ru uz
Эҳтиёт бўлинг эрозияни чақирувчи воситалар

Аёллар чиройли кўриниш учун, ёрларини мафтун этиш мақсадида косметик воситалар, кийим-кечак, сотиб оладилар. Гўзаллик салонлари, фитнес заллар хам латофатли кўринишимиз учун хизмат қилади. Аммо айрим аёлларга булар камлик қилаётгандек, энди бошқачасига ўзларини ўтга-сувга ураётганларининг гувоҳи бўляпмиз...

Ўлчам ўзгариши ростми?

Қин деворлари махсус бурмалардан иборат бўлиб, улар аъзонинг қисқариши/кенгайишини таъминлайди. Ҳайз кунларида қўлланиладиган тампонлар айни шу боис қинга осон жойлашиб, силжимайди. Туғруқ пайти бачадон очилиши юз берганида қин бурмалари ҳомиланинг туғилишида қин йўлини кенгайтириб беради.

Яъни организм бор имкониятларидан келиб чиқиб, ўзи учун қулай ҳолатга мослашади. Қиннинг кенгайиши кўпинча туғруқ ёки тиббий абортдан сўнг юз беради. Сабаби эса бачадоннинг пастга тушиши билан боғлиқ.

Ҳар бир аёл организмининг ўзига хос бўлганлиги сабабли қин мушаклари табиий суст бўлиши ҳам мумкин. Муаммо борлигини эрта аниқлашнинг имкони йўқ. Ҳомиладорликнинг кечикаётгани ёки жинсий ҳаёт билан алоқадор вазиятлардагина қин мушакларининг заифлиги фош бўлади.

Биз қинни торайтирувчи усулларни ёқламасак-да, ушбу амалиёт тиббий кўрсатма билан бажарилиши ҳам мумкин экан. Аниқроғи, қуйидаги ҳолларда шифокор қин ўлчамини ихчамлаштиришга кўрсатма беради:

  • бачадон тушиши аломатлари мавжуд бўлса;
  • туғрукдан сўнг қин мушаклари тонусининг камайиши аёлнинг ўзига ҳам сезила бошласа, пешоб тутолмаслик билан боғлиқ муаммолар келиб чиқса;
  • ёшга доир ўзгаришлар фонида қин мушакларининг суст- лашиши кузатилса;
  • жинсий аъзо аномалиялари аниқланса.

Мутахассис аввалига қин мушаклари тонусини оширувчи махсус машқларни буюради. Давомий тарзда олиб борилган машғулотлар наф бермасагина, жарроҳлик амалиёти — қин пластикаси тавсия этилиши мумкин. Кольпорафия — қин деворларини оператив йўл билан «тикиш» қин мушаклари тонусининг ошишига, ўлчамининг кичрайишига ёрдам беради. Амалиётдан аввал аёл тўлиқ тиббий текширувдан ўтиши, барча турдаги таҳлилларни топшириши керак.

Машқларнинг фойдаси борми?

Кўпчилик аёлларнинг фикрича, Кегель машқидан наф йўқ ёки шуғулланиб туриб ташлаб қўйилса, натижаси бўлмайди. Буларнинг бари бекор гап! Қин мушакларини чи- ниқтириш мумкин. Шарти эса жуда оддий — кунора, ҳеч бўлмаса ҳафтада икки маротаба қин мушакларини машқ қилдиришдир. Бунинг учун махсус кўрсатмаларни излаб топиш шартмас, пешоб қилиш истаги пайдо бўлганида, қовуғни бўшатмай, бир неча дақиқа ушлаб туриш, ёзилиш пайтида эса сийдикни тутиб қолиб, сўнг бўшатиш мумкин. Шунингдек, 10 сония давомида қин мушакларини сиқиб- бўшаштиришга уриниб кўринг. Унутманг, қин мушаклари қанчалик чиниққан бўлса, бу нафақат жинсий ҳаёт сифатининг яхшиланишида асқатади, балки ҳомиладорлик ва туғруқ пайтида фойда қилиб, энурез профилактикаси сифатида ҳам хизмат қилиши мумкин.

Турли кўринишда бўлгани билан барча қинни торайтирувчи воситаларнинг таркибида ошловчи бирикмалар бор. Айнан улар қин мушакларининг вақтинчалик ихчамлашишини таъминлайди. Ошловчи бирикмалар қин эпителий қаватини таъсирлантиради, бунинг эвазига мушаклар тонуси ортади. Бироқ таъсири вақтинчалик!

Гель, суртма ва спрейлар яқинликдан 2—3 соат олдин қўлланилиб, қиннинг ички қисмига суртилади. Қаламчаларни эса бироз намлаб, сўнг қинга жойлаштириш керак. Иккита кичик шарчадан иборат восита эса нозик муносабатлар бошланишидан 4—5 соат олдин қинга жойлаштирилмаса, 15 дақиқа қолганида ишлатилишидан наф йўқ. Шарчалардан нотўғри фойдаланиш жинсий аъзоларга шикаст етказиши мумкин. Ҳозирга келиб, қинни торайтирувчи воситалар қаторига таблетка кўринишидагилари қўшилган. Бундай препаратлар асосан гиалурон кислотаси, пептидлар ва аргениндан иборат бўлиб, қин шиллиғини меъёрга келтиради гўё. Санаб ўтилган усулларнинг иш бериши ростдир, бироқ шуни унутмаслик керакки, уларнинг таъсири бир умрлик эмас! Ҳатто, бир суткага ҳам етмайди. Айримларининг ёрлиғига диққат қилинса, бир кунда икки маротаба қўлланилиши, бир ойлик муолажа сифатида фойдаланиш мумкинлиги ёзилган. Яллиғланишни даволаши, нохуш ҳидни бартараф этиши, қин муҳитини яхшилаши, гормонал фоннинг меъёрга келиши — хомхаёлдан ўзгаси эмас.

Бу худдики, фақат халқона усуллар ёрдамидагина шифо топишга уринишдек хато фикр.

Маълумки, қинни торайтириш учун мўлжалланган воситаларни ёрлиғида кўрсатилганидек 4—5 соат олдин қўллай олиш эҳтимоли кам. Мабодо, муносабатлар амалга ошмай қолса, таранглашган қин тонуси ёқимсиз ҳолатни пайдо қилиши ҳам ҳеч гапмас.

Қинни торайтирувчи воситалардан мунтазам фойдаланиш, қин мушакпарида сунъий торайиш рефлексини пайдо қилади. Қачонки маълум турдаги воситани қўлласангиз, мушаклар таранглашади, табиий ҳолатда эса бунинг акси. Соддароқ айтганда, сунъий чақирилган мушаклар тонуси қин мушакларини дангаса қилиб қўяди.

Жинсий аъзода сурункали яллиғланиш мавжуд бўлганида ошловчи бирикмаларга эга гель ва мазлар, қин деворида қизариш, ачишиш ва аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин. Безовталиклар, пешоб қилиш вақти ачишиш, яқинлик маҳали қаттиқ оғриқ бўлиши билан ифодаланади. Тошма қин деворига зич жойлашган бўлса, ярага айланиши мумкин.

Қай бир воситадан фойдаланишингиз, қайси усулни маъкул кўришингиз ўзингизга ҳавола. Бироқ таркиби нотаниш препаратларнинг сехрли таъсирига ишонишдан олдин гаровга нима қўяётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Тарози палласида саломатлигингиз турар экан, шубҳали натижа учун таваккал қилиш ярамайди. Хақиқатан ҳам жинсий ҳаёт сифатини яхшиламоқчи бўлсангиз, соғлом турмуш тарзига риоя этинг. Тўғри овқатланинг, стресслардан ҳимояланинг, кўпроқ машқ қилинг, мана, сизга энг фойдали, арзон ва безарар усуллар!

 

Манба: "Суғдиёна" газетаси

Орқага Чоп этиш