ru uz
Бурун полипи. Қайта ўсиб чиқиши, асоратлари ва операция ҳақида

Бурун ва бурун ёндош бўшлиқлари полипи (полипоз риносинусит) қайталанган ҳолда кечувчи хасталик эканлиги боис ниҳоятда жиддий ёндашувни талаб қилади. Маълумотларга кўра, у Ер юзи аҳолисининг 1-5 фоизида қайд этилиб, кўрсаткичлар ҳар йили ўзгариб туради. Эътиборлиси, бурун полипининг эрта босқичларида касаллик белгиларини сезиш қийин. Умумий тиббий кўрик пайтида ўтказилган бурун, томоқ ва қулоқ аъзолари текшируви бурун ёндош бўшлиғида ўсимта борлигини кўрсатиши мумкин. Хўш, полип асли ҳандай ўсимта? Давоси фақат операциями?

Тумов борми, эътиборли бўлинг!

Узоқ давом этувчи ва тез-тез қайталанувчи тумов бурун ҳамда бурун ёндош бўшлиқларида полип борлигидан дарак бўлиши мумкин. Бурундан йирингли ажралма оқиши, оғиз ва бурун томирларини торайтирувчи томчидориларнинг иш бермаслиги ҳам хасталик мавжудлигига ишорадир. Томчидори фойда қилмагач, бемор оғиз орқали нафас ола бошлайди. Натижада, микроб ва аллергенлардан иборат қуруқ ҳаво нафас йўлларини зарарлайди. Полип асоратида юзага келадиган нафас йўллари хасталикларнинг асосий сабаби шу.

Фаҳмлаганингиздек, тумов бошланаётганини сездингизми, дарҳол эҳтиётингизни қилинг. Ўз билганингизча томчидорилар, суртма ва қаламчалардан фойдаланманг.

«Бу оддий шамоллаш эди-ку?!»

Киши грипп билан хасталанганида бурун шиллиғида микроорганизмлар кўпая бошлайди. Ушбу жараён бурун шиллиғи юқори қатламининг кўчишига олиб келади. Ўзгаришлар содир бўлаётганида бемор бурун битиши, ачишишни сезади. Овоз оҳанги ўзгаради. Бурун шиллиғини ишлаб чиқарувчи безларнинг фаол ишлаши натижасида бурундан ажралма оқади. У баъзан шаффоф кўринишда бўлиши ҳам мумкин.

Беморнинг иммун тизими мустаҳкам бўлса ва у ўз вақтида даволанса, тумов юзага келганидан 7—10 кун ўтиб соғайиш даври бошланади. Бурун шиллиғи аста меъёрий ҳолатига қайтиб, ўз вазифаларини бажаришда давом этади.

Тумовни ўз вақтида муолажа қилмаслик унинг сурункали тус олишига сабаб бўлади. Бундан биринчи навбатда бурун бўшлиғининг маҳаллий иммун тизими талафот кўради. Аммо шунда ҳам у осонликча «енгилмайди». Аввалига бурун бўшлиғи шиллиғининг бириктирув тўқималари қалинлашиб, кенгайиб боради. Мазкур ҳодиса, одатда, бурун ёндош бўшлиқларида кузатилади. Маълум вақтга келиб, гиперплазияга учраган шиллиқ қават тўқимаси қобиғидан ажралиб, бурун бўшлиғига тушади. Ана шу ҳодиса бурун полипи, деб аталади.

Бурунда полип ҳосил бўлишининг бошқа сабаблари ҳам бор, хусусан:

  • сурункали синусит (бурун ёндош бўшлиқлари яллиғланиши, гайморит, фронтит, этмоидит);
  • аллергенлар таъсирида келиб чиққан тумов;
  • бурун пардеворининг қийшиқлиги (кўп ҳолларда нафас олишнинг бузилишини пайдо қилиб, бурун шиллиғи тўқимасининг ўсишини келтириб чиқаради); наслий мойиллик;
  • иммун тизимининг патологик реакцияси;
  • астма, фиброзли кистозлар, мастоцитоз, Янг синдроми.

 

Қаерда ва қандай жойлашади?

Бурундаги полип келиб чиқиш сабабларига кўра, ҳар хил ўлчамда бўлиб, бурун бўшлиғининг турли қисмларида жойлашади. Жумладан:

  • гаймор бўшлиғи шиллиқ пардасининг яллиғланиши асоратида юзага келадиган хасталик тури - антрохонал полип дейилиб, одатда, бурун бўшлиғининг бир тарафида ҳосил бўлади. Бу кўринишдагиси болаларда кўпроқ кузатилади;
  • бурун пардеворининг икки тарафини қоплаб олувчи, шиллиқ тўқимадан иборат панжарасимон этмоидал полиплар асосан катталар орасида учрайди.

Бурун бўшлиғи ўсимтасининг ўлчами ҳамда унинг таъсирида келиб чиққан ўзгаришлар баҳоланиб, полипнинг ривожланиши уч босқичга ажратилади:

  • Биринчи босқич - полип бурун бўшлиғининг у қадар катта бўлмаган қисмини тўсиб қўяди, холос.
  • Иккинчи босқич - бириктирув тўқимасининг ўсаётгани ҳисобига полип бурун бўшлиғи ёриқларининг асосий қисмини беркита бошлайди.
  • Учинчи босқич - катталашган ўсимта нафас олиш каналларини тўсиб қўяди, бемор бурундан нафас олишга қийналади.

Оғриқни сезмайсиз, негаки...

Бир неча миллиметрдан 3-4 сантиметргача бўлган юмалоқ кўринишдаги полиплар оғриқ бермайди. Бурун усти ва атрофи қўл билан пайпасланганида ўсимта борлигини сезмайсиз, негаки, у бурун бўшлиғида ҳаракатлана олади. Агар бемор ҳақиқатан ҳам полипоздан азият чекаётган бўлса, уни қуйидаги симптомлар безовта қилиши мумкин:

  • тез-тез бурун битиши;
  • бурундан нафас олишнинг қийинлашиши;
  • бурундан йирингли ажралма оқиши;
  • сабабсиз аксириш (ўсиб бораётган шиллиқ қават тўқимаси бурун тукларига тегиб қолади, ёт жисмдан ҳимояланиш мақсадида бурун туклари аксиришни пайдо қилади);
  • ҳид билиш қобилиятининг пасайиши;
  • бош оғриғи (ўсимта нерв толаларини сиқиб кўя бошласа, бу бошда оғриқни пайдо қилади);
  • димоғда сўзлаш (товуш ҳосил бўлишида бурун аъзосининг иштироки муҳим, ундаги ўзгаришлар товушнинг бузилишини келтириб чиқаради, бемор сўзлаётганида худди димоғида, манқаланиб гапираётгандек туюлади).

Текширувлар ўтказиладими?

Агар сизни тумов безовта қилса, тез-тез бурнингиз битиб колиб, нафас олишга қийналаётган бўлсангиз, бу ҳали полип бор дегани эмас. Аммо хасталикнинг юзага келиш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тиббий кўрикдан ўтишингизни маслаҳат берамиз. ЛОР шифокори умумий ахдолингизни ўрганиб, бурун бўшлиғи, томок ва к.улок аъзоларини текширади. Бурун полипига тахмин пайдо бўлганида компьютер томографияси, эндоскопик ҳамда мультспираль компьютер томография текширувлари амалга оширилади. Замонавий технологиялар ёрдамида ўтказилгзн тахлиллар полип тўқимасининг аниқ ўлчами, ҳолати ва тарқалиш жойини кўриш имконини беради.

Хасталик тўғри даволанмаса полип ёмон сифатли ўсимтага айланиши, суяк тўқималарига таъсир қилиши ёки бошқа оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

 Операциядан ўзга чора йўқми?

Бурун ўсимтаси фақат жар- роҳлик йўли билан даволанади, деган гап йўқ. Тиббий таҳлиллар полипни ҳосил қилган сабабларни фош қилгач, уларни бартараф этишга доир муолажа ўтказилади. Агар бу аллергенлар таъсиридаги тумов бўлса, аллергик таъсирни камайтиришга диққат қилинади. Гаймор бўшлиғи яллиғланишида эса антибиотик препаратлар қўлланилади. Шифокор кўрсатмаси билан физиомуолажа усуллари ўтказилиши мумкин.

Яллиғланишни даволовчи, бурун шиллиғи шишини камайтирувчи, ўсимта катталашишининг олдини олувчи дори воситалари фақат мутахассис томонидан буюрилиб, тартиб билан қабул қилиниши лозим. Касалликнинг илк босқичларида кон- серватив муолажа кутилган натижани беради. Бироқ ўтказиб юборилган полиплар ҳақида бундай дейиш қийин. Сизнингча, қай ҳолларда оператив даво чораси тавсия этилади?

  • Буруннинг тўлиқ битиб қолиши юз берса;
  • қон аралаш ва қўланса ҳидли ажралма оқса;
  • бурун пардевори сезиларли даражада қийшайса;
  • бемор қаттиқ хуррак отишга одатланса;
  • таъм ва ҳид билиш сезгилари тикланмаса, мутахассислар полипни олиб ташлашга доир жарроҳлик амалиётини ўтказишади.

Режали операция санаси бемор тўлиқ тиббий текширувлардан ўтиб бўлиб, сурункали касалликлар хуружи ёки организмдаги бошқа ўзгаришлар мавжудлиги истисно этилганидагина тайинланади.

Ҳозирга келиб бурун полиплари полипотомия (амалиётнинг афзаллиги бир маротабасида бир нечта ўсимтани олиб ташлаш имкони бор), эндоскопик жарроҳлик, шейвер ёки микродебридер қурилмаларида ва лазер нури ёрдамида даволанмокда.

Операция ўтгач, бемор узоқ мудцатли топик кортикостероид препаратлардан фойдаланади. Амалиётдан кейинги организмнинг тикланиш палласида шифокор бурун бўшлиғи маҳаллий иммунитетини оширувчи воситаларни буюриши мумкин. Бемордан талаб этиладигани белгиланган муддатга қадар муолажани олиб бориш. «Нафас ололяпман, бурним битмаяпти, соғлигим ҳам жойида», дея даволаш чораларини ташлаб қўйиш касалликнинг қайталаниш эҳтимолини оширади. Шунингдек, сўраб-суриштирмай томчидорилар, суртма ва халқона усулларни синаб кўриш ҳдм ўсимтанинг қайта ҳосил бўлишига хизмат қилиши мумкин.

Бир маротаба полип билан оғридингизми, эҳтиётингизни қилинг-да, грипп, тумов ва инфекциялардан ҳимояланинг. Унутманг, бурун бўшлиғи касалликлари томоқ бодомча безлари, қулоқ ва бошга асорат беради. Шунингдек, нафас йўллари касалликлари, бошқа аъзоларда ўсма пайдо бўлиши каби ёндош хасталиклар қўшилиши мумкин.

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш