ru uz
Климакс: ўзингизни ўйлайдиган вақт келди!

Аксарият аёлларни ваҳимага солувчи климакс бутун организм ишини тубдан ўзгартириши рост. Эндокрин, юрак-кон томир, асаб тизимидаги бузилишлар, гормонал ҳолат беқарорлиги, жинсий мойилликнинг пасайиши, руҳий зўриқиш, суяклар мўртлашуви, афсуски, менопауза ана шундай аломатлар билан номоён бўлади. Бироқ бу климаксдан қўрқиш керак дегани эмас! Англаганингиздек, климаксни енгил ўтказиш ҳақида суҳбатлашамиз!

Ана бошланди...

Менопаузанинг бошланиш даври асосан 49—52 ёшларга тўғри келади. Айрим ҳолларда 38—45 ёшлар атрофида ҳам климакс белгилари кузатилиши мумкин, бу эрта юз берган менопаузадир. Балоғат давридан бошлаб, ҳар ҳайз циклида тухумдон 10—20 та фолликула ишлаб чиқаради ва улардан фақат биттасигина етилиб, тухумҳужайрага айланади. Ҳар бир аёлга табиатан берилган бу инъом йиллар давомида заифлашади, ҳайздан қолиш тухумдон фолликула ишлаб чиқариш қобилиятини йўқотганидан сўнг юз беради.

Климакс уч босқичда кечади ва ҳар бирининг ўзига хос белгилари бор.

I босқич - менопауза олди: ой кунларининг тартиби бузилади, гоҳи бир неча ой танаффус бўлиши ёки ҳайзнинг миқдори аста камайиши мумкин. Менопауза олди 1,5—2 йил давом этади. Аёлда жиззакилик, ҳолсизлик, кўп терлаш, уйқусизлик, баданни совуқ тер босиши кузатилиши мумкин.

Маслаҳат: бу босқичдан эсон-омон ўтиб олишни истасангиз, ҳар куни эрталаб контраст душ қабул қилинг. Аҳволингиз оғирлашиб бораётгандек туюлса, шифокор кўригидан ўтинг-да, гормонал препаратларни қабул қила бошланг.

II боскич - менопауза: бу даврда аёл ҳайз кўришдан қолади. Менопауза бошланганидан кейингиси постменопауза деб юритилади.

III босқич - постменопауза: асосан пешоб ажратиш тизими касалликлари бўй кўрсатади. Гормонал мувозанатнинг бузилиши жинсий майлнинг пасайиши, руҳий беқарорлик ҳолатларини пайдо қилади.

Бу вақтда шифокор тавсияси билан таркибида эстриол гормони бўлган  препаратлар буюрилиши мумкин.

Климакс енгил ўтишини истасангиз, бугундан бошлаб ўзингизни эҳтиётлашга, ҳадеб асабийлашманг. ваъда беринг. Мабодо, стрессга чап беришингиз қийин кечса, тинчлантирувчи таъсирга эга дори воситалари, лимонўт, мойчечак, мармарак дамламаларидан фойдаланишингиз мумкин. Асалли чой ҳам яхши таъсирга эга. Шунингдек:

  • синтетик матодан тикилган ички кийимларни кийманг;
  • юз ва бўйин териси парвариши учун лифтинг (терини таранглаштирувчи) воситалардан фойдаланинг. Кўз атрофига кўпроқ аҳамият беринг, тери эластиклигининг йўқолиши майда ажинларни кўпайтиради;
  • эрталаб ва кечқурун илиқ душ қабул қилишга одатланинг;
  • кун давомида 15-20 дақиқа енгил жисмоний машқларни бажариш, сузиш, теннис, гимнастика машғулотларига қатнаш ҳам айни муддао;
  • кўп терлаяпман деб, суюқлик миқдорини чекламанг. Аксинча, газсиз сув, мева ва сабзавот шарбатлари организмга кувват беради. Таомнома оқсил ва минерал моддалардан ташкил топишига жиддий аҳамият қаратинг. Сут-қатиқ, зайтун ёғи, денгиз маҳсулотлари, кўкатлар, дуккакли ўсимликлар, сули, гречиха ёрмаси, ёнғоқнинг барча турларини тановул қилинг. Тухум, туз, шакар, қаҳва, дудланган, тузланган ва маринадланган егуликлар истеъмолини эса вақтинча камайтиринг;
  • суяклар мўртлашишига қарши кальций препаратлари қабул қилинади;
  • пешоб ажратиш муаммолари (сийдик тутолмаслик) кузатилганида, Кегель машқини бажариш лозим. Бу мушаклар тонусини оширади;
  • баданни совуқ тер босишида имкон қздар ваҳима қилмасликка ҳаракат қилинг. Ўзингизни хотиржам тутсангиз, тана ҳарорати аста мўътадиллашади.

Ҳалқона усуллар

Сельдерей, кашнич, кўкпиёзни хоҳланг тўғраб, истасангиз бутунлигича овқатга қўшиб енг.

Янги сиқилган сабзи шарбатига озроқ сметанани аралаштиринг-да, овқатдан сўнг ичиб олинг. Сабзи шарбати организмнинг қариш жараёнини секинлаштиради.

2 чой қошиқ шивит уруғини қаҳвамайдалагичда янчинг, термосга солиб, устидан қайноқ сув қуйинг. Дамлама 40—60 дақиқадан сўнг истеъмолга тайёр бўлади. Шивитли дамлама баданни тер босиши, ҳолсизликка даво бўлиб, етти кун давомида наҳорда ичилади.

Дорихонадан қизилпойча ўсимлигини харид қилинг-да, идишга дамлаб қўйинг. Кун давомида оз-оздан қабул қилинса, асабни тинчлантиради.

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш