ru uz
Ичак силининг давоси борми?

Ичак сили - сурункали кечадиган, юкумли касалликлар сирасига киради. Асли, хасталик кам учрайди.  

Касалликнинг уч хил юқиш йўли бор.

Биринчиси: чорвачилик маҳсулотлариорқали. Маълумки, сил касаллиги (туберкулёз) нафақат одамда, балки ҳайвонларда, шунингдек, чорва молларида (айниқса, сигир ва қўйларда) учраши мумкин. Хасталанган чорванинг сутини истеъмол қилиш орқали касалликни юқтириб олиш эҳтимоли катта.

Иккинчиси: одамдан-одамга юқиши. Бунда силга чалинган одамнинг туфуги, балғамидаги сил бактериялари умумий идиш-товоқ, уй анжомлари, шахсий буюмлар орқали соғлом одамга ўтиши ва уни хасталантириши мумкин.

Учинчиси: сил билан хасталанган бемор йўтал туфайли нафас йўлларида, айниқса, томоғида доимий балғам ҳосил бўлади. Бемор балғамни ютиши оқибатида ичакларини ҳам зарарлантириши мумкин.

Бемор асли ўпка сили билан хасталанган ва кейин касаллик қорин бўшлиғи аъзоларига ўтган бўлиш эҳтимоли катта. Негаки, ҳозирда чорва молларида сил касаллигини аниқлаш борасида катта текширувлар амалга оширилади. Хар бир фермада чорва моллар туберкулин синамасидан ўтказилиб, бемор чорва аниқлангудек бўлса, дарров соғломларидан ажратилади.

Илк белгилари 

Касаллик анча пайтгача яширин кечиши мумкин. Дастлаб бемор қориннинг киндик қисмида, киндик атрофида босувчи оғриқ сезади. Оғриқ одам юрганда, уй юмушлари билан шуғулланганда кучаяди. Одамни бот-бот қабзият ва ичкетар қийнайди. Организм сил бактерияси билан тобора заҳарлангани туфайли унинг тана ҳарорати кўтарилади, танасидаги лимфа тугунлар шишади.

Ташхислаш бирмунча мураккаб гап шундаки белгилар аппендицитга ҳам ўхшаб кетади. Ичак силининг белгилари колит, ичбуруғ аломатларига ҳам жуда ўхшаш бўлиши мумкин.

Текширувлар 

  • Ошқозон-ичак УТТси;
  • Ошқозон-ичак тракти эндоскопияси (зонд ютиш муолажаси);
  • Ошқозон-ичак ва ўн икки бармоқ ичак рентгени.

Кимга мурожаат қилинади?

Беморда ичак сили аниқланса, назорат шифокор-фтизиатрга топширилади. Сил бактерияларининг баъзи турлари дориларга бетаъсир бўлгани сабабли бир неча дори-дармонлардан фойдаланилади. Сил таёқчаси узоқ вақт пассив бўлиб туриб, бирданига касалликни қўзғаб юбориши билан хавфли. Шу боис хасталикни даволаш камида 1 йил муддатга чўзилиши мумкин.

Хасталик атроф-муҳитга тарқамаслиги учун бемор сил касаллигини даволашга мўлжалланган махсус диспансерларда муолажа олади. Силга қарши дориларни антибиотиклар билан бирга 9 ой, кейинчалик худди шу дориларни 18 ой давомида муттасил қабул қилиш беморнинг 95—99 фоизга соғайиш имконини беради.

Овқатлаииш тарзига эътибор беринг

Даволаш чораларидан ташқари, шифокор-фтизиатр оқсил, углевод, ёғларга бой таомнома буюради. Чунки ушбу касалликни бемор қувватли, дармонбахш озуқа билан енгиши керак. Шунингдек, витамин йиғиндилари ҳам буюрилади.

Овқатланишда балиқ маҳсулотлари, жигар ва ўпка, қора ундан ёпилган нон, цитрус мевалар, майиз, қорағат, шотут, ёнғоқ, сут маҳсулотлари, қаймоқ билан аралаштирилган творог, сариёғ, қайнатма шўрвалар, сут фойдали. Лекин ҳаддан зиёд ёғли, креми кўп ширинлик ва пишириқлар беморнинг аҳволини ёмонлаштириши мумкин.

Хавфли гуруҳ

Беморнинг яқинлари, у билан 1 йилдан ортиқ яқин муносабатда бўлганлар, чорва моллари билан шуғулланувчи фермерлар, тез-тез шамоллагани туфайли иммунитети пасайган ёш болалар ва кексалар киради. Оилада ичак сили билан хасталанган бемор аниқланса, қолган оила аъзолари ҳам, албатта, тўлақонли тиббий текширувдан ўтиши шарт.

БЦЖ вакцинаси!

Туғруқхоналарда силга қарши БЦЖ вакцинаси қилинади. Кейинги эмлаш боланинг 1—2-синфида ва 17-18 ёшда амалга оширилади. Кўпчилик унча хуш кўрмайдиган «манту» синамаси асли организм сил касаллиги билан танишми- йўқми, шуни аниқлаш учун бажарилади.

Манба: "Суғдиёна" газетаси

 

 

Орқага Чоп этиш