ru uz
Хомиладорликдаги оғриқлар: аниқлаймиз, бартараф этамиз!

Тўққиз ой давомида иммун тизим икки карра оғир иш бажаргани учун аввал кўринмаган касалликлар бош кўтаради. Ҳомиладорликнинг илк кунларидан бошлаб сут безлари, киндик атрофи, бел ва қорин, думғаза, суякларда оғриқ безовта қила бошлаши мумкин. Бундан ташқари, бош, тиш ва ошқозонда қам оғриқ пайдо бўлиши эқгимоли ор. Аммо нима бўлишидан қатьи назар, оғриқсизлантирувчи дори ичиш мумкин эмас! Ахир ривожланаётган ҳомилага акс таъсири бўлади-да. Шунинг учун бирор ерингиз оғриса, албатта, шифокорга учраб, шикоятларингизни айтинг. Оғриқнинг катта ёки кичиги, кучли ёки кучсизи бўлмайди. У қай кўринишда бўлмасин, аҳамиятга эга.
Шундай вазиятлар борки, тезкор тиббий ёрдамни талаб қилиши ҳеч гапмас. Бундай пайтда саноқли дақиқалар қам муқимдир. Мисол учун, бачадондаги оғриқ, аппендицит, панкреатит ёки ичак ўтмаслиги... Ҳомиладорликдаги шиорингиз - эҳтиёткорлик ва масъулиятлилик бўлса, ҳаммаси жойида.

«Ойижон, яна бошим...»

Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида бўлажак онани бош оғриғи бот-бот қийнаши мумкин. Қонда ҳомилани асровчи гормонлар кўпайиши туфайли ҳосил бўлган босимдан бош мия томирлари тортишиб қолади. Мияга етарли даражада кислород бормайди ва аёлнинг боши оғрийди. Бундан ташқари, маиший ҳолатлар — совуқ таом истеъмоли, қаҳра ичиш, аллергия, уйқусизлик кабилар ҳам кунбўйи ўтиб кетмайдиган бош оғриққа сабаб бўлиши мумкин. Ҳомиладор аёл дим хонада узоқ вақт ўтириб ишлаши ҳам бош оғриғига сабаб бўлади. Умуртқа, айниқса, бўйин ва елка мушакларининг зўриқиши ҳам безовталикларга шерик бўлувчи ҳолатлардир.

Биласизми ?

Шоколад, хитой ошхонаси таомлари, ёнғоқ, консерва маҳсулотлари, газли ичимликлар, дудланган колбаса кабиларнинг истеъмоли бош оғриғига олиб келиши мумкин.

Ҳар қандай дори ёхуд гиёҳларни қўллашдан аввал, албапа, шифокорга кўрининг. Бош оғриғининг сабаби камқонлик, ҳомиладорлик преэклампсияси (ҳомилага кислород етишмаслиги)да бўлиши мумкин. Шунинг учун аввал унинг сабабини аниқлаб, сўнг шифокор тавсия қилган даволаш усулини қўллаш керак.

Безарар тавсиялар

  1. Агар оғриқ асабийлик ва зўриқиш билан боғлиқ бўлса, бош ва бўйин соҳасини енгил уқалаш, совуқ сув остида қўлларни 2 дақиқа тутиб туриш, бошнинг энса қисмига совуқ сувда ҳўлланган сочиқ қўйиб ётиш ҳамда лимонли кўк чой ичиш фойда беради. Аммо совуқлик даражаси ошиб кетмаслиги учун лимон чойга ярим чақмоқ новвот солишни унутманг.
  2. Бош оғриғи қон босимининг кўтарилиши ва мигрень билан боғлиқ бўлса, бошга бир парча карам баргини қўйиб боғлаб юриш яхши фойда беради.
  3. Кўрсаткич ва бош бармоқ орасидаги нуқтани уқалаш бош оғриғини тез тўхтатади.

«Белим симиллаб кетаяпти...»

Одатда, бу муаммо ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасидан бошланади. Чунки шу пайтдан эътиборан бачадон кенгайиб, юклама бел соҳаси ва ички аъзоларга тушади. Бу сабаб аёлнинг ҳомиладор бўлишдан аввал остеохондроз билан оғриши, буйрак касалликлари, организмда кальций етишмаслиги бўлиши мумкин.

Нима қилиш мумкин?

Кундузи ётиб дам олиш шарт. Бундан ташқари, махсус бандаж тақиш, имкон бўлса, ҳафтада уч марта бассейнда сузиш, ортопедик пойабзал кийиш, таркибида кальций бирикмалари бўлган дармондори қабул қилиш ва махсус гимнастика билан шуғулланиш лозим. Кўпинча белдаги оғриққа мушак тортишиши (спазм) сабаб бўлади. Уни тўхтати кунига уч маҳал махсус уқалаш гиламчасида юриш фойдали. Овқатланишда творог, қатиқ, лавлаги, ловия, кўкатлар, жигар ва балиқ гўшти кальций ва оқсилга бой маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиш бу муаммонинг ечимига хизмат қилади.

Бачадондаги безовталик нимадан?

Бу ҳолат аёлда жинсий аъзолар (тухумдон, бачадон, қин)да яллиғланишлар бўлса, кузатилиши мумкин. Ундан ташқари, бачадон сийдик пуфагига яқин жойлашгани (табиий нуқсон) оқибатида ҳам унинг бир қисми эгилиб, оғриққа сабабчи бўлади. Ҳомила катталашгани сайин бачадонда оғриқ кучаяверади. Бундай пайтда, албапа, тегишли даволаниш курсидан ўтиш керак.

Бачадондаги оғриққа гипертонус ҳолати ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу аёлнинг бирор ҳолатдан таъсирланиши, хафа бўлиши, асабийлашишидан келиб чиқади. Яна гормонал бузилишлар кузатилса, бачадон тонусга келиши ва бу ҳолатда аёл шифокорга бормаса, ҳомила тушиши ҳам мумкин. Бачадондаги спазм сийдик пуфаги тўлса-да, чидаб юриш натижаси ҳамда жинсий яқинликдан кейин рўй бериши мумкин. Кўп ҳолларда оғриқнинг пайдо бўлиши тўқтутар, хамирли ёки бир хил таомлар истеъмолидан келиб чиқади. Овқатланишдаги ранг-барангликка мева-сабзавот, кўкатларни киритиш орқали эга бўласиз.

Нозик муаммолар

Асосан ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида думғаза соҳасида безовталиклар юзага келиши кузатилади. Бунга сабаб кичик тос аъзоларидаги яллиғланиш, бавосил, организмда туз йиғилиши, қабзият бўлиши мумкин. Безовталик кузатилганида бўшаштирувчи муолажалар — сузиш, дам олиш, уқалаш яхши ёрдам беради. Думғазадаги оғриқнинг йўқолиши учун физиодаволаш муолажаларидан фойдаланинг. Шунингдек, оғриқни йўқотиш учун фитболда машқлар бажариш ёрдам беради.

Белгиларга эътибор берамиз!

Агар бачадон соҳасидаги оғриқ симилловчи, пастга тортувчи ва узоқ давом этувчи, кескин бўлса, қонталаш ажралма келса, оғриқ елкага ва оёққа сезилиб, бел оғриғи билан қўшилса, бошингиз ҳам лўқиллаб, ўзингизни лоҳас сезсангиз, зудлик билан шифокорга учранг. Чунки бу белгилар сизда бачадондан ташқаридаги ҳомиладорликдан дарак бўлиши мумкин.

Биринчи ёрдам

Бачадонда безовталик сезсангиз, гилам устида тизза ва тирсакларни тираб 5 дақиқа туринг. Енгил нафас олиб узоқ чиқаринг. 5 дақиқадан кейин оғриқ тўхтайди.

Бачадондаги ҳар қандай оғриққа бепарво бўлманг, бу оғриққа чидаш керак эмас. Фақат шифокор текширувидан ўтгач, масалага ойдинлик киритиш мумкин.

«Суякларим зирқираяпти...»

Ҳомиладор аёл тос-сон суягида оғриқ сезиши мумкин. Бу организмда кальций етишмаслиги, туғруқ осон ўтиши учун қонда релаксин гормони кўпайиши — унинг таъсирида суяклар эгилувчан ва юмшоқ бўлиб қолишидан келиб чиқади. Бу ҳолат ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида кузатилиши мумкин. Аёлнинг вазни ортиқ бўлса, вазият янада қийинлашади.

Маслаҳат

Бундай пайтда ёнбошлаб ётиб, тиззалар орасига енгил ёстиқча қистириб бажариладиган бўшаштириш машқи ёрдам беради. Муҳими, невролог ва терапевтга учраб, даволаниш курсидан ўтиш керак.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш