ru uz
Подагра бўғим ва буйракка зарба берса...

Организмда пешоб кислотасининг тўпланиши билан кечадиган буйрак ва бўғим касаллиги, бу - подаградир. Хасталик бўғимларда пешоб кислотаси тузларининг йиғилиши билан намоён бўлади. Ўз вақтида муолажа қилинмаса, подагра буйрак тош ҳасталигини келтириб чиқариши, асорати сифатида эса оёқ бўғимларида сурункали оғриқ сақланиб қолиши мумкин. Бугунга келиб подагра билан оғриган беморлар сони Ер юзида 2 фоизни ташкил этади. Касаллик аёлларга қараганда эркаклар орасида нисбатан кўпроқ қайд этилади. Сизнингча, бунинг сабаби нимада? Мавзу юзасидан атрофлича фикр юритамиз.

Ёшнинг аҳамияти борми?

Подагра эркаклар саломатлигига анча эртароқ хавф солади, илк аломатлари 40 ёшдан сўнг намоён бўлиши мумкин. Аёлларда эса менопауза даврига қадар касаллик белгилари кузатилмайди, негаки, эстроген гормони пешоб кислотасининг организмдан чиқиб кетишини таъминлайди. Англаганингиздек, подагра юзага келса ҳам, у 55 ёшдан сўнг бошланиши мумкин.

Кичик ёшдаги болалар ва ўсмирлар ўртасида подагра билан хасталаниш ҳолатлари деярли мавжуд эмас.

Оёқ бармоқларини эҳтиёт қилинг!

Пешоб кислота­сининг тўпланиши сабаб ҳосил бўлган чўкма аста-секин қонга ўтади. Натижада, ички аъзолар ҳамда бўгимлар пе­шоб кислотаси кристаллари билан зарарланади. Бўғимлар ич-ичидан қисман ёки тўлиқ шикастланиши мумкин. По­дагра дастлаб оёқ панжаси, кафти, бармоқлар, тирсак ва тизза бўғимларига зарба беради. Қадам ташлаш вақти оёқда қўзғаладиган кучли оғриқ шундан.

Ўз вақтида ташхисланиб, даво чоралари бошланмас экан, касаллик соғлом бўғимларни зарарлаб бораверади. Якуний нуқта эса буйраклардир. Хасталик кам ҳолларда сурункали тус олса-да, муолажа ниҳоясига етказилмаса, қайталанувчи хуружлар эҳтимоли пайдо бўлади.

Касаллик асосан тўрт босқичда ривожланади. Булар:

  • симптомларсиз кечадиган давр;
  • ўткир подагратик артрит;
  • кризис даври ўртасидаги ҳолат;
  • бўғимларда сурункали подагра асоратининг сақланиб қолиши.

Мабодо, буйракларингиз оғримаяптими?

Подагранинг келиб чиқиш сабаби иккита, организм кўп миқдорда пешоб кислотасини ишлаб чиқара бошлайди, буйраклар эса уларни ташқарига ҳайдашга улгурмайди. Иккинчи ҳолат, организмда пешоб кислотасининг ишлаб чиқарилиши меъёрида, аммо буйракларнинг
функцияси бузилган.

Қуйидаги ҳолатларда подаграга мойиллик пайдо бўлиши мумкин:

  • артериал гипертония, гиперлипидемия, ортиқча тана вазни, буйрак етишмовчилиги, қандли диабет ва ошқозон ости бези касалликлари билан хасталаниш;
  • кўп миқдорда ва мунтазам гўшт, балиқ, ққўзиқорин, ловия ва нўхат, яъни оқсилга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш;
  • камҳаракат инсонлар ва жисмоний юкламадан қочадиганларда;
  • спиртли ичимликларни истеъмол қилувчилар, пивохурликни ёқтирадиганлар ҳам
    хавфли гуруҳга киритилади.

Тиббиётда подагранинг насл суриш эҳтимоли тилга олинади, аммо бу тўлиқ исботини топмаган. Агар ота-онанинг бири подагра билан оғриган бўлса, унинг фарзандларида ушбу касаллик кузатилади, дея аниқ ҳулоса қилиб бўлмайди. Ташқи таъсирлар туфайли организмда касалликка мойиллик келиб чиқса, подагра бўй кўрсатиши мумкин.

Ўткир ва сурункали

Тўйиб овқатлангач ва спиртли ичимликлар қабул қилинганидан сўнг юзага келадиган бўғим оғриқлари ўткир подагра хуружини англатиши мумкин. Шунингдек:

  • оёқ бўғимларида оғриқ қўзғалиши асосан тунда ва тонгга яқин кузатилади;
  • кундузлари деярли безовталик йўқ (аксарият беморларни айни шу ҳолат чалғитади);
  • бўғим яллиғланиши келиб чиқади, одатда бу оёқнинг бош бармоғида акс этади;
  • зарарланган бўғим шишади, териси қизаради, қўл билан пайпасланганда иссиқлик сезилади, тана ҳарорати кўтарилиши мумкин;
  • айрим ҳолларда кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, артериал қон босимининг ортиши ва иштаҳасизлик ҳам кузатилиши мумкин.

Илк касаллик хуружидан сўнг даво чоралари ўтказилмаса ва подагранинг авж олишига бепарволик қилинса, у сурункали турга ўтиши мумкин. Тиббиётда сурункали подагра тофуси дея аталувчи ҳодиса буй­раклар фаолиятининг тўлиқ бузилиши, буйрак тош касаллиги ҳамда подагратик нефритни келтириб чиқариши билан хавфли саналади.

 

Тугунлар нимаси бўлди?

Оёқ панжасида юзага келган оғриқни ҳар ким ўзича даволайди. Tўғри муолажа эса афсуски, энг сўнгида эсга келади. Ўтказиб юборилган касаллик подагратик тугунлар — тофусларни келтириб чиқаради. Сарғимтир кўринишдаги пешоб кислотаси тузлари таъсирида ҳосил бўлган тугунлар оёқ панжаси, қулоқ супраси, оёқнинг сон қисмида, болдир, пешана ва бурун пардевори тоғай қисмида учрайди. Тугунлар ёрилганида пешоб кислотаси тузининг оқимтир кристаллари кўзга ташланади ва бу жараён оғриқли кечади.

Организм тофусларни ёт жисм сифатида қабул қилади ва улар билан курашиш учун лейкоцитларни меъёридан кўп миқдорда ишлаб чиқара бошлайди. Бу эса яллиқланишни келтириб чиқаради.

Подагра кқп ҳолларда қандли диабет ва семизликка ҳамроқлик қилади.

Хуруж бошландими?

Зарарланган бўғимда оғриқ қўзғалдими, дарҳол ваҳима қилишга шошилманг! Дастлаб, оғриқ бераётган тана қисми, мисол учун, оёқ панжаси тагига ёстиқ қўйинг. Безовтапикни камайтиришда муз бўлаклари солинган халтача ёрдамида компресс ўтказиш мумкин. Кўпроқ суюқлик ичинг, газсиз сув, суюқ дамланган кук чой, кисель, компотлар, сут. Тановулга камроқ ypғy беринг, таомнома асоси суюқ овқатлардан ташкил топиши лозим.

Кимга мурожаат этилади?

Бўғимда юзага келган оғриқ ёхуд буйрак фаолиятидаги безовталиклар билан дастлаб терапевт-шифокор кўригига йўл оласиз. Сўнг ташхисни аниқлаштириш учун ревматолог мутахассис ҳулосаси талаб қилинади. Пешоб кислотаси миқдорини баҳолашда қоннинг биокимёвий таҳлили ўтказилади. Айрим ҳолларда бўғим функцияси бажарилиб, синовиал суюқлик диагностикаси амалга оширилади. Шунингдек, рентгенологик текширув ҳам тайинланиши мумкин.

Подагра муолажаси асосан иккита босқичда олиб борилади. Дастлаб, оғриқ хуружларини бартараф этишга қаратилган препаратлар гуруҳига мурожаат қилинади. Сўнг организмда моддалар алмашинувини яхшилашга эътибор қаратилади. Яллиғланишга қарши дори воситаларини ўз вақтида қабул қилиш ҳамда қатьий парҳез, албатта, кутилган натижани беради. Энг муҳими, жарроҳлик аралашувига ҳожат бўлмайди.

Ҳар бир бемор организмининг индивидуаллигидан келиб чиқиб, муолажа турли муддатларда давом этиши мумкин.

Олдини олиш мумкинми?

Подагра билан оғриган беморлар, ка­саллик қайталанмаслиги учун қуйидаги чораларга диққат қилишлари лозим:

  • сузиш билан шуғулланинг, бўғимлар учун ғоят фойдали машқ;
  • велосипед мининг;
  • вақтивақти билан пиёда юринг;
  • қулай пойабзал кийинг (оёқни сиқмасин);
  • бўғимлар гимнастикасини ўрганиб олингда, мунтазам бажариб боринг;
  • иссиқ кунларда ўтўланлар устида оёқяланг юриш фойдалидир;
  • ҳафтасига бир марта гўштсиз (балиқсиз) кунларни ташкиллаштиринг, кун давомида фақат сабзавотли салат ва бўтқалар истеъмол қилинади;
  • тамаки чекишни ташланг, агар кашандалар сафида бўлсангиз, албатта;
  • қора чой, қаҳва ва какаодан воз кечинг.

Парҳез шарти шуки...

... кун давомида тўрт маҳал, оз-оздан таомланилади, ейилган луқмани яхшилаб чайнаб, сўнг ютиш даркор. Тўйиб овқатланиш ман этилади. 1,5 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичиш эса айни муддаодир. Касаллик хуружларида суюқдик миқдорини кўпайтириш мумкин.

Таомномага киритинг:

  • буғда пиширилган таом ва егуликлар;
  • сабзавотли ва сутли бўтқалар, сутқатиқ маҳсулотлари;
  • товуқ, курка ва қуён гўшти;
  • парранда тухуми;
  • пишлоқ ва творогнинг ёғсиз турлари, макарон;
  • сабзавотлар карам, сабзи, картошка, бодринг, қовоқча, бақлажон;
  • оз миқдорда мева мураббоси, мармелад, зефир ва шоколадсиз конфетлар;
  • барча турдаги ёнғоқлар;
  • наъматак дамламаси, газсиз сув, компот, кўк чой;
  • мевалар — олма, нок, олхўри, шафтоли, цитруслар.

Нон тури бўйича чеклов йўқ.

Рационда чекланг:

  • консерва, дудланган ва гўшт маҳсулотлари;
  • балиқ увилдириғи, дудланган балиқ гўшти;
  • дуккаклилар ясмиқ дони, нўхат, ловия;
  • соя соуси;
  • спиртли ичимликлар, пиво;
  • зираворлар, хантал, аччиқ қалампир;
  • шоколад, кремли торт ва пирожнийлар;
  • маймунжон, анжир, узум;
  • аччиқ ва шўр егуликлар, шўр таъмли пишлоқ.

Шифокор буюрган парҳезга муолажа даврида амал қилинади. Бемор соғайгач, аста-секинлик билан овқатланиш рационига тақиқланган маҳсулотларни киритиб бориши мумкин, аммо бу бирданига юз бермайди. Яхшиси, даволаш чоралари якунига етгач, ярим-бир йил давомида парҳезни давом эттирган маъқул.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш