ru uz
Туғруқдан кейинги тиртиқлардан халос бўламиз

Деярли 90 фоиз аёллар ҳомиладорлик даврида ёқимсиз «сюрприз» - тиртиқлар муаммоси билан дуч келишади. Аввалига тиртиқлар сиёҳранг, қизил тусда бўлиб, вақт ўтган сари очариб боради. Афсуски, улар ўз-ўзидан йўқ бўлмайди. Демак, муаммодан халос бўлиш чораларини излаш зарур!

Йўл-йўл из сабаблари

Ҳомиладорликда тиртиқларнинг боиси қуйидагилар:

  1. Тери сезувчанлигини оширувчи гормонал ўзгаришлар.
  2. Тери эластиклиги ва таранглигига  жавоб берувчи коллаген моддаси ишлаб чиқилишининг сусайиши.
  3. Шунингдек, ирсий мойиллик, яъни онангизда ҳомиладорлик даври тиртиқлар кузатилган бўлса, сизда ҳам бўлиши табиий ҳол.

Уй шароитида...

Истасангиз, ўзингиз тиртиқларга қарши мой тайёрланг Бунинг учун 0,5 пиёладан зайтун мойи ва алоэ шарбати, А витаминидан 5, Е витами- нидан 10 томчи томизинг- да, яхшилаб аралаштиринг. Иккинчи уч ойликка қадар шу мойдан фойдаланиб турсангиз бўлади.

Узум пишиғи даврида бахтли онларни бошингиздан кечираётган бўлсангиз, узумни эзиб бўтқа тайёрланг-да, тиртиқлар устига 20-30 дақиқа суртиб қўйинг.

Уй шароитида тайёрласа бўладиган яна бир рецепт:

1 стакан йогурт ёки сметанани, 1 ош қошиқ зайтун ёғи ва 1 дона қирғичдан ўтказилган лимон пўстлоғи билан аралаштиринг. Чўмилиб чиққанингиздан сўнг тайёр кремни тиртиқларга суртинг. Сабзили аралашма ҳам бу даврда қўл келади. Уни тайёрлаш учун сабзини қирғичдан ўтказиб, устига қайнатиб совитилган сув қуйинг-да, 15 дақиқага қолдиринг. Сўнг сабзини сувдан силқитиб олинг ва сувига 2-3 ош қошиқ бодом ёғидан қўшинг. Тайёр аралашмани эрталаб ва кечқурун тиртиқлар устига суртинг.

Иккинчи уч ойликдан бошлаб эса ҳомиладорлар учун мўлжалланган косметик воситалардан фойдаланинг.

Олдини олса бўладими?

Бўлганда қандоқ! Бунинг учун ҳомиладорликнинг илк кунлариданоқ ишга киришишингиз лозим. Аввало, таомномада ўсимлик мойи, ёнғоқ, гўшт, тухум ва дуккаклилар борлигига аҳамият беринг. У таомнома сифатли, балки калорияга бой ҳам бўлиши керак. Махсус ич кийимлар ва бандаж ҳам терингизни тиртиқлардан ҳимоялайди. Қоматингизга мосини танланг, токи кийганингизда сизга ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмасин.

Шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда, контраст душ қабул қилишингиз ва енгил уқалаш муолажаларини олишингиз мумкин. Агар уқалаш муолажасини амалга оширмоқчи бўлсангиз, биринчи уч ойликда тиртиқларга қарши махсус косметик воситалардан фойдаланмай турганингиз маъқул. Унинг ўрнига зайтун, бодом ва шафтоли данаги мойларидан ишлатишингиз ҳам мумкин.

Табриклаймиз, она бўлдингиз!

Бундай улкан бахт олдида қандайдир тиртиқлар нима деган гап, дерсиз. Хулоса қилишга шошилманг, оналик ҳиссиёти тўлиб-тошиб кетаётгаи бўлса-да, ташқи кўринишингизга эътиборли-бўлишингиз шарт. Ҳомиладорлик даври йўқота олмаган тиртиқлар билан курашишда давом этинг. Кичкинтойингиз олти  ойлик бўлгач, бир қанча муолажаларни қўллаш мумкин. Энг  оддийларидан бири бу контрас компресс. Бунинг учун сочиқни аввал совуқ сувда ҳўллаб, муаммоли тери юзасига 30 сонияга қўясиз. Сўнг сочиқ иссиқ сувда намланади-да, муолажа беш марта такрорланади. Табиий қаҳва ва бодом ёғидан тайёрланган скраб билан ҳам уқалашни канда қилманг.

Сайр ҳам фойдали!

Ҳар кеч жуфтингиз билан пиёда сайр қилишга одатланинг. Тоза ҳаво ва сайр қон айланишини фаоллаштириб, тери ҳолатини яхшилайди. Кундузи эса ҳомиладорлар учун мўлжалланган фитнес машқлари билан шуғулланишингиз мумкин. Фақат шифокорингиз билан маслаҳатлашишни унутманг.

Косметик усуллар

Лазерли силлиқлаш (шлифовка) - бундай муолажа ёрдамида муаммоли терининг юқори қисми олинади. Соғлом ва шикастланган тўқималар ўртасидаги қарама-қаршилик камаяди. 

Кимёвий пилинг - бу усул энг дағал тиртиқлар учун жуда самарали. Терига кислота суртилганидан сўнг у силлиқлашади, таранглашади ва соғлом тусга кира бошлайди.

Мезотерапия — тери остига витаминлардан тайёрланган махсус доривор коктейллар юборилади. Натижада, тўқималар янгиланиб, тиртиқлардан - асар ҳам қолмайди.

Ёдда тутинг: қай бир муолажани танласангиз ҳам, аввал шифокор билан маслаҳатлашинг ва муолажа учун тажрибали мутахассисни танланг.

 

Манба:  "Суғдиёна" газетаси

Орқага Чоп этиш