Тиббиёт соҳасида “энцефалопатия” тушунчаси ёрдамида яллиғланиш билан боғлиқ бўлмаган, турли хил этиология (касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва ривожланиш хусусиятлари)га эга ва айни вақтда бош миянинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хасталиклар гуруҳини ифодалашади.
Мутахассислар туғма ва орттирилган энцефалопатияни фарқлашади. Касалликнинг туғма шакли ҳомиладорликнинг перинатал давридан (28 ҳафтадан) бошлаб гўдак туғилганидан кейинги биринчи ҳафтагача аниқланиши мумкин. Бу даврда касаллик ривожланишидан дарак берувчи патологик аломатлар ҳомиладорлик вақтида кислород етишмаслиги, туғруқ вақтида юз берадиган турли хил жароҳатлар оқибатида пайдо бўлади.
Энцефалопатиянинг ривожланиши эҳтимолини юзага келтириши мумкин бўлган омиллар орасида асосан қуйидагилар эътироф этилади:
· ҳомиладорлик даврида онанинг касалликка чалиниши;
· турли асоратлар билан кечган туғруқ жараёни;
· вақтидан илгари туғиш;
· ҳомила вазнининг ҳаддан ташқари катталиги;
· ҳомила бўйнига киндикнинг ўралиб қолиши;
· қандайдир сабабларга кўра оғир кечадиган туғруқ жараёни;
· нейроинфекция;
· ота-онанинг гиёҳванд бўлиши;
· жигар ва буйракларнинг оғир касалликлари;
· ишемия (бош миянинг сурункали равишда кислородга тўйинмаслиги);
· диабет (қандли диабет);
· қон томирлар тизимлари фаолиятининг издан чиқиши (бош мия ички босимининг ошиб кетиши, вегетатив – томир тизимларининг дистонияси);
· нурланиш;
· атеросклероз, гипертония, дисциркуляция, хафақон (гипертония) сабабли, қон тизимлари фаолиятидаги салбий ўзгаришлар).
Энцефалопатиянинг ривожланишига эътиборсизлик қилинса, энг аввало, бош мия фаолиятининг бузилиши юз беради. Нохуш оқибатлар ниҳоятда авж оладиган бўлса эпилепсия (тутқаноқ), церебрал фалажлик ва бошқа шу каби оғир касалликлар пайдо бўлиши эҳтимоли кучаяди.
Яхши мутахассис бўлган шифокор юқорида айтиб ўтилган шарт-шароитлар аниқланган вақтда “энцефалопатия” деган ташхисни жуда эрта қўйиши ва шунга мувофиқ тегишли даво муолажаларини тайинлаши мумкин.
Орттирилган энцефалопатия нисбатан кечроқ даврларда катта ёшли одамларда ҳам учрайди. Бу вазиятда турли хил инфекцион касалликларнинг асоратлари, интоксикация (организмнинг заҳарланиши), бош миянинг тузилмавий ва функционал ўзгаришлари, шикастланишлар ва хавфли ўсмаларнинг пайдо бўлиши каби шарт-шароитлар муҳим роль ўйнайди.
Шу нарсани таъкидлаб ўтмоқчимизки, энцефалопатиянинг клиник аломатлари ҳамиша ҳам яққол ифодаланмайди. Баъзи ҳолларда бу касаллик аста-секин ривожланиши мумкин. Ҳар ҳолда касалликнинг ривожланиб бораётганлигидан дарак берувчи бир қатор аломатлар бор. Яъни:
· бемор ҳаддан ташқари жиззаки, сержаҳл бўлиб қолади;
· одам жуда тез ҳолдан тояди;
· уни уйқусизлик қийнайди;
· беморни бош оғриғи безовта қилаверади;
· хотиранинг сусайиши аломатлари кузатилади;
· шунингдек, беморда ақлий фаолиятнинг бузилиши аломатлари кўзга ташланади;
· киши ўзининг ҳиссиётларини бошқара олмайди (ўта даражада таъсирчан бўлиб қолади);
· касал одам ҳеч бир асоссиз тажовузкорлик қилишга мойил бўлади;
· астения кузатилади.
Энцефалопатиянинг бош сабабчиси спиртли ичимликлар ёхуд бошқа хилдаги заҳарли хусусиятга эга моддалар туфайли заҳарланиш эканлиги маълум бўлса, бу ҳолатларда касаллик ўткир кечиши, беморда ўзига хос психозлар ва сурункали тус олиб ривожланишда давом этувчи турли хил асоратлар кузатилиши мумкин.
