ru uz
Абортдан кейинги бепуштликни олдини олиш

Олдини оламиз!

Аёлнинг репродуктив системаси ташқаридан аралашувларга жуда таъсирчан. Оддийгина стресс ёки асабийликдан ҳам ҳайз цикли бузилиб кетишини биламиз. Шундай экан, абортнинг аёл организмига таъсирини тасаввур килиш қийин эмас. Биз абортнинг энг мудҳиш асоратларидан бири - бепуштликни муҳокама қиламиз.

Замонавий тиббиётда аборт 3 усулда амалга оширилади:

  1. Дори преператлари ёрдамидаги аборт. Бунда аёл маълум препаратни қабул қилади, натижада, ҳомила нобуд бўлади ва ўз-ўзидан тушади. Мазкур усулнинг хавфли томонлари: аёл организмининг препаратга нисбатан кутилмаган салбий реакцияси, ҳомила тушгандан кейин кучли қон кетиши эҳтимолининг мавжудлиги, гормонлар мувозанатининг бузилиши, кичик тос органларида яллиғланиш.
  2. Мини-аборт (вакуум орқали тортиб олиш). Бу усул жинсий аъзоларни кам шикастлагани учун ҳам кейинги йилларда кўп қўлланаяпти. Лекин унинг ҳам хавфли томонлари бор: эмбрион чала тортиб олиниши, гормонал фон бузилиши, вакуум зонди бачадон деворларини шикастлаши мумкин.
  3. Жарроҳлик усули ёрдамида. Бу кенг тарқалган ва шикастлаш даражаси юқори аборт туридир. Асосан ҳомила катта бўлиб, юқоридаги икки усул иш бермайдиган ҳолатларда қўлланади. Жарроҳлик абортидан сўнг бачадонда чандиқлар қолади, асбоблар нафақат бачадоннинг ўзини, унинг бўйнини ҳам шикастлайди, бачадонга инфекция тушиши ва яллиғланиши мумкин, ҳомила бачадондан қириб олинаётганда махсус препаратлардан фойдаланилади, улар эса қин микрофлорасини бузиб, кейинчалик сперматозоидларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилади, бачадон ва бачадон найлари яқинида чандиқлар пайдо қилгани сабабли бачадондан ташқари ҳомиладорлик хавфи ортади, гормонал фон ўзгаради ва ҳоказо. Буларнинг бари бепуштликка олиб келади.

Айниқса, биринчи ҳомилани аборт қилдириш кўп ҳолларда бепуштликни келтириб чиқаради. Чунки организм биринчи муваффақиятсиз тажрибани ёдда сақлаб қолади. У бундан кейин ҳомиладор бўлмасликка ҳаракат қилади. Статистик маълумотларга кўра, аборт қилдирган аёлларнинг 10 фоизи биринчи абортдан кейин бепушт бўлиб қолади. Агар амалиёт махсус жиҳозланган тиббиёт масканларида эмас, хонадонларда, турлича халқона усуллари билан амалга оширилса, бу кўрсаткич 40 фоизгача ортиши мумкин.

 Аборт қуйидаги ҳолларда тавсия этилмайди:

  • Ҳали туғмаган аёлларга;
  • Кесарча кесиш билан туққан аёлларга;
  • Бачадонда ўсма, шишлар аниқланганида;
  • Ҳомиладорлик муддати анча катта бўлганида.

Амалиётдан кейинги муолажа

Абортдан сўнг аёл репродуктив органларида юзага келадиган айрим жараёнларни ортга қайтариш мумкин бўлмаса-да, кўп ҳолларда абортдан кейинги бепуштликни даволаш мумкин. «Иккиламчи бепуштлик» ташхиси қўйилгач, аёл бунинг сабабларини аниқлаш ва шунга боғлиқ равишда даволаш усулларини белгилаш учун махсус текширувлардан ўтади.

  • Гормонал ўзгаришлар сабаб бўлса, махсус препаратлар ёрдамида ҳайз цикли барқарорлаштирилади, барча эндокрин аъзолар иши меъёрга солинади.
  •  Агар яллиғланиш бўлса, дори препаратлари ва физиотерапия қўлланилади.
  •  Фаллопий найлари битиб қолган бўлса, эндометрит, ўсмалар, чандиқлар ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланса, муносиб даволаш чоралари, баъзида эса жарроҳлик усуллари ҳам қўлланилади.
  •  Жарроҳлик усулидаги абортдан сўнг ҳомиладор бўлганда, бачадон бўйни жуда кенгайиб кетган бўлса, ҳомила 18-20 ҳафталиккача муддатда тушиб қолмаслиги учун бачадон бўйнини торайтириб тикиш амалиёти ўтказилади.
  • Бир неча чок туширилади, бу чоклар туғруқ пайти олиб ташланади.

Салбий оқибатлардан қочиш мумкинми

Албатта! Аёллар абортдан сўнг қуйидаги тавсияларга амал қилишлари керак:

  • Абортнинг эртасига гинеколог кўригидан ўтиб, ҳаммаси яхши кечгани, ёмон асоратлар йўқлигини текшириш лозим. Шифокор сизга гормонал препаратлар ёзиб беради, уларни, албатта, қабул қилинг.
  • Абортдан кейинги илк ҳафталарда оёқ, бел ва жинсий аъзоларни иссиқ тутиш лозим, юпқа кийимда юрмаслик керак.
  •  Аҳволингизни назорат қилиб боринг, тана ҳарорати ва оғирлигингизни ўлчаб туринг. Қорин пастида оғриқ, қон кетиши, ҳарорат кўтарилиши кузатилса, дарров шифокорга мурожаат қилинг.
  •  Ванна қабул қилманг, ҳаммом, сауна, бассейнларга борманг. Фақат илиқ душ тавсия этилади.
  • Абортдан кейин 2-3 ҳафта жинсий алоқа мумкин эмас.
  •  Ушбу муддат ўтгач, маҳаллий контрацепция воситаларига мурожаат қилинг.

 

  Манба:  "Суғдиёна " газетаси
 

Орқага Чоп этиш