1 Марта Всемирный день иммунитета. осталось: 1 кун!
4 Марта Всемирный день борьбы против туберкулеза. осталось: 4 куни!
ru uz
Бекларнинг хавфли, асоратли ва хоҳишни сўндирувчи касалликлари...

Аёл жинсий аъзолларидаги яллиғланиш сурункали тус олса, яқинлик вақти оғриқ, ажралма миқдорининг ортиши каби нохушликларнинг кузатилишидан хабарингиз бор. Буни қарангки, кучли жинс вакиллари ҳам бу каби безовталиклардан холи эмас эканлар. Хусусан, нозик муносабатларда хоҳишнинг йуқолиши ҳам маълум касалликлар эвазига юз беради. Агар сўнгги кунларда жуфтингизнинг ўзгариб қолгани-ю сизга нисбатан қизиқиши сўниб бораётганидан шубҳада бўлсангиз, мавзумизга диққат қилинг. Эҳтимол бегингизни қийнаган муаммо тамоман бошқадир...  

Асосий бешлик!
Эркак жинсий хоҳишининг йўқолишига олиб келувчи омиллардан асосийлари — нотўғри овқатланиш, ортиқча вазн, ёшга доир ўзгаришлар, стресс ва спиртли ичимликларга ружу қўйишдир. Буларнинг барини кундалик турмуш тарзини тартибга келтириш ёрдамида бартараф этиш мумкин. Aммo гап касалликлар ҳақида борганда мутаҳассис кўмагига таянишдан ўзга чора қолмайди.

Неврологик ўзгаришлар
Бош ва орқа мия фаолиятига дахл  қилувчи айрим касалликлар ҳам жинсий қувватнинг заифлашувига олиб келиши мумкин. Жумладан:
- эпилепсия;
- бош мияда қон айланишининг бузилиши;
- тарқоқ склерознинг айрим турлари;
- аутоиммун ва тизимли хасталиклар;
- кичик тос аъзоси жароҳатлари.
Шу билан бирга, психологик ҳолатларни хам унутмаслик лозим. Стресс, депрессия, тез-тез асабийлашиш нафақат эркакда жинсий майлнинг йўқолиши, балки мия фаолиятида ҳам сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлади.
Нима қилиш керак? Агар муаммо руҳий ўзгаришлар билан боғлиқ бўлса, тинчлантирувчи воситаларга мурожаат қилган маъқул. Аммо бундан аввал терапевт ва невролог кўриги, бош мия текшируви амалга оширипиши лозим.

Гормонларнинг издан чиқиши
Айрим ташқи омилларнинг таъсири ҳамда ички касалликлар асоратида эндокрин тизим фаолиятида бузилиш рўй берса, тухумдонда ишлаб чиқариладиган жинсий гормонлар мувозанати ўзгаради. Бу, айниқса, тестостерон ишлаб чиқарилишига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Биласиз, мазкур гормон эркакда жинсий майлнинг ҳосил бўлиши ҳамда ҳиссиётларнинг қўзғалиши учун жавобгардир. Гормонал ҳолатнинг издан чиққанини ўз ҳолича қолдириб бўлмайди. Эрекциянинг сустлашиши бора-бора янада жиддий муаммоларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. 
Нима қилиш керак? Шифокор-эндокринолог кўриги, гормонлар ҳолатига баҳо бериш учун қон таҳлили ҳамда зарур муолажа - шу тариқа муаммонинг ечимини топиш мумкин. Бошдаги тез-тез йўқлаб тураётган оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, куз олдининг қоронғилашиши бирор касаллик аломати бўлиши мумкин. Бегингиз тиш- тирноғи билан қарши бўлса ҳам, оғриқсизлантирувчи препаратлар билан ҳаловат топишига қўйиб берманг.

Чов чурраси ҳам сабабми?
Оғир жисмоний меҳнат, ошқозон-ичак тизими фаолиятининг бузилиши, қовуқни узоқ вақт бўшатмаслик, қориндаги ички жароҳатлар, қорин мушакларининг сустлиги эркакларда чов чуррасини юзага келтириши мумкин. Чов каналининг кенгайиши ичаклар, сийдик қопи ва эркаклик қувватининг заифлашувига таъсир кўрсатади. Теридан ташқарига бўртиб чиққан кичик дўнглик пешоб ажратиш вақти безовта қилиши, оғриқ бериши мумкин. Хавфли томони ўз вақтида эътибор қилинмаса, чурра катталашиши, сўнг организмга катта талафот етказиши эҳтимоли бор.
Нима қилиш керак? Уролог ва хирург-шифокорлар кўригидан сўнг зарур таҳлиллар ўтказилиб, чов чуррасининг жарроҳлик амалиёти бажарилади. Ҳозирда чов чурраси лапароскопия усулида муолажа қилинмоқда. Илғор технологиялар ёрдамида амалга оширилаётган операция асоратсиз бўлиб, бемор қисқа фурсатларда кундалик ҳаёт тарзига қайтиши мумкин.

Қон босими юқори бўлса...
Гипертонияга чалинган эркакарнинг аксариятида жинсий хоҳишнинг сўниб бориши кузатила. Ҳамма айб қон босимининг «сакрашида»ми дерсиз? Ҳақсиз, асосий муаммо ҳам шу. Артериал қон босимининг бузилиши жинсий аъзоларда қон айланишига ҳам дахл қилади. Бу эса эркаклик қувватининг заифлашувини келтириб чиқариши мумкин. Нима қилиш керак? Аввало гипертониянинг муолажаси учун тавсия этилган дори воситаларини ўз вақтида қабул қилиш лозим. Жисмоний тарбия, пиёда сайр қилиш, танани зўриқтирмаслик, стресс ҳолатларидан сақланиш ҳам фойдадан ҳоли эмас.

Қандли диабет ҳам рўйҳатда
Маълумотларга кўра, қонда қанд миқдорининг ортиши эркаклик қувватига ножўя таъсир кўрсатиб, асабийлик, жиззакиликни пайдо қилади. Нима қилиш керак? Ўз вақтида зарур дори препаратларини қабул қилиши, парҳез ва кун тартибига риоя этишини назоратга олинг. Инжиқ касаллик салгина эҳтиётсизлик сабаб ҳам бош кўтаради.

Ҳаёт сифатининг бузилиши
Простата безининг яллиғланиши билан кечадиган, ўткир ва сурункали кўринишдаги простатит хасталиги эркакнинг хаёт сифатига жиддий таъсир кўрсатиши сир эмас. Ҳар нарсада билимдон бўлган беклар соғлиғидаги ўзгаришларга парво қилишмайди-да, хасталик асоратлари юзага чиқа бошлагач, шифокор ҳузурига йўл олишади. Простатит шунчалик хавфлими, дерсиз. Муболағасиз ха! Тез-тез ҳожатга қатнаш, тунги маҳал пешоб ажратиш истагининг ортиши, чов ва бел соҳасида оғриқларга бора-бора жинсий яқинлик истагининг йўқолиши ҳам қўшилади.
Нима қилиш керак? Уролог-шифокор буюрган антибактериал ва бошқа зарурий дори воситалари, шунингдек, физиотерапевтик муолажалар ёрдамида даволанилса, муолажадан сўнг совқотиш, оёқдан зах ўтиши кабиларнинг эҳтиёти қилинса, хасталик қайталанмайди.

Простата аденомаси
Катталашган аденома бези сийдик йўлини тўсиб қўяди. Сўнг буйрак етишмовчилиги, пешоб суюқлиги чўкмалари ҳисобига сийдик қопчасида тош йиғилиши ва санчиқли оғриқлар келиб чиқади. Бу пайтда жинсий яқинлик масаласи ўз-ўзидан иккинчи ўринга тушиб қолиши табиий.

Нима қилиш керак? Пешоб ажратишнинг қийинлашуви, сийдикнинг тутилиб қолиши, чов, мояк халтаси ва оралиқда оғриқ сезилишининг давосини фақат малакали мутаҳассисгина ташхислаб, тўғри муолажани буюриши мумкин. Агар аденома бези кичик ўлчамда бўлса, дори воситалари ёрдамида муолажа қилинади. Бордию без ўлчами катталашса, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин.

Варикоцеле
Номи таниш касаллик фақат ўсмирларда учрайди, деб ўйласангиз адашасиз. Ўрта ёшли эркаклар ҳам варикоцеледан ҳимояланган эмаслар. Қон-томирларининг туғма заифлиги, мояк халтаси ва кичик тос томирларида қон босимининг юқори бўлиши (қаттиқ кучаниш, оғир юк кўтариш сабаб келиб чиқади) оқибатида келиб чиқадиган касалликда ёрғоқлардаги вена томирлари ўз ишини бажара олмай қолади. Натижада эса қон айланиши секинлашади. Бу эса қон-томирларининг
катталашишига олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Нима қилиш керак? Эркаклик қувватининг пасайишига таъсир кўрсатувчи варикоцеле фарзанд кўришни режалаштираётган жуфтликлар учун муаммо бўлиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса мутаҳассис кўрсатмаларига амал қилиш, консерватив ҳамда жарроҳлик амалиёти сингари муолажалардан хавфсирамаслик лозим.

Уретритга бефарқ бўлманг!
Жинсий алоқа вақтида юқадиган касалликлар, буйрак-тош хас¬талиги, юқумли инфекциялар, аллергия, бактериялар ва сийдик каналига таъсир этувчи жароҳатлар уретрит, яъни эркакларда пешоб каналининг яллиғланишини пайдо қилиши мумкин.
Нима қилиш керак? Хасталик ўтказиб юборилганида, сийдик йўлидан йиринг ёки қон аралаш суюқлик келиши мумкин. Эътиборсизлик қилинганида эса инфекциялар эркакдан аёлга юқади. Яллиғланиш эркакнинг ҳаёт сифатига ножўя таъсир кўрсатади. Бу вақтда шифокор маслаҳати
билан антибактериал ва консерватив даво чораларига аҳамият берилиши айни муддао.

Умр йўлдошингизнинг авзойига қараб фол очишга устасиз, биламиз. Кўпинча «Мени назарга илмай қўйди», «ўзгариб қолган», «Бошқасини топиб олган», дея гумон қиласиз-у, «Балки соғлиғида бирор муаммоси бордир, айтгиси келмаётгандир», деб ўйламайсиз.
Ёрингизнинг кўнглига қўл солиб кўринг, эҳтимол дардини сизга билдирмай, ўз ёғида қовурилиб юргандир. Жуфтингизни асранг, зеро соғлиқ ҳар нарсадан устун!

Орқага Чоп этиш