7 Апреля Всемирный день здоровья. осталось: 3 куни!
ru uz
Бачадон бўйни эрозияси

Ҳомиладор бўлиш мумкин аммо...

Гинекологик касалликлар орасида бачадон бўйни эрозиясининг учраши нисбатан кўпроқ фоизни ташкил этади. Сабаби тиббий кўриклардан қочиш, безовталикларга эса «ўтиб кетар» қабилида ёндашиш охир-оқибат ножўя таъсирларни келтириб чиқаради. Бироқ бачадон бўйни эрозиясига кўз қирида қараш тўғри эмас. Негаки, мазкур патология саратонга айланиш хавфининг юқорилиги билан ниҳоятда долзарбдир. Хўш, хасталик аниқланди ҳам дейлик, даво чораси қандай бўлади? Наҳот ҳалигача жароҳатланган юзани куйдириш қўлланилаётган бўлса?

Яллиғланиш борми, даволанинг!

Бачадон аъзоси уч қаватдан иборат, ташқи шиллиқ қавати кўп қаватли эпителий ҳужайралари, ички каналининг қавати эса бир қаватли цилиндрсимон эпителий ҳужайраларидан таркиб топган. Иккала қават ҳужайраларининг чегараси бачадон бўйнининг ўтиш қисмида тўқнаш келади. Эрозия - бачадон бўйни шиллиқ қаватининг юза қисми шикастланиши оқибатида келиб чиқади. Бунда асосан бачадон бўйнининг атрофи қизариб қолади.

Жинсий аъзодаги яллиғланиш жараёнлари хасталикни пайдо қилувчи асосий омилдир! Тан олайлик, мазкур ҳолатга қарийб 90 фоиз аёллар тўқнаш келишади ва улардан 15-20 фоизигина ўз вақтида даволанишни бошлашлари мумкин! Яллиғланган бачадондан кўп миқдорда ажралма ажралади. Бу худди тумовга чалинган инсон бурунни тез-тез чайиб туришдан қочиб, тўпланган йиринг ичкарида қолиб кетишига шароит яратганидек гап.

Бачадон бўйнидаги безларнинг кўп миқдорда шиллиқ ажратиши ҳам эрозияга олиб келиши мумкин. Негаки, шиллиқ модда миқдорининг меъёрдан ортиши, шиллиқ қават юэасининг бичилиб, шилинишини пайдо қилади.

Гормонал ҳолат бузилса...

Эрозия юзага келиши мумкин! Иккиламчи жинсий аъзоларнинг эрта ёки кеч ривожланиши, хайз циклининг бузилиши, тухумдонлар фаолиятидаги ўзгаришлар (яллиғланиш ҳам), 35 ёшдан кейинги биринчи ҳомиладорлик - аёл организмида гормонал мувозанатни издан чиқаради. Ўзбошимчалик билан ишлаётган гормонлар эса бачадон шиллиқ қавати шиллиғида шикастланишни пайдо қилиши мумкин. Бундан ташқари: бачадон бўйнида ўтказилган жарроҳлик амалиётлари таъсирида келиб чиққан жароҳатлар, туғруқ пайти шикастланиш, аборт, бачадон ичи воситасининг тўғри жойлашмаслиги кабилар ҳам хасталикка мойилликни келтириб чиқаради;

сурункали касалликлар оқибатида иммун тизимининг заифлашиши ҳам бачадон бўйни эрозиясига сабаб бўлиши мумкин.

Туғма шакли ҳам учрайди

Тиббиётда эрозияларнинг уч тури фарқланади, булар: туғма, чин ва сохта.

Туғма эрозия она қорнида ривожланаётган ҳомиланинг жинсий аъзолари етилаётган пайтда аёлдаги гормонал ўзгаришлар сабаб келиб чиқади. Бунда кўп қаватли ясси эпителий жойини цилиндрсимон ҳужайралар эгаллайди. 16-17 ёшли қизларда аниқланган туғма эрозия дарров муолажа қилинмаслиги мумкин, чунки балоғатга етиш давридаги гормонал ўзгаришлар жараёнида эрозия ўз-ўзидан йўқолиб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бемор то 20—22 ёшгача давом этадиган етилиш давригача шифокор назоратида бўлади.

Касалликнинг чин ва сохта кўринишлари балоғатга етгандан сўнг, асосан, турмуш қурган аёллар орасида учрайди. Бу пайтда аёлда жинсий ҳаёт бошланган, ҳомиладорлик, туғруқ даври ҳам юзага келган бўлади.

Туғруқлар, ҳар бир бачадон ичига қилинган муолажа, туғруқ пайтида юзага келган жароҳатлар, жинсий аъзо яллиғланишлари, вирус, бактерия, замбуруғлар, жинсий йўл билан юқувчи касалликлар, гормонал ҳолатнинг бузилиши, иммунитетнинг пасайиши барчаси чин эрозиянинг пайдо бўлишига туртки бўлолади.

Аксар ҳолларда чин эрози яллиғланиш жараёни билан бирга келиб, бунда шиллиқ парда қизаради, шишади, шунинг ҳисобига бел ва қовуқда оғриқ қўзғалади. Кундан йирингли оқма келиши, ажралма ранги кескин ўзгариши мумкин.

Шиш ва оғриқ юзага келганидан кейинги жараён шиллиқ юзасининг қаттиқлашишидир. Жароҳат жойидаги қон томирлар кенгаяди ва қонга тўлади, яллиғланиш сурункали тус олиб, ясси эпителий ҳужайра ўрнини бачадон ички каналида жойлашган цилиндрсимон эпителий қоплаб олади. Бу чин эрозиянинг сохта турига айланиш ҳолатидир.

Оғриқ бор, демак...

Бачадон бўйни эрозиясининг асосий белгиси - қовуқ ва белдаги оғриқлардир. Бундан ташқари, қиндан ажралма келиши (ранги, миқдори, ҳолати ўзгаради), яқинликдан сўнг юзага келадиган безовталиклар (баъзан қонли ажралма келиши) ҳам хасталикка ишора беради. Шуниси қизиқки, айрим ҳолларда эрозия бирор-бир аломатсиз ривожланиши ҳам мумкин. Фаҳмлаганингиздек, муаммони ўз вақтида аниқлаш учун бир йилда икки маротаба гинеколог текширувидан ўтиш шарт!

Безовталик кузатилса...

Бачадон бўйни патологиясига тахмин қилинганида шифокор бир қанча текширув усулларини ўтказиши мумкин. Хусусан, дастлаб гинекологик кўзгу орқали жароҳатланган соҳа кўздан кечирилади. Кальпоскопик асбоблар бачадон бўйни тасвирини катталаштириб беради, бунинг ёрдамида қин бўйнини текшириш мумкин. Бачадон бўйни шикастланган жойидан суртма олиниб, цитологик текширув бажарилади. Мугахассис лозим топса, жароҳат жойидан намуна олиб, гистологик таҳлилни ҳам амалга ошириши мумкин.

Асосий муолажалар қайсилар?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бачадон бўйни саратони кўкрак саратонидан кейин иккинчи ўринда туради. Гап шундаки, бачадон бўйни эрозиясида одам папиллома вируси фаоллашади. Папиллома вируси ҳужайралари қисқа фурсат ичида оддий кандиломадан тортиб бачадон бўйни саратонини ҳам пайдо қилиши мумкин. Ножўя оқибатларнинг олдини олиш учун ўз вақтида даволаниш лозим.

Шифокор эроэияни қай йўл билан муолажа қилиш кераклигини касаллик даражасидан келиб чиқиб белгилайди. Дастлаб, яллиғланишни юзага келтирган инфекция қўзғатувчи омил аниқланиб, бактериал муолажа қўлланилади. Сўнг диатермокоагуляция (юқори ҳарорат ёрдамида куйдириш), криодиструкция (музлатиб кўйиш) ва лазер ёрдамидаги жардоҳлик амалиётлари ўтказилиши мумкин. Диатермокоагуляция ва криодиструкция усулларида куйдирилган соҳанинг битиши тўрт ҳафтадан саккиз ҳафтагача давом этади, лазерли муолажада эса уч-тўрт ҳафта ичида бачадон бўйни бутунлай соғаяди.

 Кўп сўралган саволлар...

Бачадон бўйни эрозияси билан ҳомиладор бўлиш мумкинми?

Мумкин, аммо эрозияни келтириб чиқарган омил насл қолдириш хусусиятини заифлаштириши эҳтимолини ҳам инобатга олинг. Ҳомиладор бўлишим мумкин экан дея, хасталикни ўз ҳолича қолдириш ҳам нотўғри. Сабаби ҳомила катталашиб, бачадон ҳажми ўзгаргани сайин касаллик ҳам ривожланади ва ножўя оқибатлар келиб чиқади.

- Куйдириш амалиёти ўтказилгач, фарзанд кўриш муаммо бўлмайдими?

Диатермокоагуляция репродуктив тизим ишини бузмайди, балки жароҳатланган соҳани даволайди. Шундай экан, юқори ҳароратда куйдиришдан сўнг фарзанд кўриш эҳтимоли йўқолмайди.

Бачадон бўйни эрозияси билан туғиш хавфли эмасми?

Йўқ, агар бу эрозиянинг туғма шакли бўлса. Сохта эрозия мавжуд бўлганида аввал жинсий аъзодаги яллиғланиш ўчоқлари бартараф этилиб, гормонал ҳолат тикланиши зарур. Чунки бачадон бўйни юзасининг шикастланиши ҳомила тушиш хавфини пайдо қилади.

Музлатиб ёки куйдириб даволаш оғриқли кечадими?

Амалиёт оғриқсиз, аммо муолажа ўтказилганидан кейинги учинчи ва тўртинчи кунларда қориннинг пастки соҳасида безовталик кузатилиши мумкин. Бу оғриқ ҳайз олди симптомини эслатади.

Диатермокоагуляция амалиёти ўтказилганидан икки йил ўтиб, яна эрозия пайдо бўлса?..

Касалликнинг қайталанишига кўплаб ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин. Аммо яна муолажа олар эканман, дея ишни пайсалга солиш ярамайди. Диатермокоагуляция таъсири кўпга етмаган бўлса, демак, лазерли жарроҳлик муолажасини синаб кўриш даркор.

- Амалиётдан сўнг яқинлик ман этиладими?

Бир-бир ярим ой жинсий яқинликдан сақланган маъқул. Қиндан қонли ажралма келиши тўхтагач, нозик муносабатларни давом эттириш мумкин,

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш