисмида симиллаган оғриқ сезилиши ҳам мумкин. Юрганда, ўтирганда қиндан нимадир чиқиб қолаётгандек ҳиссиёт юзага келади. Яқинлик вақти ноқулайлик бўлиши мумкин.

Сабаби ҳомиладорлик эмас!

Аксарият аёлларда бачадон тушиши туғруқнинг қийин кечгани билан ифодаланади. Ваҳоланки, патологияни келтириб чиқарувчи бошқа сабаблар ҳам бор, хусусан:

  • менопауза даврида табиий ҳолда юз берувчи мушаклар тонусининг пасайиши;
  • тос мушакларига зўриқиш берувчи ҳолатлар: сурункали йўтал (астма хуружлари), ич қотиши, қорин бўшлиғига суюқлик йиғилиши;
  •  ортиқча вазн;
  • тос аъзосида амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётлари асорати;
  • оғир юк кўтариш;
  • бириктирув тўқимасининг дисплозияси;
  • тамаки чекиш;
  • Айрим ҳолларда Марфан, Элерс-Данлос ҳамда пайлар чўзилувчанлиги синдроми сабаб бўлиши мумкин.

    Бачадон тушишига хос аломатлар билан танишдингиз, улардан бирортаси сизни безовта қилаётган бўлса, шифокор кўригини кечиктирманг. Ташхис кўйишда шифокор аёлни ётган ва турган ҳолида текширув ўтказади. Бунда аёлдан қаттиқ кучаниш сўралади. Шундан сўнг бачадон бўйни, тўғри ичак ва сийдик пуфаги текширилади. Аралаш турдаги патология аниқланганида кольпоскопия таҳлили буюрилади. Шунингдек, бачадон тушиши даражасини баҳолаш учун ультратовуш текширувига мурожаат қилинади. Фарзанд кўришни режалаштирган аёлларда бачадон тушиши мавжуд бўлса, аъзони сақлаб қолиш мақсадида қўшимча текширувлар буюрилиши мумкин. Булар:

  • гистеросальпингоскопия (бачадон бўшлиғини қириш ёрдамида бажариладиган диагностика усули);
  • кичик тос аъзоси УТТси;
  • бачадон муҳитини баҳолаш ҳамда атипик ҳужайралар мавжудлигини истисно этиш учун
  • суртма намунасининг тахлили;
  • пешоб суюқлигининг лаборатория шароитида текшируви (сийдик йўллари инфекцияларини истисно этиш мақсадида);
  • сийдик чиқариш йўллари обструкциясини истисно этиш учун экскретор урография;
  • зарур ҳолларда компьютер томографияси ўтказилади.

Жарроқлик амалиёти тайинласа...

Консерватив даво чоралари имконсиз, деб топилса ёхуд аралаш турдаги патология мавжудлиги кузатилганида, шифокорлар оператив даво чораларини тавсия этишади. Аммо бу сиз ўйлагандек бачадон аъзосини олиб ташлаш эмас.

Вагинопластика — бачадон фасцияси, сийдик пуфаги ҳамда тос туби мушакларини мустаҳкамлашга қаратилган амалиёт. 

Бачадонни ушлаб турувчи пайларни бачадон олд ёки орқа деворига маҳкамлаш усули.

Бачадон пайларини мустаҳкамлаш мақсадида уларни ўзаро бир-бирига тикиш амалиёти. Мазкур усулнинг биргина ноқулайлиги ҳомиладор бўлиш имконининг йўқолишидир.

Аллопласт ёрдамида бачадон пайларини мустаҳкамлаш усули ҳам мавжуд.

Гистерэктомия — бачадон аъзосининг тўлиқ олиб ташланиши. Амалиёт аёлнинг жинсий функциясига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, фақат репродуктив тизим фаолияти тугатилади.

Ташхис аниқ, аммо муолажани бошлашдан аввал шифокор бемордаги бир қанча ҳолатларни ҳисобга олади. Булар:

  • патология даражаси;
  • ҳамроҳ касалликлар;
  • репродуктив тизимни қайта тикпаш имконияти бор- йўқлиги;
  • беморнинг ёши;
  • қовуқ, тўғри ва йўғон ичак сфинктери функцияси- нинг қай даражада эканлиги.
  • Санаб ўтилган омиллардан келиб чиқиб, бемор учун консерватив ёхуд жарроҳлик амалиёти белгиланади.

Консерватив усул танланса...

Бачадон тушиши қисман мавжуд бўлганида қўлланилиб, бунда тос ва қорин бўшлиғи мушакларини чиниқтирувчи жисмоний машқлар (Кегель), гинекологик массаж, бириктирув тўқималарини мустаҳкамловчи эстроген гормонидан иборат бир курслик терапия, таркибида метаболит ҳамда эстроген мавжуд бўлган мазлар буюрилади. Шартли равишда аёл оғир жисмоний меҳнатдан сақланиши лозим. Менопауза ёшига етган аёлларда тос пессариялари қўлланилиши мумкин. Бу махсус мослама бўлиб, тос мушакларини маҳкамлайди, аммо узоқ фойдаланиш учун яроқсиз. Белгиланган муддатда янгилаб турилиши керак.

Биринчи галда бачадон букилишига сабаб жинсий аъзодаги яллиғланишдир.

  • Сурункали тус олган касаллик бачадонда спайка (чандиқ) ҳосил қилади ўзгариш мавжуд қисмга тортилади;
  • кичик тос аъзосида ўтказилган жарроҳлик амалиётлари;
  • сийдик чиқариш йўли касалликлари, киста, хавфсиз ўсмалар.

Бачадон тузилиши билан боғлиқ ўзгариш борлиги узоқ давом этувчи ҳайз кунлари, бўшаниш ва жинсий яқинлик пайти оғриқ қўзғалиши билан характерланиши мумкин.

Бачадон букилиши аниқланганида ваҳима қилиш ярамайди. Шунчаки, уни келтириб чиқарган сабаб аниқланиб, бартараф этилишига диққат қилинса бўлгани. Бунда асосий даво чоралари қаторига гимнастика, массаж киритилади.

Қовуқнинг тўлиши, ичакларда ахлат йиғилиши бачадонга босим беради ва бунинг натижасида у шаклини ўзгартиради, янаям соддароқ айтганда, бачадон букилиши! Хўш, у қандай юзага келади?

Бачадон танаси ва бўйни маълум бурчак остида бирлашган. Шуниси қизиқки, бачадон букилиши ҳар бир аёлда содир бўлиши мумкин ва бу ушбу аъзонинг анатомик тузилишига хосдир. Кимдадир букилиш олдинга йўналган бўлса, кимлардадир орқага қаратилган. Айнан букилиш бурчагининг даражаси сперматозоидларнинг бачадонга кира олиш- олмаслигини белгилайди.

Букилиш олдинга қараган бўлса, бачадон танаси ва бўйни ҳосил қилган бурчак қиррасиз ва эркак уруғининг ҳаракатланиши учун йўл очиқ бўлади. Англаганингиздек, бу ҳолатда ҳомиладорликни режалаштириш билан муаммо йўқ.

Агар букилиш йўналиши орқага қараган бўлса, бачадон танаси ва бўйни ўткир бурчак ҳосил қилади. Бачадон ичига ҳаракатланаётган спермотозоид бурчакдан ўта олсагина, уруғланиш жараёни содир бўлиши мумкин.

Сийдик қопи, йўғон ичак, тухумдонлар ёки бачадон найларининг босими таъсирида бачадон чап ёки ўнг тарафга букилиши ҳам мумкин. Бунда сперматозоидларнинг эркин ҳаракатланиши учун имкон қолмайди, негаки йўл ёпиқ.

Фаҳмлаганингиздек, бачадон букилиши орқага, чап ва ўнг томонга қараган бўлса, бу патологиядир, олдинга букилгани эса вақтинчалик ўзгариш, холос.

 

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш