ru uz
Асабийлашманг, герпесга чалинасиз!

Лаб атрофига учуқ тошиши билан характерланадиган герпес вируси жинсий аъзоларда ҳам учраши рост. Бундай пайтларда вируснинг юқумлилик даражаси ортади. Хўш, нега шундай бўлади? Касаллик ҳадеб қайталанаверса-чи, нима қилмоқ керак?

Диққат, яширин давр!

Организмингизнинг курашувчанлик қобилияти яхши бўлса, герпес вируси тана аъзоларида тошма ҳосил қилмай, ўтиб кетиши ҳам мумкин. Акси бўлганда эса, албатта, ўзини билдирмай қолмайди. Касаллик вируси 1-10 кунлик яширин давр ичида фаоллашади, сўнг жинсий аъзоларда безовталиклар кузатила бошлайди. Хусусан:

  • аъзонинг ташқи тарафи, шиллиқ қаватларида пуфакчали тошмалар юзага
    келади;
  • тошма ранги бир неча кундан сўнг ўзгаради, пуфакчалар эса ёрилади ва ичидаги суюқлик ташқарига чиқади;
  • бир ҳафталардан кейин ёрилган пуфакчалар ярага айланади, ўрнида эса доғ
    ҳосил бўлиши мумкин;
  • хасталикнинг зўрайиш палласида тана ҳарорати кўтарилади, умумий ҳолсизлик келиб чиқади;
  • баъзан пешоб ажралиши қийинлашиши мумкин (агар тошма жинсий аъзо шиллиқ қаватида бўлса, пешоб ажратиш вақти оғриқ қўзғалади);
  • айримларда лимфа тугунлари катталашади;
  • тошма атрофида қичишиш, ачишиш кузатилади.

Бирламчи герпес одатда бирор-бир аломатсиз кечади, аммо кейинчалик тошма пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд соҳада тез-тез қичишиш кузатилиши мумкин.

Нега қайталанади?

Ҳамма гап иммунитетга боғлиқми деяётган бўлсангиз, адашмаяпсиз. Чиндан ҳам гепреснинг қайталаниши иммун тизимининг «қўлида». Агар у заифлашса, вирус яна фаоллашади ва бу ҳодиса бир йилда 2-3 мартагача ҳам такрорланиши мумкин. Шу билан бирга:

  • шамоллаш, сурункали касалликлар;
  • совуқсираш;
  • стресс;
  • руҳий зўриқиш;
  • жисмоний юкламанинг ортиши;
  • ҳайз олди ва ҳомиладорликдаги гормонлар ўзгариши ҳам герпеснинг юзага чиқишига замин яратади.

Тиббиётда жинсий аъзо герпесининг атипик тури мавжуд бўлиб, бунда тошма тошмайди-ю, аммо терида қизариш келиб чиқади. Онда-сонда қичишиш, терида кичик ёриқлар пайдо бўлиши ҳам мумкин. Мазкур ҳолатда ташхис шифокор томонидангина тасдиқланиб, ундан аввал тўлиқ тиббий текширувлар ўтказилади.

Ташхис

Мутахассис керакли муолажа турини тайинлаши учун аввал:

  • пуфакча ёрилиб, ичидаги суюқликдан намуна олинади ва у лаборатория шароитида ўрганилади;
  • вирус организмни қай даражада ишғол этганини билиш учун қон таҳлили ўгказилади.

Тиббий хулосалар жавоби маълум бўлгач, вирусга қарши дори препаратлари, суртмалар, зарур ҳолларда шамчалар буюрилади. Муолажа пайтида яқинликдан сақланиш лозим, акс ҳолда вирус эр-хотин ўртасида алмашинаверади. Асосий даво чораларидан сўнг, албатта, иммунитетни мустаҳкамловчи воситаларга ҳам мурожаат қилинади.

Аксарият аёллар жинсий аъзо герпесини тузли сув, йод эритмаси ёки аччиқтош билан куйдириб тушириш усулига мурожаат қилишади. Билсангиз, бу хато! Негаки, тошмага сув тегизиш, қўл билан пайпаслаш мумкин эмас! Пуфакча ёрилганида ичидаги суюқлик тананинг бошқа қисмларига тарқамаслигига ниҳоятда эътиборли бўлиш лозим. Бунинг учун тез-тез ичкийимни алмаштириш, гигиена қоидаларига риоя этиш керак. Пуфакчалар ёрилгунига қадар чўмилмай турган маъқул.

Герпес тошмаси ярага айлангач, ўз ҳолича қуриб тушиб кетишини кутинг. Тирноғингиз билан кўчирманг, акс ҳолда, терида доғ ҳосил бўлиши мумкин.

Ҳалқона усуллар

Мазкур чоралар безовталик зўрайганида кўмакчи усуллар сифатида тавсия қилинади, диққат қилинг:

— қичишишни камайтиришда мойчечак дамламасидан фойдаланиш мумкин. Бунда икки қаватли докани дамламага ботириб, тошма атрофига ишлов берилади;

— дорихонадан оққарағай мойини сотиб оласиз-да, тошма атрофи ва устига суртасиз. Муолажа бир кунда 3 маҳал бажарилади.

 

Манба:  "Сўғдиёна"  газетаси

Орқага Чоп этиш