Таассуфки, тиббиёт соҳасида “перинатал энцефалопатия” деган нохуш ташхис аксарият ота-оналарнинг гўдакларига қўйилиши мумкин. Кўнглингизга рахна солмасдан шуни эътироф этмоқчимизки, бундай вазиятларда бирданига тушкунликка тушиш шарт эмас. Чунки, биринчидан, кўпгина ҳолларда шифокорларда бундай оғир ташхис қўйиш учун етарлича асос бўлмайди. Иккинчидан, ёш болаларнинг организми ниҳоятда мосланувчан бўлгани сабабли тез орада кайфиятингизни бузган барча клиник аломатларни бартараф этишга имконияти мавжуд.
Перинатал энцефалопатиянинг ривожланишига чек қўйиш учун энг аввало марказий асаб тизимининг фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган қуйидаги омилларни бартараф этиш керак:
· токсик таъсир кўрсатиши мумкин бўлган алкоголли ичимликларни ва турли хил наркотик моддаларни истеъмол қилмаслик;
· одам психикасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган турли хилдаги дори моддаларини истеъмол қилмаслик;
· инфекцион касалликларга чалинишнинг олдини олиш;
· ҳадеб руҳий зўриқиш (стресс) ҳолатларига тушиб қолишдан сақланиш;
Мутахассисларнинг таъкидлашича, перинатал энцефалопатиянинг ривожланишида инсон иродасига бўйсунмайдиган омиллар жумласига гипоксия, яъни бош миянинг кислород билан етарли даражада таъминланмаслигини киритиш лозим.
Перинатал энцефалопатияни даволаш муваффақиятли кечиши учун имкон қадар эртароқ шифокорларга мурожаат этиш зарур. Профилактика мақсадларида ёш ота-оналарга перинатал энцефалопатиянинг келиб чиқиш сабаблари, клиник аломатлари, нохуш оқибатлари ҳақида керакли маълумотларни етказиш тавсия этилади. Болангизда перинатал энцефалопатиянинг ривожланишидан дарак берувчи қуйидаги аломатларни сезган заҳоти мутахассис -шифокорга мурожаат қилишга ошиқинг:
· мушак таранглигининг бузилиши;
· тез-тез қусиш;
· гўдакларда бош лиқилдоғининг катталашиб кетиши;
· турли хилдаги таъсиротларга (масалан, чироқ нурига, товушларга) нисбатан вазиятга мос тарзда жавоб реакциясини билдирмаслик;
· терморегуляциянинг бузилиши ва ҳоказо.
Перинатал энцефалопатиянинг нохуш оқибатлари орасида ушбу дардга чалинган ёш болаларнинг руҳий, жисмоний ривожланишида кузатиладиган камчиликлар, бош мия фаолиятида кузатиладиган айрим камчиликларни (хусусан, диққат-эътиборнинг узоқ вақт давомида бир ерга жамлана олмаслиги, ҳаддан ортиқ тоқатсизлик), ички аъзоларнинг функционал фаолиятида кузатилиши мумкин бўладиган салбий ўзгаришларни, қолаверса, гидроцефалия (бош мия истисқоси)ни, эпилепсияни, церебрал фалажни айтиб ўтиш керак.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, аксарият ҳолларда “перинатал энцефалопатия” деган ташхис қўйилиши учун асослар етарли бўлмайди. Шу сабабдан турли хилдаги дори воситалари билан даволаниш оқибатида кутилмаганда оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бу хасталикни кимёвий препаратларсиз, масалан, шифокор-остеопатга мурожаат этиб даволаса ҳам бўлади.
Тиббиётда энцефалопатиянинг қуйидаги хиллари маълум:
· Вернике энцефалопатияси (озиқланишдаги камчиликлар туфайли юзага келади);
· токсик хусусиятли энцефалопатия;
· дисциркулятор энцефалопатия;
· узлуксиз ривожланишда давом этувчи, кўп ўчоқли лейкоэнцефалопатия;
· ривожланиши узоқ давом этувчи ва натижада қон-томир тизимини шикастловчи лейкоэнцефалопатия;
· гипертензия билан боғлиқ узлуксиз ривожланишда давом этувчи ва натижада қон-томир тизимини шикастловчи лейкоэнцефалопатия;
· гипертензив хусусиятга эга энцефалопатия;
Орттирилган энцефалопатиянинг клиник аломатлари турлича намоён бўлиши мумкин. Улар орасида қуйидагиларини алоҳида айтиб ўтмоқчимиз:
· хотиранинг йўқотилиши;
· вақти-вақти билан бемор ҳушини йўқотиши;
· журъатсизлик, лоқайдлик, ташаббуссизлик, ланжлик;
· бош оғриқлари;
· бош айланиши;
· депрессия (тушкунлик);
Одатда орттирилган энцефалопатияга чалинган беморлар жуда тез ҳолдан тойишади, серзарда бўлишади, диққат – эътибори тарқоқ, йиғлоқи, мадорсиз бўлиши билан бир вақтда яхши ухлай олмайдилар. Мутахассис кузатувига келган беморда фикрларнинг чалкашиб кетиши, ҳаддан ортиқ даражада сўзлаш (эзмалик), ташқи оламга нисбатан эътиборнинг сўниши, уйқучанлик ва бошқа шу каби аломатлар аниқланади.
Энцефалопатияга ташхис қўйиш учун қуйидаги усуллардан фойдаланишади:
· бўйин ва бош мия соҳасидаги қон томирларининг функционал фаолияти ва ҳолатини кузатиш;
· умуртқа поғонасининг бўйин қисмидан олинадиган функционал синамалар асосида бажариладиган ренгенография;
· бош мия соҳасини, шу жумладан, бош миядаги қон томирларининг ҳолатини аниқлаш мақсадида магнит-резонанс томографияси;
· умуртқа поғонасининг бўйин қисмини магнит-резонанс томографияси;
Юқорида айтиб ўтилган усуллар ёрдамида олинган маълумотлар шифокор-невропатологга топширилади. Диагностикани амалга ошириш жараёнида беморнинг неврологик, психологик ҳолатларини тиббий нуқтаи назардан ўрганиш, қон, пешоб, орқа миядан олинган суюқликларни, шунингдек, бош миянинг магнит-резонанс томографияси натижаларини таҳлил қилиш катта аҳамиятга эга.
Энцефалопатиянинг даволашда қуйидаги усуллардан фойдаланишади:
· турли хилдаги дори-дармонлар воситасида даволаш;
· метаболик, қон-томир тизимига таъсир кўрсатувчи ва антиоксидант терапия;
· блокадалар – шамоллаш (яллиғланиш) ўчоқларига инъекция қилиш;
· мануал терапия;
· остеопатия;
· физиотерапия;
· даволаш гимнастикаси;
· игна билан даволаш (рефлексотерапия);
· оператив йўл билан даволаш.
Юқорида айтиб ўтилган даволаш усуллари касалликнинг сабабларига, унинг ривожланиш даражасига, турли хил асоратларнинг бор-йўқлигига қараб қўлланилади. Даволовчи шифокор ҳар бир беморга ўзига хос тарзда ёндашиб даво муолажаларини тайинлаши даркор. Дори-дармонлар билан даволаш учун, албатта, касалликни келтириб чиқарган сабабларни, хасталикнинг ривожланиш даражасини, намоён бўлаётган белгиларини эътиборга олиш лозим.
Энцефалопатия одатда сурункали тарзда кечиши сабабли хасталикни дори-дармонлар билан даволаш вақтида дори- воситаларини вақти-вақти билан шифобахш гиёҳлар билан алмаштириб туриш мақсадга мувофиқ.
Табиий, яъни турли хил ўсимликлар ва бошқа табиий хусусиятга эга бўлган моддалар асосида тайёрланадиган дори-дармонларнинг қўлланилиши ушбу мақсадларга бўйсундирилган:
· бош мия соҳасидаги қон томирларида қон айланишини яхшилаш;
· асаб – мушак тизимларидаги ўтказувчанликни яхшилаш;
· асаб тузилмаларининг миелин қопламаларини тиклаш;
· холестерин алмашинувини меъёрлаштириш;
· бош мия соҳасидаги метаболизм жараёнларини яхшилаш;
Айтиб ўтилган маслаҳатларга қатъий амал қилинса, одамнинг сиҳат-саломатлигига путур етмайди, илгари амалга оширилган тиббий даво муолажаларининг самараси юқори бўлади. Қолаверса, ҳаётдан завқланиб яшаш учун ҳамма шарт-шароитлар мавжуд бўлади.