Тузилиши қандай?
Чаноқ ва сон суякларидан иборат чаноқ-сон бўғими энг катта ва йирик бўғим ҳисобланади. Болалик ва ўсмирлик даврларида чаноқ суяги: ёнбош, ўтирғич ҳамда қов суякларидан иборат бўлса, ўспиринлик ёшига етганида учала суяк куймич косачасида бирлашади. Чаноқ-сон суягини ҳаракатлантирувчи мушакларнинг бир қисми чаноқда, иккинчи қисми сон суягида бирлашади.
Хасталикнинг келиб чиқиши
Чаноқ-сон бўғимини касалланиши туғма ва орттирилган кўринишларда учрайди. Tyғмa шакли, сон суяги бошчасининг тўлиқ чиқиши ёхуд чаноқ-сон бўғими дисплазияси билан характерланади.
Чаноқ-сон бўғими дисплазияси - тўқималарнинг нотўғри ривожланиши деганидир. Чаноқ-сон бўғими косачасининг нотўғри шаклланиши, сон бошчасини чаноқ косачасига тулиқ кирмаслиги, сон бошчасининг нотўғри ривожланиши дисплазияга олиб келади. Ҳисоб-китобларга кўра, хасталикнинг болаларда учраши еттита қиз ва битта ўғил болага тўғри келади. Дисплазия кейинчалик диспластик коксартрозга олиб келиши мумкин.
Артроз - бўғимни шакллантирувчи тўқималар ривожланишининг бузилиши оқибатида пайдо бўлади. Меъёрий ҳолатда бўғимдаги тоғай юзалари, бойламлари, қопчасида доимий янгиланиш жараёни содир бўлади, аммо бу бизга сезилмайди. Ёшга доир ўзгаришлар одатий регенерация ҳодисасига таъсир кўрсатиб дегенерацияга йўл очади. Натижада, тоғай юзалари, косачаларида эрозия (яралар) пайдо бўлади. Яралар кенгайиб, тоғай тагида жойлашган ғовак суяк (субхондрал суяк)ларда ўзгариш чақиради ва шу жой очилиб қолади.
Бундан суяклардаги нерв толалари зиён кўради ва оғриқ келиб чиқади. Ўзгариш нафақат тоғайда, балки бойламлар, синовиал пардада ҳам юзага келиши мумкин ва у катталашгани сайин оғриқ ҳам зўрайиб бораверади.
Чаноқ-сон бўғимининг касалланиши коксартроз, тизза бўғиминики эса гонартроз, дейилади.
Идиопатик коксартроз - гепатит билан оғриган, сезиларли даражада гормонал муолажа олган беморларда хасталикнинг келиб чиқиши айни шу омиллар билан тахмин қилинади.
Айрим ҳолларда эса чаноқ-сон буғими косачасининг емирилиши сабаби аниқланмай, номаълумлигича қолади.
Посттравматик коксартроз — шикастланишнинг асорати сифатида келиб чиқувчи безовталик. Бунда бемор автомобиль ҳалокатига учраган, баландликдан сакраган, оғир юк кўтарган ёки йиқилиб тушган бўлиши мумкин.
Бехтерев, спондилоартит, ревматоид артрит, тизимли қизил бўрича касалликлари асоратида ҳам чаноқ-сон бўғими касалланиши мумкин.
Тафовут борми?
Чаноқ-сон бўғими касалланишининг эркак ва аёллар ўртасида қайд этилиши кичик фарқ билан бўлса ҳам тафовут қилинади. Аёлларда кўпроқ диспластик коксартроз кузатилади. Идиопатик, посттравматик турлари эса нисбатан кам. Эркакларда эса аксинча, шикастланиш сабаб келиб чиқадиган тури кўпроқ учрайди.
Безовталикнинг белгиси...
...оғриқ ва ҳаракатнинг чекланишидир! Бўкса бўғими ёки чаноқ-сон бўғимининг букилиши, оёқнинг ташқарига очилиши, тиззаларни буккан ҳолатда танага яқинлаштириш, оёқ панжасини айланма ҳаракатлантиришда маълум чекловлар кузатилиши мумкин. Безовталик бир неча маротаба қайталандими, оғриқсизлантирувчи препаратлардан воз кечиб, шифокор кўригига бориш лозим.
Давоси операциями?
Артрозлар тўрт ҳил даражага бўлинган. Биринчи ва иккинчи даражадаги артроз бошланғич ўзгаришлар ҳисобланиб, дори-дармонлар ёрдамида даволанди. Бунда асосан чаноқ-сон бўғим соҳасидаги қон айланишини яхшиловчи, бўғим тоғайини озиқлантирувчи, яллиғланишга қарши ва оғриксизлантирувчи препаратлар, гель ва суртмалар ҳамда комплекс витаминлар буюрилади.
Оёқни ҳаракатлантириш сезиларли даражада чекланса, оёқда калталик пайдо бўлса, бемор оқсоқланиб юра бошласа, шифокор рентген ҳамда бошқа турдаги зарур текширувларни ўтказиб, ташҳис қўяди. Агар бу коксартрознинг учинчи ё тўртинчи даражаси бўлса, беморга эндопротезлаш амалиёти тавсия этилади. Мазкур операциянинг соддароқ изоҳи — шикастланган бўғимни сунъийси билан алмаштиришдир.
Эндопротез нима дегани?
Бўғим ичкарисига қўйиладиган протез тури айнан шу ном билан юритилади. Қўл-оёқ ампутацияси ўтказилганида қўлланиладиган протез эса экзоигопротездир.
Эндопротез маҳсус тиббиёт метали титан қоришмасидан таркиб топган. Протез бўғим шаклини такрорлайди, маҳкамланганидан сўнг оёқни ҳаракатлантиришда ҳеч қандай муаммо кузатилмайди. Ориқ ҳам йўқолади. Протезнинг чаноқ қисми ичидаги ёстиқча полиэтилен ёки керамикадан, сон бошчаси пўлат ёхуд керамика, оёқча қисми эса титан қоришмасидан тайёрланади. Эндопротез бўғим механикасини тўлиқ қайтаради.
Дунё бўйича эндопротез амалиёти 15 йил муддатга кафолатланади. Белгиланган вақт ўтганидан сўнг протезни алмаштириш зарурияти пайдо бўлиши мумкин. Бироқ, бунинг акси ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар бемор тиббий маданиятга эга бўлса, соғлиғига эътибор қаратса, амалиёт мазмун-моҳиятини чуқур англаб етолса, протез 15 йилдан ҳам зиёдроққа етади. Шифокорлар сунъий протез қўйилгач, бемор бир қанча шартларга риоя қилиши кераклигини таъкидлашади. Хусусан: оғир юк кўтармаслик, баландликдан сакрамаслик, турли ҳарактердаги шикастланишлардан эҳтиёт бўлиш, тана вазнининг меъёрдан ортмаслиги, шамоллашдан сақланиш, спорт машғулотлари билан шуғулланганда бўғимга зўриқиш тушишидан ҳимояланиш, замонавий кўринишдаги ҳожатхона ускунаси (полга жойлаштирилгани эмас!)дан фойдаланиш мукиндир.
Тайёргарлик қандай кечади?
Бемор шифохонага ётқизилди дейлик, қачон ва қандай тайёргарлик чорапари бажарилгач, амалиётга изн берилади? Мутахассислар фикрича, операция ўтказилиши учун беморнинг юраги, буйракпари, артериал қон босими, қонда қанд миқдорининг кўрсаткичи меъёрда
бўлиб, у шамоллаш, аллергия ёки турли хилдаги тошмалардан ҳоли бўлиши шарт. Борди-ю, бемор соғлиғида бирор ўзгариш борлиги аниқланса, у аввал тор доирадаги шифокорлар кўригидан ўтиб, сўнг протезлаш амалиётига йўналтирилади. Операция учун бир-икки ҳафталик тайёргарлик шарт эмас, беморнинг соғлиғидан шикояти йўқ бўлса, шифохонага ётқизилган куннинг эртасига жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин.
Икки соат мобайнида бемордан қон олиниб, умумий ва биокимёвий қон таҳлили ўтказилади, суякнинг мўртлик даражаси кўрилади ҳамда электрокардиограмма текшируви бажарилади. Терапевт ва кардиолог шифокорлар кўриги операцияга монелик қилувчи ҳолатларни кўрсатмаса, бемор анестезиолог текширувидан ўтади. Барча кўрсаткичлар меъёрда дея баҳолангач, кечқурун бемор ювинтирилади, ҳуқна ўтказилиб, тинчлантирувчи препаратлар қабул қилиши назорат қилинади. Операциядан олдин бемор ҳеч нима истеъмол қилмаслиги керак.
Организм протезга осон кўникадими?
Одатда, сунъий бўғим билан муаммо бўлмайди. Бироқ айрим ҳолларда бемор бир неча кун безовталаниши, тана ҳароратининг кўтарилишидан азият чекиши мумкин. Бунда шифокорлар иситма чиқиши яранинг ўзига боғлиқ ҳодисами ёки эндопротезга нисбатан умумий реакциями, текширишади. Борди-ю, яранинг ўзида яллиғланиш мавжуд бўлса, тана ҳарорати юқорилаши мумкин. Хорижий мамлакатларда эндопротез амалиётининг тўртинчи куни беморга уйга қайтиши учун рухсат берилади. Бизда эса бемор токи оёққа туриб, яра иплари олиниб, қадам ташлашни бошламагунича шифокор назоратида бўлиб туради. Бу умумий ҳисобда 14 кунни ташкил этади.
Ҳар қандай турдаги операция организм учун маълум маънода агрессиядир. Амалиёт вақти безовталик бўлмаса-да, операциядан кейинги учинчи-тўртинчи суткаларда ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Шунинг учун амалиётдан кейинги реабилитация муҳим саналади.
Организмнинг сунъий бўғимга кўникиши қийин кечса, маҳсус препаратлар ёрдамида бунинг ҳам чораси кўрилади.
Пазҳез шартми?
Йўқ! Эндопротезлаш амалиётидан сўнг қатъий тартибда белгиланган парҳез буюрилмайди. Қабзият келиб чиқмаслиги учун истеъмол маҳсулотларининг тўғри танланишига аҳамият берилса бўлгани.
Жисмоний машқлар керакми?
Бўғим зўриқишига олиб келадиган машғулотлар тавсия этилмайди. Пиёда сайр қилиш, ётган ҳолатда «велосипед» машқини бажариш мумкин, аммо кескин ва фаол жисмоний ҳаракатларни талаб қилувчи ҳолатлардан сақланган маъкул.
Мавсумга қараладими ёки?
Айрим турдаги операциялар жазирамада ўтказилмайди, аммо эндопротезлаш бундан мустасно. Сунъий бўғим куйиш амалиёти қишда ҳам, ёзда ҳам амалга оширилади.
Манба: "Суғдиёна " газетаси