7 Апреля Всемирный день здоровья. осталось: 1 кун!
ru uz
Лимфа тугунининг яллиғланиши саратон белгисими?

Организм иммун хужайралари (лимфоцитлар)нинг тизимланувчи манзил-макони бу лимфа тугунларидир. Тананинг ҳар бир қисмида жойлашган лимфа тугунининг ўз вазифаси бор. Эркакларда қорин бўшлиғининг пасти, сон қисмининг бошланиш соҳасида қон томир артериялари, чов ва уруғ ажратиш каналлари жойлашган. Улар човдаги лимфа тугунлари, чов ва оёқлардаги лимфа томирларининг бактерия ва инфекциялардан холи бўлишини таъминлайди.
Борди-ю, микроорганизмларнинг таъсири келиб чиқса, бу тизим инфекция ва яллиғланиш билан курашиш учун ҳимояни кучайтиради. Натижада, лимфа тугунида шиш кузатилиши мумкин. Ёт моддалар ҳамиша ҳам асосий сабабчилар бўлавермайди, лимфа тугуни хасталанишининг янада жиддийроқ омиллари ҳам борки, уларни эътибордан четда қолдириш асло мумкин эмас!

Инфекция ўчоғи қаерда?

Чов лимфа тугунларининг зарарланиши қуйидаги ҳолатлар сабаб келиб чиқади:

  • аллергик таъсирлар;
  • оёқ ва тос аъзосидаги инфекция чақирувчи йирингли яралар;
  • пай ва мушакларнинг чўзилиши;
  • жинсий йўл орқали юқувчи инфекциялар;
  • тухумдон саратони;
  • буйрак-тош касалликлари;
  • липома;
  • чурра хасталиги.

Шунингдек, лимфа тугунларининг яллиғланиши стафилококк, стрептококк, диплококк, ичак таёқчалари, венерик касалликларни келтириб чиқарувчи микроблар таъсирида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Чов лимфа тугунининг катталашиши иммун тизими учун ҳақиқий синовдир. Айнан ушбу ҳолат организмнинг ҳимоя тизими суст ёки мустаҳкам эканлигини кўрсата олади.

Тиббий кўрик

Ўзгаришлар мавжудлигининг бирламчи белгиси катталашган лимфа тугуни ҳисобланса-да, семизликка мойил кишиларда ёғ қаватининг қалинлиги тугуннинг жойлашувини аниқлашда қийинчилик туғдиради. Аниқ ташхис умумий қон таҳлили (лейкоцитлар микдори ҳамда эритроцитларнинг ёпишиш тезлиги) хулосасидан сўнг қўйилади. Зарур ҳолларда шифокор биопсия таҳлилини буюради. Бу ўсма касалликпарини инкор этиш учун бажариладиган текширувдир. Чов чуррасини аниқлашда эса УТТ ўтказилади. Чуррани ўз вақгида фош этиш перитонит каби ўта жиддий хасталикнинг олдини олишда ғоят муҳим саналади.

Оператив давоми ёки консерватив

Хасталикка олиб келган омил аниқлангач, муолажа тури белгиланади. Аксар ҳолларда антибиотикларга мурожаат этилади. Шу билан бирга, физиомуолажа, электрофорез, оғриқни камайтириш мақсадида ультратовуш тўлқинини йўналтириш, суртмалар қўлланилиши мумкин. Агар лимфа тугунида йирингли ўчоқ мавжуд бўлса, кичик жарроҳлик амалиёти бажарилади. Биопсия таҳлили хавфсиз ўсмага ишора қилса, нур ва кимё муолажаси белгиланади.

Олдини олиш мумкинми?

Ҳа! Бунинг учун шахсий гигиена қоидаларига эътиборли бўлиш, танадаги кичик жароҳатларни ҳам кўздан қочирмаслик ва иммунитетни чиниқтириб бориш зарур. Шунингдек, стресс ҳолатларидан сақланиш, зарарли одатлардан воз кечиш ҳам асосий шартлар қаторидан жой олади.

Чов лимфа тугунининг катталашиши — қайталанувчи касаллик. Борди-ю, даво чоралари ниҳоясига етказилмаса, хасталик сурункали тус олиши, салгина шамоллаш таъсирида ҳам лимфа тугунларининг шишиб қолиши эҳтимоли йўқ эмас.

Оғриқ касаллик аломатими?

Лимфа тугунининг катталашиши асосий аломатлардан бири бўлса-да, саратон белгиси сифатида қаралиши учун асос эмас. Негаки, лимфа тугун саратонида тугун ўлчами ўзгаради-ю, аммо яллиғланиш жараёни кузатилмайди. Чов лимфа тугуни хасталигининг яққол белгилари эса қуйидагилардир:

  • қўл билан пайпаслаганда ёхуд нотўғри ётиб қолганда лимфа тугунида оғриқ қўзғалиши;
  • зарарланган лимфа тугуни терисининг ёрқин қизил тусга кириши;
  • ўқтин-ўқтин тана ҳароратининг кўтарилиши;
  • жисмоний ҳаракатлар бажарилганида, ҳатто, қадам ташланганида ҳам чов соҳасида ёқимсиз безовталик кузатилиши.

Касаллик аломатлари сезилиши ҳамон шифокор кўригини кечиктирмаслик зарур. Чунки лимфа тугунининг маълум қисмида юзага келган яллиғланиш кўп ўтмай бутун тизим бўйлаб тарқалиши ҳам ҳеч гап эмас.

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш