ru uz
Томоқ оғриғида халқона тавсиялар

Томоқ оғриганида кўпчилик нима қилишини билмай дарров дорихона томон ошиқади ёки унинг ўтиб кетишини кутиб, саломатлигига бефарқ қарайди. Ваҳоланки, бундай пайтда халқона тавсиялардан фойдаланиш мумкин. Кўл остимизда шундай доривор мақсулотлар борки, уларни қабул қилиб, томоқ оғриғи, йўтал ва шамоллаш касалликларини бартараф этса бўлади. Хўш, сиз улар билан танишмисиз?

Асал

Илиқ сувга солинган 1 чой қошиқ асал томоқдаги оғриқни енгиллаштиради. Шунингдек, унинг шамоллаш касалликларидаги фойдаси беқиёс.

Лимон

Ушбу цитрус мева С витаминига бой бўлиб, томоқ оғриғи, йўтал ва шамоллаш касалликларида жуда фойдали. С витамини организмнинг ҳимоя кучи — иммунитетни ошириб, турли касалликларга қарши курашишда беназир. Томоқ оғриғи бошлананида битга лимон шарбати ва 3—4 чой қошиқ асални аралаштириб, кун давомида чой қошикдан уч-тўрт маҳал қабул қилинади. Цитрус мевалари ҳамда асалга аллергияси борлар учун ушбу маҳсулотлар тавсия этилмайди.

Пиёз

Қуруқ йўтални даволашда 2 дона пиёз шарбати ва ярим пиёла шакар сирли идишга солиниб, 10 дақиқа ўрта оловда қайнатилади. Сўнг совитилиб, 50 гр. асал қўшилади. Ушбу шифобахш аралашмадан кун давомида беш-олти маҳал 1 чой қошикдан ейилади. Майда тўғралган пиёз (1 дона) 3 ош қошиқ табиий асал билан аралаштирилади. 1—1,5 соатдан сўнг пиёз суви ажралиб чиқади. Уни яна бир бор аралаштириб, кун давомида беш-олти маҳал 1 ош қошиқдан қабул қилинади.

Қора турп

Энг фойдали ва машҳур усул: турп яхшилаб ювилиб, ўртаси ўйилади ва асал солинади. Шу ҳолатда 24 соатга олиб қўйилади. Ҳосил бўлган шарбат кун давомида уч-тўрт маҳал 1 чой қошиқдан ичилади.

Саримсоқпиёз

5 дона саримсоқпиёз бўлагини 300 мл. сутга солиб, бироз қайнатинг. Сутдан саримсоқпиёз бўлакчалари олиб ташлангач, кун давомида 50 мл.дан беш-олти маҳал қабул қилишингиз мумкин.

Маймунжон мураббоси

Томоқ оғриғи бошланганида илиқ чойга 1 чой қошиқ маймунжон мураббосини солиб ичиш фойдали. Шунингдек бундай усул тинчлантирувчи ва яллиғланишга қарши таъсирга эга.

Эвкалипт мойи

Нафас олишни енгиллаштиради, нам ва қуруқ йўталларни даволайди. Керакли натижага эришиш учун эвкалипт ва мойчечак мойи билан тенг микдорда олиниб аралаштирилади. Ундан кун давомида уч-тўрт маҳал қабул қилинади. Нам йўтални даволашда эса ушбу аралашмага розмарин мойини қўшиш мумкин. Ингаляция қурилмасидан фойдаланганда ҳам ушбу мойдан фойдаланса бўлади.

Анжир қоқи

2 дона анжир қоқи 200 мл. сутда 10 дақиқа қайнатилади. Тайёр бўлгач, оз-оздан кунига уч маҳал қабул қилиш мумкин.

Оғизни ғарғара  қилиш учун

Томоқ оғриғини уй шароитида турли доривор ўтлар ва яллиғланишга қарши ҳамда антисептик воситалар ёрдамида ҳам бартараф қилиш мумкин.

  • 4 дона янги узилган баргизуб барги ёки унинг 2 ош қошиқ қуритиб майдаланганини 200 мл. сувга солиб, дамланади ва ярим соатга тиндиришга қўйилади. Илиқ ҳолатдаги тиндирма билан томоқ кун давомида чайиб турилади. Муолажа бемор тузалгунига қадар давом эттирилади.
  • 20 гр. мармарак 300 мл. қайнаган сувда 1 соат дамланади. Белгиланган муддат ўтгач, сузиб олинади. Дамлама билан томоқ чайилса, ангина, тонзиллит ва фарингитда жуда қўл келади.
  • 1 чой қошиқ календула гули 1/3 стакан қайноқ сувда дамланади. Бу дамлама ҳам томоқ чайишда фойдаланилади.



    Манба:  "Суғдиёна " газетаси
Орқага Чоп этиш